Хитой: Масжид ва интернет кафега борувчи кузатувдаги миллионлаб одамларнинг маълумотлари чиқиб кетди

уйғур Фото муаллифлик ҳуқуқи JOHANNES EISELE/AFP/Getty Images

Хитойда одамларни кузатишга ихтисослашган фирма асосан уйғурлар яшовчи Шинжонда 2,5 миллиондан ортиқ одамни таъқиб қилган. Уларнинг шахсий маълумотлари ва борган манзиллари ойлар давомида жамоатчилик учун очиқ бўлган. деб ёзади Reuters агентлиги.

GDI.Foundation нодавлат ташкилоти асосчиларидан голландиялик эксперт Виктор Геверс юзларни таниш технологияси эга Хитойнинг SenseNets Technology ширкатидаги маълумотлар ҳимояланмагани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзиб келган.

Одамларнинг исм-шарифи, шахсини тасдиқловчи ҳужжат рақамлари, туғилган санаси ва манзил маълумотлари Шинжонда жойлашган ширкат томонидан ойлар давомида ҳимоясиз қолдирилган.

Сиздирилган маълумотларда одамларнинг 24 соат ичида борган ва тўпланган тахминан 6,7 миллион манзил жойлари кўрсатилган. Уларга "масжид", "меҳмонхона", "интернет кафе" дея изоҳлар ёзилган.

Бундан ташқари кузатувчи ширкатнинг камералари ўрнатилган бошқа жойлардан ҳам таъқиб остидагиларнинг манзил маълумотларини топиш мумкин.

"Бу маълумотлар базаси буткул очиқ ва исталган одамда уни таҳрирлаш, ўзгартириш ҳуқуқлари бор. Сиз маълумотлар базасига бориб, истаган нарсангизни ёзишингиз, ўқишингиз, янгилашингиз ва ўчиришингиз мумкин", дейди Геверс.

Хитой ҳукумати Шинжон бўлгасидаги мусулмонлардан иборат уйғур, қозоқ, қирғиз каби этник озчиликларни оммавий ҳибсхоналарда ушлаши ва кузатиши ортидан халқаро жамоатчиликнинг қаршилигига учраб келмоқда.

SenseNets сайтида ёзилишича, ширкат Хитойдаги бир неча шаҳарда полиция билан ҳамкорликда ишлайди. Унинг бош компанияси NetPosa Technologies нинг Хитойдаги йирик шаҳар ва бўлгаларда офислари бор, шу жамладан Шинжонда ҳам.

SenseNets, NetPosa ва Шинжон ҳукумати якшанба куни Reuters агентлигига изоҳ бермаган.

Хитой ҳукумати сўнгги йилларда Шинжондаги мусулмонларни кузатишни кучайтирган. Ташқи кузатув камералари кўпайган ва смарфонларни монитор қилиш технологияси кенгайтирилган.

Виктор Геверс унинг фонди SenseNets га маълумотлар ҳимоясиз ва барча учун очиқ эканлиги ҳақида тўғридан тўғри хабар берган.

Унинг айтишича, SenseNets жавоб бермаган, бироқ маълумотлар базасини ҳимоялаш учун қадамлар ташланганига гувоҳ бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Алоқадор мавзулар