Сурия ва Марказий Осиё: ИШИД жангарилари ортга қайтмоқда

Кашгар-Кыштак
Image caption Қашғар-Қишлоқ - Қирғизистон жанубидаги асосан уйғурлар яшовчи мавзеъ бўлади

Марказий Осиёдан чиқиб, Суриядаги урушга бориб қўшилган тўрт мингдан зиёд инсоннинг камида 850 нафари Қирғизистон фуқароси эканига ишонилади. Би-би-си мухбири мамлакат жанубида жойлашган Қашқар-Қишлоқ округида Суриядан ватанига қайтган қирғизистонликлар билан суҳбатлашиб кўрди.

Қирғизистон атрофидаги бошқа қўшниларидан фарқли ўлароқ экстремизмга қарши юмшоқроқ чораларни танлаган. Хориждаги жангари гуруҳлар сафига қўшилишга уринган қирғизистонликларга нисбатан, кўп ҳолларда, фақатгина шартли жазо қўлланилиши мумкин. Айрим ҳолларда бундай жиноятда айбланган фуқаролар ўз қишлоғида яшашда давом этаверади.

Қашқар-Қишлоқ Ўш шаҳридан 13 чақирим нарида жойлашган. Суриядан қайтган эркаклар билан учрашувни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ) ташкил қилиб берди.

Бир қарашда бу жой бошқа қишлоқлардан алоҳида ажралиб турмайди: ҳар ёқда бир қаватли оддий уйлар қад кўтарган, ишкомларда ўсиб ётган узум новдалари томларга ўрлаб кетган. Чойхоналарда эса эркаклар кундалик янгиликларни муҳокама қилиб ўтиради.

Қишлоқда ҳаёт азон товуши билан бошланади. Дин қашқар-қишлоқликлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Жума кунлари эса масжидлар одамларга тўлиб-тошиб кетади.

Ўзбекистон ва Яқин Шарқ: ИШИД сўнгги қишлоғи олинди. Ўзбеклар қаерга кетди?

Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?

Ўзбекистон ва Тожикистон нимадан хавотирда - ИШИД данми?

Image caption Қашғар-Қишлоқ аҳолисининг аксарияти масжидларга чиқишади

Бизни маҳаллий участка нозири кутиб олди ва туман ички ишлар бўлими томон етаклади. Бўлимга қаҳрамонларимиз - Суриядаги урушдан қайтган эркаклар ҳам чақирилди. Биз билан суҳбатга киришгунга қадар хавфсизлик хизмати ходимлари улар билан ёпиқ эшик орқасида нималар ҳақидадир гаплашиб олди.

Суҳбат аввалида эркаклар негадир мақолада уларнинг асл исмини ёзмаслигимиз, суратга олмаслигимиз ва яқинлари билан гаплашмаслигимизни илтимос қилди. Интервью давомида хавфсизлик хизмати ходимлари биздан узоқлашмади.

Image caption Бу Қашғар-Қишлоқдаги бозор

29 яшар Маҳмуд (исм ўзгартирилган) отаси ўлими ортидан онаси ва сингиллари билан бирга Ўшдан Қашқар-Қишлоққа кўчиб келган. У пайтлар ҳали ўспирин эди.

«Оддий шаҳарлик йигитча эдим. Дискотекаларга борардим, қизлар билан юрардим. Бу ерга келганимдан сўнг масжидга чиқишга одатландим,» ҳикоя қилади у.

Синфдошлари Маҳмудни Абу Салоҳ номи билан машҳур Сирожиддин Мухторов билан учраштирадилар. 1990 йилда таваллуд топган Мухторов асли этник уйғур бўлиб, Суриядаги Ал Фатҳ ал Исломия Ислом Университетида таҳсил олган. Ортга қайтганидан сўнг имом ёрдамчисига айланган Мухторов одамларни «муқаддас жиҳод»га қўшилишга даъват эта бошлаган.

Кейинроқ радикал қарашлари туфайли уни имом ёрдамчиси лавозимидан бўшатиб юборадилар, аммо у ўз фаолиятини яширинча давом эттираверади. Ҳозирда Мухторовга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган. Хавфсизлик тизимларининг ишонишича, у мамлакатда тақиқланган Катиба Тавҳид вал-Жиҳод ташкилотининг етакчисидир. Ташкилот Санкт-Петербург метроси ва Бишкекдаги Хитой элчихонасида юз берган портлашларга нисбатан масъулиятни ўз бўйнига олган.

Ташкилот, асосан, Ўзбекистон, Қирғизистон аҳолиси ва Шинжон уйғурлари орасидан одамлар ёллайди. Мухторовнинг она қишлоғи жангари ёллаш жараёнининг асосий ўчоқларидан бирига айланган.

40 мингдан кўпроқ инсон истиқомат қиладиган Қашқар-Қишлоқ округи учта қишлоқдан ташкил топган. Қирғизистонликлар наздида бу ер кичикроқ шаҳарча.

Маҳаллий аҳолининг асосий турмуш фаолияти савдо ва деҳқончиликдан иборат. Ҳудуд қадимда Буюк Ипак Йўлининг савдо нуқталаридан бири бўлган.

Қашқар-Қишлоқ аҳолисининг 80 фоизи этник уйғурлардир. Экспертларнинг қайд этишича, айнан мана шу омил ҳудуднинг жангарилар ёлланиладиган ўчоққа айланишига олиб келган муҳим сабаблардан бири бўлган. Яқин-яқинга қадар ҳудуд аҳолиси этник қирғизлар билан деярли алоқага киришмаган. Масалан, бу ердаги илк қирғиз мактаби фақатгина 2014-йилда очилган. Унга қадар болалар рус ва ўзбек тилларида таълим олган.

'Наҳот, она Яратгандан устун турса?!ʼ

Сирожиддин Мухторов Қашқар-Қишлоқда ўз тарафдорлари билан яширин учрашувлар ташкил қилиб келган ва Суриядаги «кофирларга қарши муқаддас уруш» ҳақида турли ҳикоялар сўзлаган. Маҳмуднинг сўзларига кўра, гарчи уруш қандай кечаётганини яхши тасаввур қила олмаган бўлсада, у ўз диндошларига ёрдам бериш ишқида ёна бошлаган.

2013 йил августида Маҳмуд Сурияга кетишга тайёргарлик бошлаш мақсадида паспортини Мухторовнинг одамлари қўлига тутқазади. Атиги уч кундан сўнг унга қўнғироқ бўлиб, фақат энг муҳим нарсаларини олган ҳолда сафарга тайёрланишга кўрсатма берилади. Айтилган жойга Маҳмуд билан бирга яна бешта одам боради.

"Сўнгги дақиқаларда иккилана бошладим, ёши ўтиб қолган онамга қарашим керак, деган важ билан кетишдан бош тортишга уриниб кўрдим. Бироқ мени деворга тираб, 'Наҳот, она Яратгандан устун турса?!ʼ деб сўрадилар. Қандай жавоб қайтаришни билмай қолдим ва кетишдан ўзга йўлим қолмади," хотирлайди Маҳмуд.

Гуруҳ Ўшдан Истанбул шаҳрига учиб кетади. У ерда уларни кутиб олган одам автобусларда Туркия-Сурия чегарасигача кузатиб бориб, йигитларнинг нариги томонга ўтиб олишига кўмаклашади.

"Сурияда бизни Абу Салоҳ ва яна бир қанча одам кутиб олди. Сўнг чегарадан 10-15 чақирим наридаги жамлоққа бордик. У ерда жангарилар аёллари ва болалари билан яшар экан. Аввалига жамлоқ ҳаёти бир маромда кечаётгандек туйилди," ҳикоя қилишда давом этади Маҳмуд.

«Биринчи ҳафта тинч ўтди. Бизни қуролдан фойдаланишга ўргатдилар. Диний таҳсил ола бошладик. Кунига сўзсиз беш маҳал намоз ўқир эдик. Ҳаттоки, кийим ва озиқ-овқат учун юз доллардан пул ҳам беришди. Кейин эса мен ҳаётимдаги биринчи бомба товушини эшитдим ва вужудимни даҳшат ҳисси эгаллаб олди. Ўшанда хато қилганимни тўлиқ англаб етдим.»

Орадан икки ҳафта ўтиб, Маҳмуд ортга қайтиш истагида эканини маълум қилган вақтда, тайёргарликка бош-қош бўлиб юрган бир жангари уни ўша жойнинг ўзидаёқ ўлдириб юборишга ҳаракат қилади. Бироқ унинг шериги Маҳмуднинг ўлими бошқаларни чўчитиб юбориши мумкинлигини таъкидлаб, қатлни тўхтатиб қолади. Маҳмуднинг эслашича, иккала жангари ўзаро ўзбек тилида сўзлашган.

Ўша кечанинг ўзида Маҳмуд дўстлари билан жамлоқдан қочиб кетишга қарор қилади. Унинг сўзларига кўра, чегарадан ўтиб олиш азобнинг ўзгинаси бўлган, лекин Сурияда ўлиб кетиш бундан ҳам қўрқинчлироқ бўлар эди.

Қочоқларнинг ҳеч бирида сариқ чақа йўқ эди. Оқибатда, Маҳмуд онасига қўнғироқ қилиб, бўлиб ўтган ишларни очиқлашга мажбур бўлади ва ортга қайтиш чиптаси учун пул сўрайди. Онаизор бисотидаги бор пулини унга юборади.

Юмшоқ ёндашув

Онаси ихтиёрий равишда милицияга мурожаат қилишни маслаҳат беришига қарамай, Маҳмуд Сурияда бўлганини икки йил давомида яшириб юради.

«Ўрганишлардан маълум бўлишича, бундай ҳолга тушган фуқароларнинг аксарияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишонч ўта сустлиги сабабли милицияга мурожаат қилмайди. Шу туфайли, ҳатто,одамлар яқинлари Сурияга кетишни истаётганидан хабар топган тақдирда ҳам бу ҳақида милицияга маълум қилмайди,» сўзлайди Марказий Осиё Университети катта илмий ходими Асел Мурзақулова.

Қайтгандан сўнг Маҳмуд масжидга қадам босмай қўяди ва бирга урушга борган қишлоқдошлари билан алоқани буткул узади. Бироқ икки йилдан сўнг унинг сири барибир ошкор бўлади ва ҳибсга олинади. Сурияда қисқа вақт давомида бўлгани учун Маҳмуд шартли равишда беш йилга озодликдан маҳрум қилинади ва ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кузатуви остида яшаб келмоқда.

Агар у қўшни давлатлар, мисол учун, Ўзбекистон фуқароси бўлганда, жазо бундан анча қатъий бўлиши муқаррар эди. Қозоғистонда 2017 йилда Суриядаги уруш ҳаракатларида иштирок этган шахсларни қамоққа ташлашдан ташқари фуқаролигидан ҳам маҳрум қилиш эҳтимолини кўзда тутувчи тартиб кучга кирган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистонда бундай ҳаракатларга қўшилиб қолганларнинг деярли бари терроризмда айбланиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинишини таъкидлайди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати терроризм тўғрисидаги модда орқали ички мухолифатни бостиришга интилиши ҳам айтилади.

ГКНБ вакилларининг сўзлашича, Қирғизистонда Суриядан қайтган фуқароларга нисбатан икки модда қўлланилади - хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш тўғрисида (5-8 йилга озодликдан маҳрум этиш) ва ёллаш тўғрисидаги (8-15 йил). Бироқ айбланувчининг кетиш сабаблари, тергов билан ҳамкорлик қилгани, айбига иқрорлиги, жанг ҳаракатларида иштирок этгани ёки этмагани каби омилларни ҳисобга олиб, суд юмшоқроқ жазо қўллаши мумкин.

Қирғизистоннинг терроризмга қарши кураш сиёсатини ўрганувчи экспертлар нега мамлакат қўллайдиган чоралар қўшниларга нисбатан юмшоқроқ эканининг уч асосий сабабини қайд этади: 1) радикализмга қарши курашнинг етарлича таъминотга эга эмаслиги ва кетганларнинг ватанга қайтиши; 2) нисбатан демократик тузум ўрнатилгани ва мавжуд қонунчиликнинг яхшироқ ишлаши; 3) фуқароларнинг диний эркинлигини ҳимоя қилишга кўпроқ эътибор қаратилиши.

Масалан, Хитой, Россия Ўзбекистон ва Тожикистонда тақиқланган Таблиғи Жамоат диний ҳаракати ҳанузга қадар Қирғизистонда бемалол фаолият юритади.

"Қозоғистон диний урф-одатларни ягона шаклга киритиш ва фақатгина битта исломий оқим фаолиятига қонуний рухсат беришга уринаётган, Тожикистон эса диннинг ташқи шакллари (ҳижоб ва соқол)га қарши курашаётган бир вақтда, Қирғизистонда диний плюрализм ҳукмрон. Масалан, ўқув даргоҳларида рўмол ўрашга тақиқ қўйилмаган," қайд этади Асел Мурзақулова.

Меҳнат муҳожирлари

ГКНБ вакили Роҳат Сулейманов диний саводхонлик даражасининг пастлиги ва ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг таранглиги сабабли одамлар радикал гуруҳларнинг даъватига эргашишга мойил эканини таъкидлайди.

«Жангари ёлловчилар кўпинча хорижда бироз пул ишлаб олиш имкониятига урғу беради ва уларнинг сўзлари молиявий аҳволи танг аҳоли қатлами эътиборини ўзига тортади,» изоҳлайди жаноб Сулейманов.

Ана шундай аҳоли қатламларининг бири - меҳнат муҳожирлари. Қашқар-Қишлоқда деярли ҳар бир оиладан камида бир одам Россия ёки Қозоғистонга иш излаб кетган. Агар расмий маълумотларга таянилса, умумий аҳолиси олти миллион бўлган Қирғизистоннинг 700 минг нафарга яқин фуқароси хорижда меҳнат қилиб келади. Айнан муҳожирлар ортда қолган оилаларнинг асосий боқувчисига айланган. 2017 йилда ватанга юборилган пул ўтказмалари мамлакат ЯИМининг 35 фоизга яқин қисмини ташкил қилган.

Россияга чиқиб кетган муҳожирларнинг аксарияти ҳужжат билан мавжуд муаммолар ёки тил ва маданият ўртасидаги фарқлар оқибатида ўз қобиғига ўралиб яшашга мажбур бўлади. Ёлловчилар айнан шундай муҳожирларни нишонга олишга уринади.

Қашқар-қишлоқлик 25 яшар Латиф (исм ўзгартирилган) 19 ёшида Москвага жўнаб кетиб, ошпаз бўлиб ишлай бошлаган.

«Ёлловчи билан интернет орқали мулоқот қила бошлаган вақтларимда ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилаётган эдим. Биринчи марта уйдан узоққа кетган вақтларим эди. Эҳтимол, ҳаётдан қандайдир маъно топишга уриндим, шекилли.»

Шу тариқа Латиф Сурияга бориб, жангчилар ва уларнинг оила аъзолари учун овқат тайёрлашга қарор қилади.

Сурияда худди Маҳмуд сингари у ҳам хатога қўл урганини тушуниб етади ва биринчи имконият туғилиши биланоқ чегарадан қочиб ўтади.

Туркия ҳукумати уни Қирғизистонга депортация қилади. Латифга ҳам шартли жазо муддати белгиланади.

«Ҳозир тинчгина Москвада қолиб, пул ишлашда давом этсам бўларди, деб ўйлаб қоламан. Мақсадларим бор эди, энди улар қўлдан кетди. Аммо менимча, хоҳиш бўлса, шу ерда ҳам оёққа туриб олса бўлади,» дейди Латиф.

Жиҳоддан кейинги ҳаёт

Қозоғистон ва Россия каби давлатлар Ироқ ҳамда Сурияга бош олиб кетган ўз фуқароларини ортга қайтариш бўйича дастурлар ишлаб чиққан. Экспертлар Қирғизистонда бундай дастурлар учун ресурс етишмаслигини таъкидлайди. Бироқ яқинда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Азаттиқ Радиосига Сурияда юрган фуқаролар сони ва шахсини аниқлашга уринилаётганини маълум қилган эди.

«Сурияга кетган фуқаролар мутлақо бошқа-бошқа, аксар ҳолларда, бир-бирига душман қуролли гуруҳлар сафларига бориб қўшилади. Эртами-кечми улар барибир ортга қайтади ва Қирғизистон олис мамлакатдаги уруш оқибатларини ўз ҳудудида бартараф этишга мажбур бўлади. Фуқароларни Сурия ёки Ироқ ҳудудида қолиб кетишига кўз юмиш асло мумкин эмас,» дейди Марказий Осиё ва Узоқ Шарқда сунний ваҳҳобийлик бўйича тадқиқотчи, сиёсий фанлар доктори Уран Ботобеков.

Қирғизистондаги экстремизмга қарши чораларни қаттиқлаштириш масаласи, ҳозирча, муҳокама даражасида қолмоқда. Айни вақтда мамлакат қамоқхоналарида терроризм ва экстремизмда айбланиб, жазо муддатини ўтаётган 180 нафар шахс сақланади. Яна 300 нафарга яқин фуқаро назорат ҳисобида туради.

Қирғизистон ҳукумати радикаллашишнинг олдини олиш чоралари самарасига катта умид боғламоқда. Милиция ва туман бошқаруви ходимлари масжидлар, ўқув муассасалари ва жамоатчилик марказларида одамлар билан суҳбатлашиб, тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Image caption Все герои просили не называть их настоящих имен и не показывать лиц

41 ёшли Тоҳир (исм ўзгартирилган) ҳам Сурияда бўлган. 2014 йилда у тўрт фарзандини ташлаб, жиҳодга отлана

«У ерда уруш бошланганда, бу ҳақида жуда кўп видеолар кўрдим, янгиликларни кузатиб бордим. Улардан Сурия ҳукумати болаларни ўлдирмоқда, деган хулосага келдим.»

Кетиш учун тайёргарлик кўришда Тоҳирга қўшниси ёрдам беради. Мактабда чақириққача ҳарбий тайёргарликдан ўтгани сабабли уни тўғри жанг ҳаракатлари бўлиб ўтаётган ҳудудга ташлайдилар.

«У ерга бориб, давлат аскарлари оддий халққа қарши жанг олиб бормаётгани, балки фуқаролар уруши кетаётганини англадим. Мухолифатнинг эса бир-бирига душман майда-майда бўлакларга парчаланиб кетгани кўнглимни қаттиқ қолдирди. Мен ҳимоя қилишга келганлар бир-бирини қириш билан овора эди. Сўнг бу урушда менга ўрин йўқлигини англаб етдим,» дея бошидан ўтганларни ҳикоя қилади Тоҳир.

Ватанда Тоҳирни ҳам шартли тарзда беш йилга озодликдан маҳрум қиладилар. Бугунги кунда у милиция ундови билан экстремизмга қарши профилактика ишларида қатнашиб келмоқда.

«Ёшларни ўзим йўл қўйган хатолардан огоҳлантириш мақсадим. Эҳтимол, менинг тарихимни тинглаб, улардаги жиҳодга бўлган иштиёқ сўнар.»

Ўз ўрнида Тоҳир яқинлари билан Сурия мавзусида суҳбатлашишдан тийилишга уринишини айтади. Бироқ маҳаллий одамлар ҳар доим ҳам қайтганларни қайта ўз сафига қўшавермайди.

«Хатога қўл уриб, яқинларим билан муносабатимга дарз етказганимдан қаттиқ афсусдаман. Энди ватанда ҳаётни қайтадан қуриш, оилага ғамхўрлик қилиш зарур эканини яхши биламан. Сурия ҳақида бутунлай унутишни истайман,» дардини очади Тоҳир.

Қайтгандан сўнг Тоҳир бошқа уйланган. Уни ҳибсга олишганда, онасининг аҳволи оғирлашиб қолади. Ўз қишлоғида доимий иш топиш қийинлашиб, оиланинг шароити янада ёмонлашади.

«Қайтганларнинг оиласига хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари серқатнов бўлиб қолганини қўшнилар ва яқинлар кўради. Оқибатда, одамлар улардан ўзини торта бошлайди, ўзига қўшмайди. Бунинг энг ёмон жиҳати шундаки, қайтган одамлар яна ўз муаммолари билан ёлғизликка маҳкум бўлиб қолади,» фикрини якунлайди Асел Мурзақулова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek