Ўзбеклар ва дунё: Халқаро аэропортга Алишер Навоий номини беринг

Биргина халқаро аэропорт эмас, йўллар, билим юртлари ҳам ўзбек мумтоз адабиётининг икки забардаст сиймоси мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар номи билан аталсин.

Айни мазмундаги сўров, талаб ва даъват икковлоннинг таваллуд саналарига бағишлаб уюштирилган йирик тадбир ортидан қабул қилинган мурожаатномадан ўрин олган.

Йиғин қўшни Афғонистон пойтахти Кобулдаги Бобур боғида кеча, 20 феврал куни бўлиб ўтган.

Йиғин

Сурат манбаси, video

Тадбирда Навоий ва Бобур мероси, ижодига бефарқ бўлмаган юзлаб адабиётшунос, тарихчи олимлар, зиёлилар, фаоллар ва талабалар ҳозир бўлишган.

Унда Ўзбекистон элчиси дохил қатор туркий давлатлар вакиллари ҳам иштирок этишган, чиқишлар қилишган.

Илмий муҳокамалар куй-қўшиққа, ғазалхонликка уланган.

Тадбир теграсида ташкил этилган ва туркий халқлар тили, тарихи, маданиятига оид китоблар намойишга қўйилган йирик китоблар кўргазмаси ҳам йиғилганларни беэътибор қолдирмаган.

Илмий-маданий йиғин Афғонистоннинг биринчи ўзбек вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум номидаги жамғарма томонидан уюштирилган.

Мир Алишер Навоий қабр-мақбараси

Бу икки улуғ сиймо ижоди, мероси ва айнан бугунги Афғонистон ҳудудида жойлашган қабр-мақбараларига бўлган эътибор, йилларки, айниқса, мамлакатдаги туркийзабон зиёли ва фаолларнинг жиддий танқидларига сабаб бўлиб келган.

Аммо сўнгги йилларда бу каби тадбирлар одатий тус олган, уларнинг асарлари қайта чоп этила бошланган, қабр-мақбараларини Ўзбекистон билан ҳамкорликда қайта таъмирлаш ишлари йўлга қўйилган.

2016 йилда пойтахт Кобул Афғонистоннинг бу яқин тарихида илк бор мир Алишер Навоий ҳазратларига бағишланган йирик халқаро илмий анжуманга ҳам мезбонлик қилган.

Лекин, Кобулда бўлган мухбиримиз Шафийбек Ўғлининг айтишича, аксарият зиёли ва фаоллар бу жараённинг бир қадар секинлик билан бораётганидан шикоятда.

Уларга кўра, ҳали бу йўлда кўп ишлар қилиниши керак, дейди мухбиримиз.

Видеолавҳамиз худди ана шу тадбир ҳақида.

Кўринг, томоша қилинг ва маъқул деб топсангиз, улашинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek