Хитой миллиондан кўп мусулмон уйғурни қамоққа ташлаб тўғри қилаётгани айтилди

БМТдаги айрим давлатларнинг вакиллари Хитойдаги уйғур ва бошқа мусулмонларга бўлаётган муносабатни қўллашди.

Пекин таклифи билан Шинжон Уйғуристон бўлгасига келган хорижлик сиёсатчи ва дипломатларга кўра, Хитой тўғри йўл тутмоқда ва дунёдаги айбловлар бари сиёсийдир.

БМТнинг ўзи ўтган йили халқаро ташкилот ўлароқ Хитойдаги уйғурларнинг оммавий тарзда ҳибсга олинаётгани борасидаги хабарлардан чуқур ташвишда эканини баён қилган.

Ташкилот Хитой ҳукумати томонидан терроризмга қарши амалиёт «баҳонасида» қўлга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақирганди.

Бу баёнот Шинжонда сони миллионга яқин, деб кўрилаётган мусулмон уйғурларнинг қайта тарбиялов лагерларида тутиб турилганлиги ҳақидаги ҳисоботлар БМТнинг махсус қўмитаси томонидан тингланиши ортидан эълон қилинган.

Расмий Пекин бу иддаоларни рад этган, аммо баъзи диний радикаллар қайта тарбияланиш учун ҳибсга олинганини тан олган.

Хитой провинциядаги тартибсизликларда исломий жангарилар ва айирмачиларни айблаб келади.

Хитой, Ислом ва мусулмонлар: Хитой жаҳаннамида етти кун

Уйғур мусулмонлари ва Хитой: Ота-онамни топиб беринг

Хитой - Мусулмонлар: Жамлоқда ўлгани айтилган уйғур дутор қироли Абдураҳим Ҳайит видеоси пайдо бўлди

БМТ, Шинжон ва уйғурлар

Ўтган йил август ойининг бошида мазкур масалани кўриб чиқиш давомида БМТнинг Ирқий Камситишга Барҳам Бериш бўйича Қўмитаси Уйғур автоном региони расмий Пекин томонидан «оммавий тарзда ҳибсга олинганлар тутиб туриладиган лагерга ўхшаш ҳудудга айлантирилгани»га ишора қилувчи ишончли ҳисоботлар бор эканлигини айтган эди.

Хитой бу даъвога уйғурлар тўлиқ фуқаролик ҳуқуқларига эга эканлигини «яна бир бор» эслатиш билан жавоб қайтарган. Бироқ расмий Пекин «диний экстремизм тузоғига тушиб қолганлар… қайта жойлаштирилиши ва қайта тарбияланиши лозим»лигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари, хусусан, Amnesty International ва Human Rights Watch БМТ қўмитасига уйғурларнинг оммавий ҳибсга олиниши ҳужжатлаштирилган ҳисоботларни тақдим этган.

Уларга кўра, лагерларда тутиб турилган уйғурлар Хитой президенти Си Жинпингга содиқ бўлиш учун қасам ичишга мажбурланади.

Жаҳон Уйғур Конгресси ўзининг ҳисоботларида уйғурлар лагерларда бирор айбловсиз тутиб турилиши ва Хитой Коммунистик Партияси шиорларини бор овозда айтишга мажбурланишини кўрсатиб ўтади.

Конгресс ҳисоботида қайд этилишича, ҳибсдагилар тўйиб овқат ейиш имконидан маҳрум, лагерларда қийноқлар кенг тарқалган.

Шунингдек, аксар маҳбусларга бирор айблов қўйилмагани ва улар қонуний вакил хизматидан фойдалана олмаслиги иддао қилинади.

БМТнинг ушбу ҳисоботи Хитойнинг бошқа ҳудудларида диний зиддият кучаяётган бир вақтда эълон қилинди.

Уйғурлар, асосан, Хитойнинг Шинжон провинциясида яшовчи мусулмон этник озчилигидир.

Улар провинция умумий аҳолисининг 45 фоизини ташкил қилади.

Шинжон расман автоном регион ҳисобланади, аммо, йилларки, ҳукумат томонидан босим ва қатағонга учраб келади.

Ўтган бир неча ойдан буён Шинжон провинциясида уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликлари янада кўпроқ ҳибсга олинаётгани тўғрисидаги хабарлар тўхтамаётир.

Бу ҳибслар Хитой ҳукумати томонидан диний экстремизмга қарши кураш ниқоби остида олиб борилаётгани айтилади.

Шундай экан, булар қайси давлат вакиллари ва ростдан ҳам Хитой миллионлаб мусулмонни улкан ҳибсхоналарга ташлаб тўғри қилмоқдами?

Видеолавҳамиз худди ана шу савол атрофида.

Яна Би-би-си Ўзбек Хизматининг YouTube даги каналига ҳам боқинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek