Афғонистон тақдирини ҳал этаётган Гуантанамо собиқ маҳбуслари

2002 йили Гуантанамо қамоқхонасига ташланган бешовлон 2014 йили озод қилинган Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 2002 йили Гуантанамо қамоқхонасига ташланган бешовлон 2014 йили озод қилинган

Ўн йилдан ошиқроқ вақт давомида маҳбусликда сақланган инсонлар, эндиликда, ўзларини тутқунликка маҳкум этган шахслар билан бир столда ўтириб, Афғонистонда тинчликни қарор топтириш масаласини муҳокама қилмоқда.

Қатар пойтахти Доҳада бошланган АҚШ-Толибон тинчлик музокараларининг бешинчи раундида 2001 йилда Афғонистонда ҳибсга олиниб, 13 йилга яқин АҚШнинг машҳур баҳсли Гуантанамо қамоқхонасида сақланган беш нафар юқори рутбадаги Толибон расмийлари ҳам иштирок этмоқда.

Бу шахслар жангарилар томонидан асир олинган америкалик ҳарбий Бов Бергдал билан 2014 йили Қатарда айирбошланган эди.

Асирлар айирбошлануви келишуви асосида, улар ўшандан бери Қатарда омма эътиборидан четда сақлаб келинган ва уларнинг ҳаракатлари Қатар ҳукумати назорати остида бўлган.

Уларнинг Доҳада ўз оиласи билан яшашига имкон берилган бўлса ҳам, хорижга чиқишига йўл қўйилмаган.

Толибон жангарилари орасида афсонага айланган бу бешовлон террорчиликка алоқадор ҳеч қандай айловларсиз Гуантанамодан озод этилган.

Бу бешовлон ўзи ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи US Defense Department
Image caption Улар АҚШ 2001 йилда Афғонистонга бостириб кирган вақтда Толибоннинг юқори мартабали расмийлари ёки ҳарбий қўмондонлари бўлган.

Улар АҚШ 2001 йилда Афғонистонга бостириб кирган вақтда Толибоннинг юқори мартабали расмийлари ёки ҳарбий қўмондонлари бўлган. (Расмда: юқоридан, чапдан ўнгга).

•Муҳаммад Фазел 2001 йилдаги АҚШ ҳарбий кампанияси даврида Толибон мудофаа вазири ўринбосари сифатида хизмат қилган. У эҳтимолий уруш жиноятлари, жумладан, кўплаб тинч аҳолининг умрига зомин бўлишда айбланган.

•Муҳаммад Наби Омари АҚШ ва халқаро коалиция кучларига қарши ҳужумларни уюштиришда иштирок этган, дея кўрилади. Шунингдек, у Ҳаққоний тармоғи билан яқин алоқада бўлган.

•Мулла Нуруллоҳ Нури юқори даражали Толибон ҳарбий қўмондони ва вилоят ҳокими бўлган. У ҳам шиалар ва бошқа тинч аҳолининг оммавий қирғин қилинишида айбланган.

•Адбул Ҳақ Восиқ Толибон истихборот хизмати раҳбари муовини бўлган. Унинг бошқа исломий гуруҳлар билан иттифоқчиликлар ташкил қилинишида марказий роль ўйнагани айтилади.

•Хайруллоҳ Ҳайрвҳа Толибон ички ишлар вазири ва Ҳирот шаҳри ҳокими вазифаларида ишлаган.

АҚШ собиқ президенти Барак Обама Қатар ҳукумати воситачилигида эришилган келишув асосида Толибон қўлида тутқунликда сақланаётган америкалик аскар эвазига мазкур беш шахсни айирбошлашга розилик билдирган.

Аммо ушбу айирбошлов АҚШ, унинг манфаатлари ва иттифоқчиларига катта хатар туғдириши мумкин, деган важ билан қаттиқ танқид остига олинган.

Бешовлон Гуантанамодан тўғри Доҳага олиб борилган. Қатар ҳукумати уларнинг ҳаракатини қатъий назоратга олишини маълум қилган.

13 йилга яқин давом этган тутқунлик - уларнинг кўп вақти бир кишилик камераларда ўтган - туфайли бешовлонга яқин шахслар уларнинг ташқи дунё билан «мулоқот қиладиган аҳволда эмас»лигини маълум қилган эди.

2018 йил октябр ойида Толибон раҳбарияти уларни Доҳада 2013 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Сиёсий Комиссия аъзолари этиб тайинлаган.

Раҳбар - собиқ маҳбус

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption АҚШ музокара жамоасига Афғонистонда тинчликни қарор топтириш масаласи бўйича махсус элчи Залмай Халилзад бошчилик қилмоқда

Шу тариқа бу беш инсон Толибон делегацияси таркибида АҚШ билан тинчлик музокаралари ўтказмоқда. Бироқ улар делегациядаги ҳал қилувчи таъсирга эга расмийлар эмас.

Толибон Сиёсий Комиссиясини бошқараётган шахс ҳам собиқ маҳбусдир.

Мулла Абдул Ғани Бародар саккиз йил умрини Покистон авахталарида ўтказган ва 2018 йил октябр ойида тинчлик музокараларига ёрдам бериши учун озод этилган.

У Толибон гуруҳи асосчиларидан бири ҳисобланади. Мулла Бародар ҳозирда гуруҳнинг сиёсий масалалар бўйича раҳбари ўринбосари лавозимида ишламоқда.

"Қарор олиш бўйича барча ваколат Мулла Бародарнинг қўлида. Бу сафар Толибон музокара жамоаси юқори раҳбариятдан кўрсатмалар олиши зарурлигини важ қилиб, жараённинг ҳар бир босқичида музокараларни тўхтатиб қўйиши шарт эмас," деган сиёсий таҳлилчи Ҳассан Ҳақёр Channel One TV каналига.

Адоғи йўқ уруш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Хориж ҳарбийларининг бир қисми 2014 йил мамлакатни тарк этгач Афғон ҳукумати "Толибон"ни жиловлашда муаммоларга дуч келмоқда

АҚШ музокара жамоасига Афғонистонда тинчликни қарор топтириш масаласи бўйича махсус элчи Залмай Халилзад бошчилик қилмоқда. Унинг тинчлик музокараларидаги вазифаси муросага эришиш орқали АҚШ тарихида энг узоқ давом этган урушга чек қўйишдир.

АҚШнинг 2001 йилда Афғонистонга бостириб кириб, Толибон тузумини ағдариши 17 йилдан бери адоғи кўринмаётган урушга айланиб кетган эди.

Хорижий қуролли кучлар 2014 йилда Афғонистондан чиқиб кетгандан буён Толибоннинг мамлакатдаги қудрати сезиларли равишда ортган.

Гуруҳ бугунги кунда, 2001 йилдан бери ўтган ҳар қандай вақтга солиштирганда, кўпроқ ҳудудларни назорат/даъво қилмоқда

Асосий талаблар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption АҚШнинг Афғонистонда 14 минг аскари бор

Айни дамда тинчлик музокараларида томонларнинг бир-бирига қўяётган асосий талаблари қуйидагича: Толибон тинчлик қарор топиши учун барча хорижий қуролли кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетишини истамоқда; расмий Вашингтон эса Толибондан исломий жангари гуруҳларнинг мамлакат ичида ўрнашиб олиб, АҚШ ва унинг иттифоқчиларига хавф туғдиришига йўл қўймасликка кафолат сўрамоқда.

Толибон узоқ йиллардан бери тинчлик масаласини фақат АҚШ билангина муҳокама қилишини таъкидлаб келади.

Жорий Афғон ҳукумати расмийлари дохил бўлмаган мазкур жангарилар билан тўғридан-тўғри музокаралар шу вақтга қадар Толибонни ҳарбий жиҳатдан мағлуб этишга эътибор қаратиб келган АҚШ сиёсатидаги кескин ўзгариш инъикосидир.

Бирмунча вақт аввал президент Доналд Трамп ҳали ҳам 14 минг нафар америкалик ҳарбий иштирок этаётган ва АҚШга йилига $50 миллиардга тушаётган урушни тугатиш мақсадида эканини эълон қилган эди.

Доҳада бошланган учрашув АҚШ ва Толибон расмийлари ўртасида шу пайтга қадар ўтган энг олий даражадаги музокарадир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek