Тожик-Қирғиз чегарасидаги тўқнашув: аввало одамларни тинчлантириш лозим

Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғида Тожикистон ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлари учрашдилар. Фото муаллифлик ҳуқуқи mvd.gov.kg
Image caption Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғида Тожикистон ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлари учрашдилар.

Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғида учрашган Тожикистон ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлари ҳалокатли тўқнашувларга гувоҳ бўлган икки мамлакат фуқароларини тинчлантириш муҳим вазифа эканини таъкидлаганлар.

Қирғизистон ва Тожикистон ички ишлар органлар ходимларидан иборат 24 соатлик патрул хизматларини ташкил этишга келишилган.

Томонлар рўй берган ҳодисалар юзасидан холис текшириш ўтказиш мақсадида икки мамлакат мутасадди идоралари иштирокида тергов гуруҳини тузиш, жамоат тартибини сақлаш ва чегарани қўриқлаш бўйича чоралар кўришга келишиб олинган.

Тожикистоннинг Суғд вилоятига тегишли Ворух анклави Қирғизистоннинг Боткен вилояти ичкарисида жойлашган.

Тўқнашувнинг 13 март кечки вақт рўй бергани хабар қилинмоқда.

Жанжал Қирғизистон томонининг баҳсли ҳудуддан ўтадиган йўл қурилишини бошлаганидан келиб чиққани айтилмоқда.

Қирғизистон Президенти Сўўрўнбай Жээнбеков ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали суҳбатлашган.

Гувоҳлар сўзлайдилар

Ворух қишлоқ жамоатида яшайдиган ҳамқишлоқларининг айтишларича, Рафоиддин Тешаев мерган узган ӯқ тегиб, ҳаётдан кӯз юмган.

"Рафоиддин Тешаев моҳир уста эди. У Ворух жамоатининг Тожикон қишлоғидаги уйлардан бирида устачилик қилаётганди. Рафоиддин ҳовлига чиққан пайтда унга ӯқ келиб теккан", дейди биз билан суҳбатлашган ворухлик киши.

Отишма кеча тушдан кейин, соат уч яримга яқинлашганда бошланиб кетган. Натижада тожикистонлик яна бир киши яраланган. Қӯлига ӯқ тегиб яраланган Ансориддин Ҳайдаров беморхонага ётқизилган.

Ворухликларнинг айтишларича, қирғиз фуқаролари икки ҳамқишлоқларининг уйларига бостириб киришган. Уй эгалари Абдуғафур Воҳидов ва Насиба Зайниева келиб теккан тошлардан жароҳатланиб, беморхонага ётқизилганлар.

Бир кун аввал тожикистонлик Ҳусейн Ҳакимов ов милтиғидан отилган ӯқдан ҳалок бӯлган. Хӯжаи аъло қишлоғида яшаган, касби муаллим бӯлган бу инсонга қирғизлар томондан ӯқ узилгани иддао этилмоқда.

Ҳозиргача икки ӯртадаги можарода Тожикистон томонидан камида ӯттиз киши яралангани айтилмоқда.

Қирғизистон томони эса, бир Қирғиз милиционерининг тожик фуқаролари отган тошдан яраланганини иддао этишмоқда.

Можаро қандай бошланди?

Можаро Тожик-Қирғиз чегарасидаги иккита аҳоли манзилида деярли баравар бошланган. Қирғизистон чегара хизматидан маълум этишларича, 13 март куни кечки пайтда Тожикистон фуқаролари йӯл қурилиши учун бораётган техникага қарата тош ота бошлашган. Улар Қирғиз чегарачилари тушган машинага ҳам тош отишган ва машина ойнаси синган.

Тожик расмийларига кӯра, можаро Қирғиз томонининг баҳсли ҳудудда йӯл қуришга киришгани учун келиб чиққан. Тожик фуқаролари Кӯктош-Оқсой-Томдиқ йӯли баҳсли ҳудудда қуриляпти, дея ҳисоблаб, норозилик билдиришган.

Ворухлик кишининг айтишича, агар Кӯктош-Оқсой-Томдиқ йӯли қурилса, Ворух дарёсининг юқори қисми қирғизлар томонидан эгаллаб олиниши мумкин.

"Улар дарёнинг юқори оқимида сув омбори қуришни мӯлжаллашяпти. Сув йӯли тӯсилса, бизнинг экинзорларимиз сувсиз қолади", деди у.

Ҳар икки томон ӯзини ҳақ билган ҳолда муаммони куч йӯли билан ҳал этишга киришган. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, ҳар икки томонда тӯпланган икки юз нафарга яқин киши бир-бирларига тош ота бошлашган. "Биз қуролсиз эдик. Лекин қирғизлар буни кӯрган ҳолда бизга ӯточар қуроллардан ӯқ уза бошлашди", дейди ворухлик киши.

Қирғиз расмийлари можаро қонли тӯқнашувга айланиши олдини олиш учун фақат ҳавога ӯқ узилганини айтиб, қайтага Тожик милиционерларини биринчи бӯлиб ӯқ отишда айблашмоқда. Уларга кӯра, Тожик фуқаролари Оқсойдаги молхоналардан бирига ӯт қӯйишган. Тожик фуқаролари эса, оқсойликларнинг Тожик қишлоғидаги моллар сақланадиган омбор ва тегирмонни ёндириб юборишда айблашмоқда.

Тожикистон Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қӯшинлари бошқармасига кӯра, Қирғизистон ҳуқуқни сақлаш идоралари Исфарадан Ворухга борадиган йӯлни тӯсиб қӯйишган ва йӯлда бораётган иккита "Газел" кичик автобусини тӯхтатиб, 30 нафар йӯловчини гаровга олишган. Худди шу бошқармадан билдиришларича, Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғидан камида 50 киши ворухлик кишиларга қарата тош ота бошлашган.

Айни бир пайтда Қирғиз расмийлари Тоштумшуқ деган жойда Тожик фуқаролари битта уйга, бир енгил ва бир юк машинасига ӯт қӯйишганини, ёнғинни ӯчиришга келаётган ӯт ӯчирувчиларни ӯтказишмаганини айтишган.

Боткен вилояти телевидениеси орада чиққан можарода асосан тожик томонини айбловчи хабарлар тарқатган.

Инсон ҳалокатига олиб келган иккинчи можаро Чоркӯ қишлоқ жамоатига қарашли Хӯжаи аъло қишлоғида келиб чиқкан. Тожикистон чегара хизмати бошқармасидан маълум этишларича, бу можаро қирғизистонлик Розия Ӯсарова номли аёлнинг ҳаракатлари туфайли бошланган. Боткент туманининг Оқсой қишлоғида яшайдиган бу аёл Хӯжаи аъло қишлоғига тегишли ерни ӯзлаштириб олиш учун урингани айтилган. Чегара хизмати бошқармасига кӯра, бу аёл олдинлари ҳам икки ӯртада можаро чиқариб келишга уриниб келган.

Лекин Қирғиз томонига кӯра, Розия Ӯсарова Хӯжаиаъло қишлоғидан анча узоқдаги Кӯктош қишлоғида яшайди ва у қандай қилиб можаро чиқариши мумкин.

Хӯжаиаълода келиб чиққан можарода бир киши ҳалок бӯлиб, тӯрт киши яраланган. Қирғиз томонидан туриб ов милтиғидан узилган ӯқ кӯкрагига теккан 43 ёшли муаллим Ҳусейн Ҳакимов беморхонада жон таслим қилган. Чоркӯ жамоатида яшайдиган Мақсаджон Атамов, Раҳим Аюбов, Раҳмониддин Соҳибов ва милиция нозири Саидшариф Авезовлар жароҳатланиб, Исфара шаҳар марказий беморхонасига ётқизилган. Улар тош тегиб, яраланганлар.

Тинч йӯл билан ҳал этишга уринишлар

Қирғиз-Тожик чегарасида чиққан можароларни тинчитиш учун Тожикистон ва Қирғизистоннинг юқори мартабали раҳбарлари иштирокида музокаралар бошланган. Музокараларга Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Азим Иброҳим ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ӯринбосари Жениш Раззоқов бошчилик қилишмоқда. Шунингдек, воқеа жойига ҳар икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари, Ички ишлар вазирлари етиб боришган.

Бунгача чегарадош Суғд ва Боткен вилоятлари раҳбарлари учрашиб, можарони тинч йӯл билан бартараф этиш юзасидан фикр алмашишган. Улар маҳаллий аҳоли билан учрашганлар. Ворухликлар Суғд вилояти Раиси Ражаббой Аҳмадзодага чегарада доимий равишда келиб чиқаётган муаммолар ва уларни ҳал қилиш тӯғрисида арз қилишган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Сўўрўнбай Жээнбеков телефон орқали суҳбатлашган. Президентлар инсон ҳалокатига олиб келган можаро сабабларини объектив тарзда ӯрганиш ва келажакда бундай ҳолатларга йӯл қӯймаслик учун муштарак комиссия тузиш ҳақида гапиришган. Қирғизистон президенти ҳалок бӯлганларнинг оилалари, яқинларига чуқур таъзия билдирган.

Ҳар икки арезидент чегараларни аниқлаш ва белгилаш жараённини тезлаштириш ва ниҳоясига етказиш ҳақида фикр билдиришгани хабар қилинмоқда.

Қирғизистон президенти матбуот маркази хабарига кӯра эса, Президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳар икки мамлакат халқлари асрлар давомида яхши қӯшничиликда яшаб келишгани, улар фақат дӯстликда, тинч яшашлари зарур, деб айтган.

Айни пайтда Оқсойда учрашган Тожикистон ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлари Рамазон Раҳимзода ва Қашқар Жунушалиев ҳам Тожик-Қирғиз чегарасидаги вазиятни изга солиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама этишган.

Бунда чегарада юз берган можарони объектив текшириш учун муштарак тезкор-тергов гуруҳи тузишга келишилган.

Чегаралар тезда аниқланиб, белгиланиши зарур

Маҳаллий кузатувчиларга кӯра, Тожикистоннинг Суғд ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари чегараларида биринчи марта можаро чиқаётган эмас.

"Бу можаролар кӯпроқ ер ва сув устидан келиб чиқади, - дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов. - Ҳали собиқ Иттифоқ пайтидаёқ қирғиз томони тожик томонига ӯтадиган сув йӯлини тӯсиб чиққанда икки орада қонли тӯқнашув юз берганди. Ӯшанда тожикистонлик ӯн олти яшар ӯсмир ӯлдирилганди. Агар тезда зарур чоралар кӯрилмаганида, куч тизимларининг қуролли гуруҳлари етиб келмаганда, воқеа янада фожиалироқ тус олиши мумкин эди".

Шӯролар Иттифоқи парчаланиб, мамлакатлар мустақиллик эришгач, бу можаролар тез-тез юзага чиқа бошлади. Айниқса, бу можаролар Исфара тумани Чоркӯ ва Ворух қишлоқ жамоатларининг Қирғизистон қишлоқлари билан бӯлган чегараларида авж олади.

"Бизнинг Ворух қишлоғимиз анклав ҳисобланади, Қирғизистон ҳудуди ӯртасида. Ҳозирда Ворух аҳолиси 33 минг нафарга етиб қолди. Айнан ана шу анклав бӯлиш, ворухликларнинг Тожикистоннинг бошқа шаҳар ва қишлоқларига истаса-исташмаса, Қирғизистон орқали ӯтиб боришларидан қӯшнилар ӯз манфаатлари йӯлидаги ниятларини амалга ошириш учун фойдаланишади", дейди ворухлик ӯқитувчи.

"Можароларнинг олдини олиш йӯлида ён беришлар ҳам бӯляпти, дейди Чоркӯ қишлоғида яшайдиган кишилардан бири ӯз исмини ошкор этмаслик шарти билан. - Масалан, Қирғиз томони айни экин суғориш паллаларида сув йӯлини тӯсиб қӯявергандан кейин Тожик томони уларга йӯл учун ер ажратиб берди".

Кузатувчиларга кӯра, Тожикистоннинг чегараолди қишлоқларида фақат суғорма сув эмас, ичимлик сув муаммоси ҳам мавжуд. Мазкур муаммони ҳал қилиш учун Ворух анклавининг Тожикон қишлоғига водопровод ӯтказиш учун маблағ ажратилганди. Лекин ӯтган йили сентябрида қирғизларнинг норозилиги туфайли бу лойиҳа тӯхтатилди. Лойиҳанинг тӯхтаб қолиши Ворух ва Оқсой аҳолиси орасида қаттиқ можаро келтириб чиқарди. Лойиҳани амалга ошириш номаълум муддатга ортга сурилгани боис Тожикон қишлоғида яшовчи кишилар ичимлик сув учун уч чақирим масофага қатнаётганликларидан ёзғиришмоқда.

Кузатувчиларнинг фикрича, икки қӯшни давлат ӯртасидаги баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал этилиб, чегаралар демаркация ва демилитация қилинмас экан, можаролар бот-бот келиб чиқиши мумкин. Тожикистон ва Қирғизистон орасидаги умумий чегара эса 974 километрни ташкил этади. Ҳозиргача бу масофанинг 470 километрга яқини аниқланмаган ва белгиланмаган.

Илк тарқалаган хабарлар

Тожикистон томонининг тарқатган хабарига кўра, Қирғизистон томони чегаранинг баҳсли ҳудудида йўл қуришни бошлаганидан сўнг икки ўртада жанжал келиб чиққан.

Қирғизистон томони ҳам можаро Оқсой-Томдиқ йўлини қуришдан келиб чиққанини айтган.

Қирғиз томонига кўра, Тожикистон фуқаролари Қирғизистон ҳудудидаги молхонани ёқиб юборган ва тўқнашувда жароҳат олган қирғизистонлик шифохонага ётқизилган.

Ҳодисанинг эртаси куни Тожикистоннинг Суғд вилояти раҳбари Қирғизистоннинг Боткент вилояти губернатори билан учрашган.

Суғд вилоят ҳокими Ражаббой Аҳмадзода ундан олдинроқ чегара бўйидаги Ворух қишлоғи аҳолиси билан ҳам учрашиб, уларнинг шикоятларини тинглаган.

"Депутатлар ва қишлоқ вакиллари ҳокимга ҳозирги ҳолат ва доимий жанжаллар ҳақида гапириб берди. Биз муаммони тезроқ ечишни ва ёрдам сўрадик. Шунингдек, йўл қурилишига қаршилигимизни билдирдик. Ҳамда Қирғизистон томони Ворух дарёнинг юқори қисмида назорат ўрнатмоқчи эканлигидан бохабар қилдик", деган қишлоқ яшовчиси Фирдавс Сангинов Asia Plus агентлигига.

Азалий келишмовчилик

Тожикистондаги мустақил журналистнинг Би-би-сига айтишича, икки давлат чегараси яқинидаги аҳоли ўртасида жанжал тарихи Совет даврига бориб тақалади.

Чегараларнинг маҳаллий аҳоли талаблари ва жойлашувчиларини тўлиқ ўрганмасдан олиниши ва бир неча маротаба ўзгартирилиши икки давлат одамлари ўртасида ер ҳамда сув устидан тез-тез тўқнашув келиб чиқишига сабаб бўлади.

Сўнгги жанжалдан сал олдинроқ Қирғизистон томони Ворух анклавига ўтаётган Тожикистонга тегишли автобусни гаровга олган. Тожикистонликлар ҳам Қирғизистон фуқаросини гаровга олгач ўртада гаровдагиларни алмашиш содир бўлиб, барча озод қилинган.

"Бу каби жанжаллар бўлмаслиги учун икки томондан тузилган ўз ичига оқсоқоллар, обрўли шахслар ва зиёлиларни олган Халқ дипломатияси ҳаракати турли тадбирлар ўтказади. Икки халқ ўртасида Наврўз ва бошқа миллий байрамлар биргаликда нишонланади. Жалжал чиқиши эҳтимоли бўлган жойлар ёки жанжал чиққан пайти аҳолини тинчлантиради. Бироқ чегарада делимитация ишлари якунланиб, сим тортилмаса бу каби жанжалларга барҳам берилмайдиганга ўхшайди", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek