Нурсултон Назарбоев президентликдан кетди

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқишини эълон қилди.

Бу ҳақда у Қозоғистон халқига аввалдан ёзиб олинган телемурожаатида маълум қилди.

"Мен президент сифатида ваколатларимини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилдим", - деб айтган Назарбоев Қозоғистон телеканаллари орқали намойиш этилган чиқишида.

Президент сайловларига қадар давлат раҳбари вазифасини бажариш Сенат раиси Қосим-Жўмарт Тўқаевга юклатилган.

Назарбоев Миллий хавфсизлик кенгаши раиси ва "Нур-Отан" партияси раҳбари лавозимларини сақлаб қолади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Назарбоев номи Анқара, Киев ва Қозон шаҳарларидаги кўчаларга ҳам берилган

Назарбоев ҳукумат мажлисида русча гапиришни тақиқлади

Назарбоев: Лотин алифбосига тайёргарлик бошлансин!

Назарбоев: 'Мирзиёев барча тўсиқларни олиб ташлади'

"Бу йил энг юксак лавозимни эгаллаганимга 30 йил тўлади. Халқ менга мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлишимга имкон берди", - деб айтган Назарбоев.

79 ёшли Назарбоев Қозоғистонни 1990 йилдан буён бошқарган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alexander Shcherbak
Image caption Давлат раҳбари вазифасини бажариш Сенат раиси Қосим-Жўмарт Тўқаевга юклатилган

2015 йилдаги навбатдан ташқари президент сайловларида у расман 97,75 фоиз овоз билан яна беш йил муддатга сайланганди.

Назарбоев жаъми беш марта президент сайловларида ғалаба қозонган.

Навбатдаги сайловлар 2020 йилга мўлжалланганди.

Ҳудуди Ғарбий Европага тенг Қозоғистон улкан ер ости бойликларига эга.

Назарбоев Қозоғистон нефтидан олинган даромадлар воситасида мамлакатни пост совет ҳудудидаги энг фаровон давлатлардан бирига айлантиришга муваффақ бўлган.

Мухолифлари уни яккаҳокимлиги учун танқид қилишади.

Шу йил февралида Назарбоев ҳукуматни ўз олдига қўйилган иқтисодий вазифаларни бажара олмагани важидан истеъфога чиқарганди.

Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға отасининг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилади.

Аввалроқ Би-би-си билан суҳбатда Сенат раиси Қосим-Жўмарт Тўқаев Нурсултон Назарбоев 2020 йилдаги президент сайловларида иштирок этмаслигини айтганди.

Кремль сўзчиси Дмитрий Песков Президент Путин сешанба кундузи Президент Назарбоев билан телефонда гаплашганини айтган, аммо тафсилотларни бермаган.

Ўзбекистон Президентининг матбуот хизматига кўра, Президент Мирзиёев ва Назарбоев ўртасида 19 март куни телефон мулоқоти бўлиб ўтган.

ЎзА хабарида Президент Назарбоевнинг истеъфоси ҳақида сўз йўқ, аммо Мирзиёев Назарбоевга мустаҳкам соғлик ва "келгуси ишларида куч-қувват тилагани" айтилади.