Қозоғистон-Россия: Путин Назарбоевдан ўрнак оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Svetlov

Қозоғистонни деярли ўттиз йил бошқарган Нурсултон Назарбоевнинг 19 март кундаги кутилмаган истеъфоси ортидан Би-би-си Рус Хизмати экспертларни суҳбатга тортиб, президент Путиннинг қозоғистонлик ҳамкасбидан ўрнак олиш эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқин эканини билишга ҳаракат қилди.

2024 йилда Владимир Путиннинг сўнгги президентлик муддати ўз ниҳоясига етади. Ҳозирданоқ жаноб Путиннинг ҳокимият жиловларини ўз қўлида сақлаб қолишига имкон бериш мақсадида мамлакат конституциясининг ўзгартирилиши эҳтимоли борасида гап-сўзлар тарқаган.

Нурсултон Назарбоев президентликдан кетди

Назарбоев ҳукумат мажлисида русча гапиришни тақиқлади

Назарбоев: Лотин алифбосига тайёргарлик бошлансин!

Россия Путин масаласини ҳал қилиш билан банд бир вақтда, 1990 йилдан буён Қозоғистонни бошқариб келган жаноб Назарбоев ўзининг истеъфога чиқишини эълон қилган. Бироқ у давлатнинг умрбод раҳбари ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган.

Жаноб Назарбоевда Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти, яъни Элбоши расмий мақоми мавжуд. Бундан ташқари, истеъфога қарамай, у мамлакат хавфсизлик кенгаши раиси ва қудратдаги Нур Отан партияси етакчиси сифатида қолаверади.

Элбоши мақомидан фойдаланган ҳолда, жаноб Назарбоев парламентга мурожаат қилиш ва мамлакат ички ҳам ташқи сиёсати бўйича ташаббуслар билан чиқиш ҳуқуқига эга.

2018 йил ёзида қабул қилинган «Хавфсизлик кенгаши тўғрисида»ги қонун жаноб Назарбоевнинг раис сифатидаги ваколатларини сезиларли кенгайтиради ва унга бу лавозимда умрбод қолиш имконини беради. Хавфсизлик кенгаши Қозоғистондаги барча ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тартибга солиб туради, амалдорлар ҳисоботларини тинглайди, берилган топшириқларнинг амалга оширилиши жараёнини кузатиб боради, давлат лавозимларига номзодларни кўриб чиқади ва яна кўплаб муҳим ваколатлардан фойдаланади.

Ҳокимият алмашинувининг бундай кўриниши Россияда ҳам юз бериши мумкинми?

Глеб Павловский, Самарали сиёсат Фонди раҳбари:

Қозоғистондаги вазият мутлақо ўзгача, муддатдаги фарқ ҳам ер билан осмонча. Шунингдек, жамият нисбатан плюрал, бизники каби монархизмга мойил эмас.

Ўйлашимча, Кремл юзага келган ҳолатдан асабийлашмоқда - унинг ёнгинасида ҳокимият вакууми пайдо бўлди.

Бундан ташқари Қозоғистондаги вазиятдан Хитой ҳам хавотирга тушмоқда. Унинг Қозоғистонга нисбатан ўз режалари бор ва бу ҳам Россия учун бир муаммо.

Айни вақтда Кремл ҳокимиятни бирор меросхўрга ўтказиш муаммоси билан юзлашмаяпти. Путин ўз вазифасини ҳар қачонгидан ҳам аъло бажараётганига ишонади. Ўзининг тасаввури бўйича у энг қудратли шахслардан бири сифатида жаҳон сиёсий майдонининг марказида турибди.

Александр Баунов, Карнеги Москва маркази сайти бош муҳаррири:

Қозоғистонда Россия учун муҳим, аммо натижаси номаълум тажриба бўлиб ўтмоқда. Ҳозирда Назарбоев ҳокимиятдаги таъсирининг қанча фоизини сақлаб қола олиши номаълум.

Бу томоша қачондир бизда ҳам юз беришини биламиз. Шунчаки, Москвада қўйиладиган «спектакль премьераси» вақти ҳали эълон қилинмади.

Қозоғистон Россиядан ўзиб кетиш, ўзининг анчайин илғорроқ эканини намойиш қилишни хуш кўради. Бир қарасанг, улар инглиз ҳуқуқи марказини очадилар, яна бир қарасанг, лотин ёзувига ўтадилар. Эндиликда, Назарбоев Путиндан аввал ҳокимиятни топширмоқда ва Ғарб кўз ўнгида Путин ягона ўзгармас миллат раҳбари сифатида қолмоқда.

Ариел Коэн, Atlantic Council таҳлил марказининг катта эксперти:

Путинда ҳокимиятни узатиш йўлида бир неча танлов мавжуд.

Биринчиси, конституцияга ўзгартириш киритиш ва янги орган - масалан, Давлат Кенгаши - ташкил қилиб, ўзи унинг раҳбарига айланиш. Бошқа йўл - Белоруссия билан иттифоқчи давлат яратиб, унга Путиннинг ўзи раҳбарлик қилиши.

Сўнгги йўл эса - парламентар-президент республикаси ташкил қилиб, Путиннинг Бош вазир лавозимини эгаллаши. Бундай ҳолатда парламентдаги кўпчилик ўринларни Единая Россия ёки партиялар коалицияси ёрдамида қўлга киритиш мумкин.

Ҳар қандай ҳолда ҳам конституцияни ўзгартириш талаб этилади, лекин бу кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Билл Тейлор, АҚШ Тинчлик Институти вице-президенти, собиқ элчи:

Диктаторлар ҳокимиятни қандай кейинги авлодга узатишни ўйлашга қийналади. Масалан, яқинда Миср раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Сиси умрбод президент бўлишини билдирди.

Яккаҳоким раҳбарлар ҳокимиятни ўтказиш механизмлар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Қозоғистон эса - ғайриоддий мисол, бундай ҳолат доим ҳам юз беравермайди. Бироқ савол туғилади: бу янги яккаҳоким етакчининг саҳнага чиқишига тайёргарликми? Ёки Қозоғистон аҳолиси ҳақиқий сайловларга ўтказиш имконини қўлга киритадими? Ҳокимиятнинг бу ўзгариши демократикми? У халқ истагини ўзида ифода этадими? Ё мамлакат раҳбарлигида яна битта шахс қолаверадими?

Юз берган воқеа Назарбоевнинг мамлакат бошқарувини қўлида сақлаб қолишга замин яратувчи бир усул ҳам бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, Қозоғистон ҳокимиятни тинч йўл билан алмаштириш усулини кўрсата олди ва бу усул Россияга ҳам мос келиши мумкин, дейишдан фойда йўқ.

Жон Ҳербст, Atlantic Council'даги Евроосиё сиёсати маркази директори:

Шу кунгача Назарбоев ҳокимиятни топширишга тайёргарлик кўраётганининг бирор аломати кўзга ташланмаган эди.

Қосимжўмард Тўқаев, маълум бўлишича, президентлик вазифаларини вақтинча бажариб туради, Назарбоев эса бу вақт ичида ўзига меросхўр танлайди. Менга бу ижобий қадамдек туйилмоқда.

Путин ҳокимиятдан кетгиси келган пайтда Елтсиндан ўрнак олиб, ўзи ва оиласини ҳимоя қилувчи меросхўр қидиришига шубҳам бор. Бироқ у бундай қилмайди, демайман ҳам. У ҳокимиятда 10, 15 йил қолишга қарор қилиши мумкин.

'Меросхўрларʼ

Сўнгги вақтда, айниқса, ўтган бир йил давомида қозоғистонликлар ичида Нурсултон Назарбоевнинг ҳокимиятдан кетиш пайти келгани тез-тез муҳокама қилинаётган эди. Мамлакатда унинг истеъфоси талаб қилинган бир қанча кичик митинглар ҳам бўлиб ўтган.

Узоқ йиллик президентнинг истеъфога чиқиши кечадан буён қозоғистонликларнинг асосий муҳокама мавзусига айланган бўлсада, ҳозирча мамлакатни бундан кейин ким бошқаришига аниқ жавоб топилмаган. Халққа мурожаати давомида жаноб Назарбоев Сенат раиси Қосимжўмард Тўқаевнинг 2020 йилдаги сайловга қадар президентлик вазифаларини бажариб туришини маълум қилган.

Айни дамда қозоғистонликлар ва сиёсий таҳлилчилар қуйидаги шахслардан бирининг жаноб Назарбоев меросхўрига айланиш эҳтимоли юқори эканини тахмин қилмоқда:

Дариға Назарбоева, Сенатнинг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раисаси, Нурсултон Назарбоевнинг қизи

Карим Масимов, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси

Самат Абиш, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раисининг биринчи муовини, Назарбоевнинг жияни

Қосимўмарт Тўқаев, Сенат раиси, 2020 йилдаги сайловга қадар президент вазифасини вақтинча бажарувчи

Халқаро масалалар бўйича Россия Кенгаши бош директори Абдрей Кортуновнинг сўзларига кўра, жаноб Назарбоев анча вақт олдин истеъфоси режаси бўйича турли сиёсий кучлар билан маслаҳатлашиб кўрган ва бу ҳақида Москвани бохабар қилиб қўйган бўлиши мумкин.

Россия президенти маъмуриятига яқин манбага кўра, бундай маслаҳатлар солишлар ҳақиқатан бўлган ва Тўқаев номзоди бекорга танланмаган - у Нурсултон Назарбоевдан сўнг дунёга машҳур қозоқ сиёсатчиси ҳамда Россия ва Хитой раҳбарияти билан яқин алоқаларга эга шахсдир.

Сиёсатчи Алексей Макаркин кеча Қозоғистонда кузатилган ҳолат 1980 йилларда Хитойда содир бўлган воқеаларни эслатиб юборишини айтган. Ўша даврда Хитойнинг ислоҳотчи раҳбари Ден Сяопин расмий лавозимлардан истеъфо берган, аммо Марказий ҳарбий қўмита раиси лавозимини ўзида сақлаб қолиб, мамлакат сиёсатига сезиларли таъсир ўтказишда давом этган эди.

Сиёсатчи Аркадий Дубновга кўра, Россияда ҳокимиятнинг бундай йўсинда алмашиши мушкулроқ.

"Бизнинг раҳбар ўзини осмонда кўради. Россиядаги кўп сонли манфаатлар ва кланларнинг бари Путинга қараб қолган. Агар Россияда ҳам шундай ҳолат содир бўлса, у ҳолда Путин ўз истеъфосини эълон қилишининг эртасигаёқ ҳақиқий қирғинбарот бошланади. Россия - президент атрофини ўраб олган, имкон бўлиши билан ҳокимиятни эгаллаб олишга тайёр турган кўплаб қудратли гуруҳлар мамлакати."

Жаноб Дубновнинг фикрича, Қозоғистонда кланлар сони Россиядагидек кўп эмас ва уларнинг бари итоаткор.

Қулаётган тенге

Биринчи президентнинг истеъфоси эълон қилиниши ортидан Қозоғистон валюта айирбошлаш шаҳобчаларида долларга бўлган талаб кескин ошиб кетгани кузатилган.

Ўз навбатида миллий валюта - тенге сезиларли қадрсизланган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, шаҳобчаларда, расмий курс 376 тенге бўлган бир пайтда, бир АҚШ долларининг нархи 387 тенгега қадар кўтарилиб кетган.

Бугун эрталаб Қозоғистон Миллий Банки валюта бозоридаги вазият барқарор экани ва тенге курсининг тушиб кетишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek