Ислом ва дунё: Ўшда мусулмон бўлган хитой

48 ёшли Ли Юн Ўш вилоятидаги кўмир конларидан бирида мутахассис бўлиб ишлайди
Image caption 48 ёшли Ли Юн Ўш вилоятидаги кўмир конларидан бирида мутахассис бўлиб ишлайди

48 ёшли Ли Юн Ўш вилоятидаги кўмир конларидан бирида мутахассис бўлиб ишлайди. У Қирғизистонга 2 йил аввал келган. 1 йилдан кейин эса ислом динини қабул қилган ва намоз ўқишни бошлаган.

Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган "Сулаймон-Тоғи" биқинида қад ростлаган масжидга ҳам айни тоғ номи берилган. Бу ерга жума намозини ўқиш учун минглаган инсонлар йиғилади. Намоз якунланар экан, тумонат одам масжидни тарк этади. Унинг ичида эса бир гуруҳ инсонлар ўзаро суҳбатлашиб ўтирар, яна сал нарироқда узун ётиб олган одам ҳордиқ чиқарарди.

Суҳбатлашиб турган одамлардан бири менга, ўз дўсти ислом динини қабул қилганини қувонч билан айтади ва уни таништиради. У хитойлик Ли Юн.

"Мен Қирғизистонга келиб, кўпчиликка аралашиб юриб кўрдим, билдим, намоз ўқиганда қандай бўлишликни. Уларни кузатиш давомида менда ислом дини ҳақида тушунчам ортди ва бу мени мусулмон бўлишимча сабаб бўлди. Нималарни қилса бўлади, нималарни эса йўқ, яхши ва ёмонни фарқлай билдим", - дейди икки йилдан буён Ўшда ишлаб, яшаётган Ли Юн мен билан суҳбатда.

У Ўш вилоятидаги кўмир конларининг бирида мутахасис бўлиб ишлайди. Ҳамкасбларининг аскарияти мусулмонлар.

"Конда мусулмонлар билан бирга ишлаб қолдим. Уларга қараб, ўзимга ўрнак олдим, яхши тарафларини кузатдим. Динда кўпроқ ҳаракат қилиб, бировдан ёрдамингни аямасликни ўргандим. Намоз ўқиганнинг яхши тарафлари, биринчидан соғлигинг мустаҳкам бўлади, рухан тозаланасан, ичиш ва чекишдан олис юрасан", - дея ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашади хитойлик мехмон.

Шунингдек, Ли Юн ислом динини қабул қилгандан бошлаб ўзида ижобий ўзгаришлар сеза бошлаганини айтади.

"Намоз ўқишни бошлаганимдан бери, бировларга ёлғон гапирмай, одамларга яхшилик қилиб, Пайғамбаримиз суннатларини бажаргандан бошлаб, ўзимни енгил сезаяпман, кўнглимга ёруғлик кирди. Намоз ўқигунимча, бир ишни бошлаб, уни амалга ошириш учун кимдан ёрдам сўрашимни билмас эдим. Намоз ўқиганимдан бери, қалбимда қарор қабул қила бошладим", - урғулайди Ли Юн.

У Ислом динини қабул қилгунича, ҳеч қайси бир динда бўлмагани айтар экан, бу дин ҳақида хабари ҳам бўлмаганини қўшимча қилади.

"Бунгача, исломни қабул қилмасдан аввал, у ҳақда маълумотим йўқ бўлиб, мен кўп нарсани билмаган эканман. Ҳозир энди кўп нарсани тушундим, ҳаммаси менга ёқди. Бу динни яна ҳам чуқурроқ, мустаҳкам ўрганишга бор кучимни сарфлайман", - дейди суҳбатдош.

Ли Юн ислом динини асосан таниш ва дўстларидан ўрганган. Уни яна ҳам чуқурроқ ўрганиш учун ҳозирда Қуронни хитой тилида ёзилганини ўқийди.

"Имкониятдан фойдаланиб, Хитойлик ҳамюртларимга, мусулмон бўлиб намоз ўқишни, пок юришни маслаҳат бераман", - дейди Ўшда мусулмон бўлган Хитойлик Ли Юн.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek