Жиноят ва жазо: ‘қонундаги ўғрилар’га қарши қандай курашилади?

Кулак с татуировками на пальцах Фото муаллифлик ҳуқуқи TASS

Россия парламенти криминал авторитетларга қарши қонунни қабул қилди. Жиноят Кодексига киритилган ўзгаришга кўра, эндиликда, жиноий тўдалар йиғинларида иштирок этиш учун қонунан жавобгарлик белгиланади. Грузияда эса бундай қонун 15 йилдан бери амалда.

2003 йилдаги инқилоб ортидан ҳокимиятга келган Михаил Саакашвили ҳукумати Грузияда "ўғрилар дунёси"га қарши аёвсиз уруш эълон қилган эди.

"Барча ўғриларимиз ҳозир сизларда [Россия - таҳр.] ёки Европада," деган эди 2010 йилда Грузия собиқ ички ишлар вазири Вано Мерабишвили Forbes журналининг рус тилидаги таҳририяти билан суҳбатда.

Янги кучлар ҳокимиятга келиши ортидан жаноб Мерабишвили коррупция ва хизмат ваколатини суистеъмол қилишда айбланиб, қамоққа ташланади.

Янги ҳукумат уни Михаил Саакашвили давридаги инсон ҳуқуқларини мунтазам поймол қилиниши тимсоли, деб ҳисоблаган бўлса, жаноб Саакашвили ҳукумати тарафдорлари учун у коррупцияга ботган давлатни барқарор ва хавфсиз даврга олиб чиқишда катта роль ўйнаган ҳамда жиноятчилик дунёсига қарши кураш олиб борган қаҳрамон эди.

Ҳокимият алмашганига етти йил бўлган бўлса ҳам, Саакашвили ва унинг ҳукумати жиноят оламига қарши курашда қўллаган қаттиққўл услублар борасидаги баҳс-мунозаралар бугун ҳам давом этмоқда.

Грузиянинг жорий ҳукумати ҳам собиқ президент Саакашвили даврида ўғрилар дунёсига қарши қабул қилинган қонунларни нафақат амалда қўлламоқда, балки уларни янада қаттиқлаштириб бормоқда.

Қонундан ташқаридаги ўғрилар

1990 йиллар ва 2000 йиллар бошида Грузияда ёзилмаган, лекин ҳаммага яхши маълум бир қанча қоидалар мавжуд эди. Шулардан бири - ерости ўтиш йўллари ва жамоат транспортларида рюкзакни орқадан эмас, балки олдинги томондан тақиш ёки қўлда кўтариб юриш лозим эди. Кечаси автомобилни кўчада қолдиришдан аввал, ўғирлаб кетмасликлари учун албатта аккумуляторини олиб қўйиш керак бўларди.

Грузия жиноят дунёси майда ўғриликлар билан чекланмаган эди - у давлат тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳам кириб боришга улгурган эди. Ҳеч ким қонундаги ўғрилари билан машҳур Грузияда жиноятчиликка қарши кураш шунчалик самарали бўлишини ўйламаган эди.

Бироқ Атиргул Инқилоби ортидан қудратга келган ҳукумат жиноятчиларга қарши аёвсиз ва намойишкорона кураш бошлайди.

"Қонундаги ўғрилар нафақат жиноий, балки сиёсий ва ижтимоий муаммога аллақачон айланиб улгурган эди", хотирлайди 2012 йилга қадар мамлакат ички ишлар вазирлигининг ахборот-таҳлилий бошқармасига раҳбарлик қилган Шота Утиашвили. "Полиция ва ўғрилар рекетда ҳам, наркотиклар контрабандасида ҳам бирга ишлар эдилар. Бундай офатдан халос бўлмоқ даркор эди."

Биринчи навбатда, полициядаги коррупция муаммосини ҳал қилиш ва ҳуқуқ-тартибот органларини уюшган жиноятчиликка алоқаси бор ходимлардан тозалаш лозим эди, дейди жаноб Утиашвили.

Натижада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тузилмасини оптималлаштириш ишлари бошланади. Чегара ва жиноятчиликка қарши курашувчи полиция бўлинмаларида ислоҳотлар ўтказилади, собиқ "гаилар" ўрнини эса патруль полициясининг интизомли ходимлари эгаллайди.

Шундан сўнг қонунчиликка ўзгартиришлар киритила бошланади. Уюшган жиноятчилик ва рэкет тўғрисида қонун қабул қилинади. Ушбу қонун рэкет ёки уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўриниши орқали қўлга киритилган мулкни қонуний эгасига қайтариб олиб беришни кўзда тутар эди. Агар қонуний мулкдорни аниқлашнинг имкони бўлмаса, у ҳолда мулк давлатга ўтар эди.

2005 йилда Жиноят Кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, ўғрилар жамоатига аъзолик учун уч йилдан саккиз йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазоси берила бошланади. Грузия қонунчилигида илк бор ўғрилар жамиятидаги етакчиларни ифодаловчи "қонундаги ўғрилар" атамаси пайдо бўлади. Қонунда ўғрибошиларни беш йилдан ўн йилга қадар бўлган муддатга панжара ортига ташлаш кўзда тутилган эди.

Жаноб Утиашвилининг айтишича, бу қонунларни ишлаб чиқиш жараёнида Италиянинг мафияга қарши қонунлари, шунингдек, АҚШдаги иерархия тизимида юқори турувчи шахсга қарши берилган кўрсатма эвазига жавобгарликдан озод этувчи RICO (Racketeer Influenced and Corrupt Organizations Act) қонунидан кўп нарса олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Грузиядаги кўпчилик назарида Вано Мерабишвили - жиноятчилик оламига қарши кураш рамзи

"Гап шундаки, худди итальян мафиозлари каби бизнинг ўғрилар ҳам шахсан ўзлари ҳеч қандай жиноят содир этмайдилар. Бундай ишлар учун иерархияда қуйи табақа одамлар мавжуд. Бундан ташқари раҳбарга қарши кўрсатма беришни тақиқловчи омерта қонунлари (мафиянинг "шараф кодекси") ҳам мавжуд. Бу қонунларни бузиш ўлим билан жазоланади. Шу сабабдан мафия раҳбарлари, кўп ҳолларда, сувдан қуруқ чиқиб кетадилар."

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан сўнг ўғрибошилар ҳам ҳибсга олина бошланади.

"Агар сиз ўғри ва жиноий иерархия аъзоси бўлсангиз, ҳеч кимни ўлдирмаганингиз ва ҳеч нарсани ўғирламаганингизга қарамай, сизни қамоққа ташлашнинг имкони пайдо бўлган эди," сўзлайди жаноб Утиашвили.

Ислоҳотнинг учинчи қисми қонундаги ўғрилар ўзини худди озодликда ҳис қилгандек яшайдиган қамоқхоналарда ўтказилади. Улар бошқа маҳбуслар билан эмас, балки бирга, ташқи дунё билан алоқаси кескин чекланганча, сақланадиган бўлди, дейди жаноб Утиашвили.

"Кучлар мувозанати ўзгариб кетди"

Жаҳон Банки маълумотларига кўра, 2006-2010 йилларда Грузияда ўтказилган коррупцияга қарши ислоҳотлар доирасида ўғрилар оламининг 180 аъзоси қўлга олинади ва мафия вакиллари ҳамда коррупцияга ботган амалдорлардан $1 миллиард миқдоридаги мол-мулк мусодара этилади. Шу йиллар ичида қайд этилган жиноятлар сони икки баробар, қуролли ўғриликлар миқдори эса 80 фоизга камаяди.

Бутун Грузия бўйлаб ўғрибошилар обрўси туша бошлайди. Агар авваллари ёш грузинлар ўғрибошиларнинг қимматбаҳо машиналари ва данғиллама виллаларига ҳавас билан қараган бўлса, эндиликда улардан мусодара қилинган уйларда полиция бўлимлари ташкил этилди.

"Ўғрилардан олиб қўйилган машиналарда полициячилар юра бошлади. Ҳамма кучлар мувозанатининг ўзгариб кетганини англаган, энди ўғри бўлишдан маъно қолмаган эди", эслайди жаноб Утиашвили.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россиядаги кўплаб жиноий уюшмаларнинг раҳбарлари Грузияда туғилиб ўсганлар. Ушбу суратда - Тариэл Ониани. У 2011 йили Испаниядан Россияга экстрадиция қилинган.

Бироқ жиноят ҳуқуқи ва криминология бўйича профессор Георгий Глонти қонунчиликдаги ўзгаришларни Саакашвилининг популистча қадами, деб атайди.

«У ўз карерасини коррупцияга қарши кураш билан бошлади, сўнг қонундаги ўғриларга қарши чора кўришга ўтди. Ўша пайтлари Грузияни сокин ҳаёт кечириш учун жой сифатида танлаган 10-15 нафар ўғрибоши мавжуд эди.»

Жаноб Глонтининг фикрича, янги қонунчиликда бир қанча жиддий ортиқча ҳаракатларга йўл қўйилган. Масалан, жаноб Саакашвилининг жиноятчиликка нисбатан «ҳеч қандай тоқат қилинмаслик» сиёсати оқибатида Грузиядаги қамоқхоналар ҳаддан зиёд тўлиб кетди, дейди у.

Грузиядаги Очиқ Жамият Фондининг ҳисоботига кўра, 2003 йилдан 2010 йилгача мамлакатдаги маҳбуслар сони 300 фоизга ортган.

Кураш ҳали ҳам давом этмоқдами?

Қудратдаги жорий партия вакиллари Саакашвили даврини «қонли тузумнинг тўққиз йили» деб атайдилар. Улар ўша йилларда инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда поймол қилингани, маҳбусларнинг қийноққа тутилгани ва грузин полициясининг сиёсийлаштирилгани ҳақида сўзлайдилар.

2012 йилда ҳокимият алмашгандан сўнг кенг кўламли амнистия эълон қилиниб, маҳбусларнинг ярмига яқини озодликка чиқарилади. Улар орасида гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда айбланган ўғрибошилар ҳам бор эди. Ҳукумат уларга мамлакатни тарк этиш учун бир сутка вақт беради.

Мухолифатга айланган Саакашвили ҳукумати вакиллари ва унинг тарафдорлари янги ҳукумат расмийларини жиноят оламига ён босиш ва, ҳатто, у билан ҳамкорлик қилишда айблаб келадилар. Уларнинг иддаосича, охирги йилларда мамлакатдаги жиноятчилик кўлами яна ўса бошлаган. Мустақил халқаро ташкилотлар ҳам Грузия ички ишлар вазирлигининг расмий статистикасига у қадар ишонмаслигини маълум қилади. Масалан, Грузиядаги Ахборот Эркинлиги Тараққиёти Институти (IDFI) ҳисоботида қайд этилишича, вазирлик ўз маълумотларини вақтида ва тўлиқ шаклда эълон қилмаган. Бундан ташқари унинг ҳисоботлари бир-бирига мутлақо зид бўлган.

2018 йилдан бери мамлакат ички ишлар вазирлиги қайд этилган жиноятлар бўйича ҳар ой ҳисоботлар эълон қилиб келмоқда. Бу ҳисоботларда қайд этилган жиноятлар сони ўтган йили 2017 йилга қараганда 54 фоизга ошганини кўриш мумкин. Хусусан, қасддан одам ўлдиришга бўлган уринишлар 128 фоиз, ўз жонига қасд қилишга қадар олиб бориш ҳолатлари 150 фоиз, ўғриликлар сони эса 86 фоизга ортган.

Вазирлик жиноятчиликнинг рақамларда ўсишини одамларда полицияга нисбатан ишончнинг ошаётгани ва бунинг ортидан мурожаатлар сони олдингидан кўпайгани билан изоҳлайди.

Грузиянинг ҳозирги ҳукумати Саакашвили давридан қолган қонунларни янада қаттиқлаштирмоқда. Мисол учун, эндиликда жиноят оламини қўллаб-қувватлаш ва ўғрилар тўдаси аъзоси ёки етакчисига мурожаат қилиш ҳам қонунга зид саналади.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, бутун 2018 йил давомида тўртта қонундаги ўғри ва ўғрилар дунёсининг 52 нафар аъзоси ҳибсга олинган.

Жаноб Саакашвилининг ҳокимиятдан кетиши ортидан аксарият одамлар қонундаги ўғриларнинг яна Грузияга қайтишидан хавотирланган эди, аммо бу юз бермади - янги ҳукумат уларга қарши курашни давом эттиришга қарор қилди.

Айни дамда, 2015 йилда Грузияда ўтказилган тадқиқотга кўра, иштирокчиларнинг 21 фоизи қонундаги ўғрилар жамиятга ижобий таъсир кўрсатган, деган фикрда бўлган.

"Аҳолининг бешдан бир қисми ўғрибошилар жамиятда ижобий роль ўйнайди, деб ҳисоблаши шундан далолат берадики, агар ҳукумат бироз заифлашгудек бўлса, қонундаги ўғрилар ўзининг жамиятга нисбатан таъсирини осонгина тиклай олади", фикр қилади тадқиқот муаллифи, Лондон Қироллик Коллежи профессори Александр Купатадзе.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ