Россия-Марказий Осиё: Ёқутистон аҳли нега меҳнат муҳожирларига қарши бош кўтарди?

Улица в Якутске

Ёқутистон пойтахти Якутск аэропорти йўлидаги белги 2019 йилнинг Дўстона Қўшничилик йили эканидан дарак беради. 18 март куни бу шаҳарда республикадаги сўнгги бир неча ўн йилликлар ичида энг оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Маҳаллий аҳоли меҳнат муҳожирларига қарши бош кўтарди, муҳожирлар эса уйдан чиқишга қўрқиб қолди. Буларнинг барига 17 мартда маҳаллий аёлнинг Қирғизистон фуқароси экани тахмин қилинаётган эркак томонидан зўрланиши сабаб бўлди.

Би-би-си мухбири 120 миллат яшаётган Ёқутистонда нега бундай ҳолат юз берганини англаш учун у ерга йўл олди.

«Мева сотиш билан кун кўраётганлар бундай ишга ҳеч қачон қўл урмайди»

Набижон Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан. У Якутск маҳаллаларидан биридаги кичик дўкончада сабзавотлар билан савдо қилади. Ўтган ҳафта унинг дўконига доимий мижозлардан бири кириб келган, аммо бу сафар унинг нияти мева-чева сотиб олиш эмас эди.

«Бундан буён сендан ҳеч нарса сотиб олмайман. Ҳозир дўконингга қоғоз осиб қўяман: бу ерга кирилмасин, бу ерда қирғиз ишлайди. Мен сенга қарши эмас эдим, лекин ҳозир сенга қарши кайфиятдаман, тушундингми? Нарсаларингни йиғиштиргинда, жўна бу ердан!» таҳдид қилади мижоз бутун воқеани қўлидаги телефон орқали тасвирга ола туриб.

Набижон ўшқираётган маҳаллий ёқутга ўзининг Россия фуқароси эканини айтиб, паспортини кўрсатади. Кейинроқ таҳдид видеоси бутун интернет орқали тарқалиб, Набижон ижтимоий тармоқлар юлдузига айланади. Бироқ Набижон ёқутлар ғазабига дучор бўлган ягона муҳожир эмас. Шаҳарликлар тарқатган турли видеоларда кўплаб бундай ҳолатларни кўриш мумкин: бир видеотасвирда ёқут йигитлари дўкондаги мева солинган қутиларни ағдариб ташлайди, бошқасида яна бир ёқут муҳожир таксичини бозор автотураргоҳидан ҳайдаб солаётгани кўринади, учинчи видеода бир эркак муҳожирга тўппонча тираб, унинг белига тўппонча қўндоғи билан уради.

продавец фруктов Набиджан
Image caption "Домда яшайдиган ҳамма мени яхши сотувчи эканимни айтади", дейди Набижон.

Аксар меҳнат муҳожирлари каби Набижон ҳам 18 мартдан 21 мартга қадар ишга чиқишга қўрққан.

"Кейин бутун YouTube, Instagram'дагилар бизга сабзи, апелсин керак, деб ёза бошладилар. Дўконимни қайта очдим. Ҳамма яна кира бошлади. Одамлар сенда ҳаммаси жойидами, деб ҳол-аҳвол сўрадилар," ҳикоя қилади у.

Набижон ўша эркак билан суҳбатда асосий масалани ўртага ташламаганидан афсусланади: «Мен қирғизмас, ўзбекман!»

Набижондан бир неча маҳалла нарида яна бир ўшлик ўзбек Ҳусниддин ишлайди. Якутскда мева-сабзавот савдоси билан, асосан, ўшлик ўзбеклар шуғулланадилар.

Ўтган ҳафта Ҳусниддин ҳам ўхшаш таҳдидли ҳолат билан юзлашган. У мажбурликдан дўконини вақтинча ёпиб қўйганини айтади.

«Мева сотиш билан кун кечираётганлар ҳеч қачон бундай ишга қўл урмайди: маҳаллий аёлларни зўрламайди. Мен бу ерда ҳар куни дам олмай, ишлайман. Саҳар олтидан ишга келаман. Бекор юришга вақт йўқ. Ҳатто, уйда бемалол овқатланишга ҳам улгурмайман. Топганимни ота-онамга юбораман,» сўзлайди у.

Ҳусниддиннинг доимий мижозларидан бири - пўрим кийинган маҳаллий аёл шундай дейди: «Улар ишга чиқмаган кунлар жуда қийналиб қолдик. Албатта, бизда ҳам ўзини кўрсатишни яхши кўрадиган одамлар бор. Бироқ биз ҳаммамиз бир жойдан келганмиз ва бир жойга кетамиз, деб ўйлайман. Ахир ёқутлар доим ўзини меҳмондўстлиги билан ғурурланиб келган. Ғурурланамиз, лекин амалда бундай ишларни қилиб юрамиз.»

Тўлган сабр косаси

2018 йилда ҳудудга 70 мингдан зиёдроқ муҳожир ишлашга келган. Уларнинг 42 минг нафари айнан Якутск шаҳрида рўйхатга қўйилган.

«Менинг ҳисобимга кўра, бу ерда бўлган меҳнат муҳожирларининг 10 фоизи ноқонуний асосда ишлайди. Яъни уларнинг уч минг нафарини ноқонуний муҳожир, деб ҳисоблашингиз мумкин,» дейди республика раҳбари Айсен Николаев Би-би-си билан суҳбатда.

Ўтган ҳафтадан полиция кундалик асосда ноқонуний муҳожирлар ва бизнесларга қарши рейдлар уюштиришни бошлаган.

17 март куни минтақавий матбуот маҳаллий аёлнинг қирғизистонлик муҳожир томонидан зўрлангани тўғрисида хабар тарқатди. Хабар маҳаллий аҳолининг қаттиқ ғазаб отига минишига сабаб бўлди. Ўша куни қош қорайганда 200 дан ортиқ маҳаллий ёқутлар шаҳар марказига тўпланиб, норозилик намойишини бошлаб юборди.

Маҳаллий ҳокимият намойишчиларни тарқатишга уринмади. Амалдорлардан бири одамлар олдига чиқиб, пойтахтдаги энг йирик концерт зали бўлмиш "Триумф"да қонуний асосда йиғилишни таклиф қилди. Эртаси куни 6 минг нафар маҳаллий ёқутлар концерт залига йиғилдилар. Бироқ намойишчиларнинг сони бунданда кўп бўлгани айтилади. Маҳаллий журналистларнинг айтишича, охирги марта бундай сондаги ёқутлар 1986 йилда ёқут ва рус ўсмирлари ўртасида юзага келган оммавий муштлашувлар вақти кўчага чиққан.

Митинг в концертном зале "Триумф" Фото муаллифлик ҳуқуқи Vadim Skryabin/TASS
Image caption Маҳаллий расмийларнинг хомчўт қилишича, "Триумф" концерт залига олти мингча одам йиғилган.

18 март куни шаҳар мэри Сардана Авксентьева ва республика раҳбари Айсен Николаев намойишчиларга мурожаат қилдилар.

«Кўриб турибман, ёқутлар узоқ вақт сабр қилдилар. Бугун эса бу сабр косаси тўлиб тошди. Ҳаммамиз бир бўлиб, тартиб ўрнатишимиз, она шаҳримизда ким ҳақиқий хўжайин эканини кўрсатиб қўйишимиз керак,» деди мэр митингда қатнашаётган одамларга қарата.

Ҳозирда мэр «хўжайин» сўзи билан ёқутларни эмас, балки бутун маҳаллий аҳолини назарда тутганини иддао қилмоқда. Авксентьева хонимнинг айтишича, расмийлар билан учрашув одамларни тинчлантира олган.

WhatsApp мессенжери орқали бир неча кун айланиб юрган муаллифи номаълум мурожаатда "барча келгинди шайтон-пайтонлар"га қарата шундай дейилади:

"Ёдингда тут! Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир саха (ёқут - Би-би-си)нинг сейфида ов милтиғи ва ёқутча ов ханжари сақланади. Бизни қуролни қўлга олиш ва ханжарни қиндан чиқаришга мажбур қилма."

Ледяная скульптура у здания правительства
Image caption Якутск шаҳри марказини муз ҳайкаллар безайди. Шундай ҳайкаллардан бири республика ҳукумати биносининг кираверишида ўрнатилган.

«Бизнинг органлар қандай қилиб бунга йўл қўймоқда?»

Айни вақтда республика ҳукумати тарқалган видеолардан бошқа ҳолатларда муҳожирларга ҳужумлар бўлмаганини таъкидламоқда. Шаҳар мэрига кўра, муҳожирларга нисбатан, тахминан, олтита зўравонлик ва таҳдид ҳолати қайд этилган. Мева солинган қутиларни ағдариб юборганлар ҳам, муҳожирга тўппонча ўқталган эркак ҳам ҳибсга олинган, қўшимча қилади у. Полиция эса мева-сабзавот билан савдо қилувчи сотувчиларга ўз дўконига кузатув камераси ўрнатишни тавсия қилмоқда. Маҳаллий масжид ҳам шаҳарлик ёқутлар билан муаммо юзага чиққан ҳолларда, бутун жараённи тасвирга олиб, видеони интернетга юклашни маслаҳат бермоқда.

«Одамлар мени ўз ҳимоячилари сифатида танлаганлар. Мен уларга айтишим керак - ҳа, мен сизнинг манфаатларингизни Россияда мавжуд қонунлар доирасида ҳимоя қиламан. Жиноятчиларнинг барчаси эса жазога тортилади - мен уларга шундай сўз бердим,» дейди республика раҳбари Айсен Николаев.

Якутскдаги ягона масжид имоми Муса Сагов эса ҳокимиятнинг ҳаракатларини оқламаслигини билдиради.

«Мэр ва раҳбарнинг митингга келиши нотўғри бўлди, деб ҳисоблайман. Раҳбар қонун доирасида қаттиққўлроқ сиёсат билан шуғулланиши керак. У шу ерда яшаётган барчанинг хавфсизлиги кафолатидир.»

Тўс-тўполон вақтида масжидга ҳам бир қанча дарғазаб ёқут эркаклари келган. Масжид ходимлари уларга эшикни очмаган, тез орада полиция етиб келган.

Муса Сагов, имам
Image caption Якутскдаги масжид имоми Муса Саговнинг фикрича, расмийлар мигрантларга қарши чиққанларга нисбатан қатъийроқ мавқени эгаллашлари мумкин эди.

«Одамлар агар масжидни вайрон қилсак, ҳаммаси тумтарақай қочади, деб ёзишмоқда. Ахир бу турган-битган экстремизмку. Органларимиз бунга қандай қилиб йўл қўймоқда?» ёзғиради имом. Бироқ у полициянинг тезкор аралашувидан миннатдор эканлигини ҳам қўшимча қилади.

«Одамлар айбдорларни излаб топишга мойил»

Мэр Сардана Авксентьева ўтган кунларда бўлган тартибсизликларни ирқий нафрат эмас, балки иқтисодий беқарорлик туфайли юзага келган тажовузкорлик нишонаси, деб атайди.

«Одамлар ўз муаммоларида бошқаларни айбдор кўрсатишга мойил,» тушунтиради у.

Россия давлат статистика қўмитасининг 2017 йилдаги ҳисоботига кўра, олмос ва олтин қазиб олинадиган Ёқутистон аҳолисининг 20 фоизи қашшоқлик чизиғидан қуйида яшайди. Ишсизлик даражаси ҳам ўртачадан юқори - 2018 йилда у 7 фоизни ташкил қилган. Ёқутистон федерал бюджетдан дотация олиш бўйича Доғистондан сўнг иккинчи ўринда турувчи минтақа ҳисобланади.

«Коммунал тўловлар миқдори анча юқори. Оилада ҳар бир рўйхатга қўйилган киши бошига, ҳатто уч ойлик чақалоққа ҳам, ахлат учун 131 рубл тўлаш керак. Бу кишининг жаҳлини чиқарадими? Албатта. Пенсия ёшининг кўтарилиши ҳам шимолликлар учун анча сезиларли бўлди - ахир биз [бошқа ҳудудларга қараганда] вақтлироқ пенцияга чиқамиз,» дея ўтган йиллар қийинчиликларини сарҳисоб қилади Авксентьева хоним.

Якутск шаҳри авария ҳолатидаги турар-жой бинолари сони бўйича Россияда биринчи ўринда туради. Бу ерда ҳали ҳам минглаб ёғоч уйларни учратиш мумкин. Ташқаридан ташландиқ кўринган бундай уйларда одамлар канализация ва сувсиз кун кечиради. Ахлатни эса тўғри кўчага ташлайдилар.

Барак в Якутске
Image caption Ёқутистонда ҳамон кўп одамлар баракларда истиқомат қилишади.

«Бу ернинг иқлими жуда оғир. Маошлар кам, нархлар эса осмонда. Мен муҳожирларни ҳайдаб солган билан турмуш даражаси яхшиланиб қолади, демаган бўлардим. Айнан шу ҳолат туфайли одамларнинг йиғилгани ҳайрон қолдиради - ахир талаб қилиш мумкин бўлган бунданда муҳим масалалар ётибди. Масалан, пенсия ислоҳоти,» дейди қурилиш моллари сотиладиган бозорда меҳнат қилувчи Надежда.

Надежданинг уч фарзанди бор. У дам олмай, тинимсиз ишлашига тўғри келиши, топган-тутгани эса озиқ-овқат ва йўлкирадан ортмаслигини айтади.

"Улар жудаям кўп, бу асабимга тегади"

Айнан шу бозорда кўплаб ёқутлар қурилиш молларини сотиш билан тирикчилик қилади. Улар ҳарорат ўн даража совуққа тушиб, қуёш йилтиллай бошлашидан хурсанд бўладилар: «Ниҳоят, баҳор ҳам келди.»

"Мигрантларни ҳайдаб солиш керакми - бу қанақа ёш болача савол бўлди? Безорилар дўконларни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Биз эса шу бозорда улар билан бирга ишлаймиз, улар бу ерда ҳам кўп. Триумфга мен ҳам бордим - лекин шунчаки жиноят содир этилгани учун бордим," дейди сотувчи Эдик.

Суҳбатга Эдикнинг таниши Валек келиб, қўшилади.

Продавец досок Эдик
Image caption Ёғоч сотувчиси Эдикнинг фикрича, мигрантлар маҳаллий одамларни ҳурмат қилишмайди.

"Агар улар қонунларни бузмаётган бўлса, шу ерда яшаб, ишлайверишсин. Бизникилар ҳам хорижда ишлашади, қонунларга амал қилишади. Бу ерга келишибдими, демак Қирғизистонда ҳаёт яхши эмас. Аммо биз уларни ҳурмат қиламиз, улар ҳам бизни ҳурмат қилишсин," очиқкўнгиллик билан сўзлайди Валек.

«Улар ҳурмат қилишадими?» сўрайди Эдик дўстидан.

«Йўқ, ҳурмат қилишмайди,» туйқус ичидаги бетоқатликни намоён этади Валек. «Улар учун энг муҳими - пул ишлаб топиш. Одамлар ғазабга минган ўша кунларда мен ҳам нимадир қилишим керак эди ўзи. Йўқ, дўконларни бузмасдим, ҳеч бўлмаса, қўл ниқтаб, уларга таҳдид қилар эдим. Бу ерга яхши одамлар келган, деб ўйлайсанми? Жамият сарқитлари, безорилар келган!»

«Биз миллатчилар эмасмиз,» гап ташлайди ён томонда турган кексароқ сотувчи ёқут аёл. "Лекин улар жудаям кўпайиб кетди, бу асабимга тегади. Ҳа йўқ, улар бизни хафа қилишмайди, лекин уларнинг сони кўп бўлса, бу албатта, ёмон. Буни ҳамма тушунади."

Номаълум шахс мурожаатида таъкидланган «ҳар бир ўзини ҳурмат қилган ёқутда бор» ов милтиғи ва пичоқлар сотиладиган дўкон сотувчиси ичидагини очиқ айтиб қўя қолди.

«Уларнинг барини ҳайдаш керак. Нега, дейсизми? Улар ахлатни истаган жойга ташлаб кетади. Бу кўчада ҳозир қор эрияпти - эртага бутун кўчани ахлат қоплайди.»

Ножи в охотничьем магазине
Image caption WhatsAppда машҳур бўлиб кетган хабарда ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир ёқутда ов милтиғи ва пичоқ борлиги айтилган.

«Сиз улардан мева сотиб оласизми?»

«Мен умуман мева емайман. Йўқ, мени суратга олманг!» жаҳл қилади сотувчи.

«Эътибор беряпман, муҳожирлар ҳамма вақт автобусларда бепул юради. Улар пул тўламайди, биз эса тўлаймиз! Ойига 4 минг йўлкирага кетяпти! Яна бизга қонун бўйича яшайверинглар, дейишади,» сотувчига қўшилади қотмадан келган амаки.

«Барча бозорларни эгаллаб олишган»

"400 йил олдин Ёқутистон русларга худди Ойдек кимсасиз кўринган: бу ерда ҳеч нарса йўқ, дунёнинг охири. Бироқ бу ерда азалдан одамлар яшаган ва шундай бепоён ўлкани бирорта милиция, прокурорсиз тартибда сақлаганлар," сўзлайди ёқут анъаналари уй-музейи соҳиби Василий Атласов.

«Сўнг бу ерларни ўзлаштиришга одамлар келган - ана ундан кейин ўғриликлар бошланган, ўзлари билан ароқ олиб келишган, мўйналарни сув текинга сотиб олишни бошлаганлар. Ҳозир бундай қилиб бўлмайди, лекин энди бизни янги усулда талашмоқчи. Барча бозорларни эгаллаб олишди. Масалан, бутун сабзавот бозори уларнинг қўлида. Бизникилар бу бозорда ишлолмай қолдилар. Улар монополистлар, нархларни осмонга кўтариб ётишибди. Шунинг учун ҳам халқ норози.»

Ёқутлардан муҳожирлар иш ўринларини эгаллаб олган, деган иддаони кўп эшитасиз. Бироқ маҳаллий ҳокимият бу муаммога ечим борлигини маълум қилади.

«Қурилишларда етарлича маҳаллий кадрлар ишламоқда. Масала бошқа ёқда - бизда қурилиш мавсуми жуда қисқа, қисқа вақт ичида кўп нарсага улгуриб қолиш керак. Шу сабабдан ҳам бу соҳа муҳожирларни ўзига жалб қилади. Бироқ қурувчи-[муҳожирлар] баҳорда келиб, кузда қайтиб кетадилар. Биз уларнинг шу ерда яшаб, ишлашлари тарафдоримиз, аммо ҳаммаси қонуний асосда бўлиши ва солиқлар тўланиши керак,» дейди республика раҳбари Айсен Николаев Би-би-сига.

Би-би-си билан суҳбатдан бир неча кун ўтиб, Айсен Николаев муҳожирларга бир неча фаолият турлари билан шуғулланишни тақиқловчи фармонга имзо чекди. Улар энди сотувчи бўлиб ишлолмайди, машиналарни таъмирлолмайди, автобус ва таксилар ҳайдолмайди. Аксар меҳнат муҳожирлари Якутскда айнан шу соҳалардан нон топиб келар эди.

Бир вақтнинг ўзида ушбу чекловлар Қирғизистон фуқароларига умуман таъсир қилмаслиги мумкин: фармонда муҳожирларнинг маълум ишлар учун патент олишига тақиқ қўйилган, аммо Божхона иттифоқи аъзолари (Қозоғистон, Белорус, Қирғизистон, Арманистон) фуқаролари Россияда ишлаш учун патент олишга мажбур эмас. Ёқутистонда энг катта диаспора вакиллари қирғизлар ҳисобланади - бу ерда 30 мингга яқин қирғизлар бор.

«Бундай аёлларни бу ерда бузуқи, деб аташади»

Ёқутистонда русча исмлар жуда кенг тарқалган. Бу ерга кўчиб келган руслар ёқутларни православ эътиқодига ўтказиб, уларга русча исмлар берганлар. Шўро даврида эса янги туғилган чақалоққа ёқутча исм бериш у қадар хушланмаган. Ҳозир эса бу одат урфга айланмоқда.

Ёқутларнинг ўзига хос мусиқаси, шоу-бизнеси ва кино саноати мавжуд.

Площадь Ленина в Якутске

Шижоатли ёқутлар эса аждодларнинг қадим эътиқоди - тангричилик (ёқутчада - Аар Айыы)ни қайта уйғотишга интилмоқда. Владимир Кондаков айнан шу фаолияти билан танилган - тақводорлар уни буюк шомон, деб атайдилар. 2014 йилда Аар Айыы адлия вазирлиги томонидан Россиядаги динлардан бири сифатида рўйхатга олинган.

Кондаков издошлари Ус Тумсуу ижтимоий ташкилотига бирлашганлар. Ташкилот ҳар якшанба куни алгис - покланиш маросимини ўтказади. Қачонлардир казаклар томонидан мажусийлар амали сифатида тақиқланган бу маросимда, бугунги кунда, 200 га яқин киши иштирок этади.

Ус Тумсуу ўз аъзолари сонини WhatsApp мессенжеридаги гуруҳларга қараб, аниқлайди: ҳозирда ташкилот ҳар бирида, тахминан, 200 нафар аъзоси бор 30 та гуруҳни юритади. Бундан келиб чиқиб, олти мингга яқин одам ташкилотга аъзо эканини билиш мумкин.

Ҳозир ташкилот Якутск ҳокимияти билан ўз ибодатхонасини ташкил қилиш бўйича музокара олиб бормоқда.

Маҳаллий одамлар ташкилот аъзоларининг ўзини миллий ахлоқ нормалари ҳимоячиларидек тутаётганини маълум қилади. Янги йил таътиллари давомида ташкилот аъзолари полиция билан биргаликда тунги клубларга рейдлар уюштирган, ёқут қизларига ичмаслик ва саёқ юрмасликни таъкидлаб, уларни тартибга чақирган.

«Тунги клубларга уюштирилган рейд одамлар орасида катта шов-шувга сабаб бўлди,» тан олади Ус Тумсуу аъзоси, жамиятшунос Юрий Жегусов Би-би-си билан суҳбатлаша туриб. «Биз ҳеч қандай ортиқча ҳаракат қилмадик. Шунчаки рейд доирасида айланиб юрдик. Тўғри, бир неча қизга танбеҳ бердик. Баъзида қизларимиз ўзидан кетиб қолади: келгиндилар олдида спиртли ичимликлар ичади. Шу билан ўзини хавф остига қўяди.»

Пруд в Якутске зимой используют как каток

Ёқутистонда одамлар серфарзанд бўлишга рағбатлантирилади. Миллатлараро никоҳлар, айниқса, ёқутлар ва руслар ўртасида, кўп учрасада, айрим ёқут ота-оналар қизларини фақат «ўзларининг эркаклари»га турмушга чиқишга ундайди.

«Эрим билан кўчада кетаётганимда, одамлар менга ғалати қараётганини пайқайман. Бундай аёлларни бизда бузуқи, суюқоёқ, деб атайдилар,» сўзлайди ёқут қизи Екатерина. У тожикистонлик гастарбайтер билан турмуш қурган. У ўзини суратга олишимиз, ҳатто, асл исмини мақолада ошкор қилишимиздан ҳам қўрқди.

Екатерина тожикистонлик турмуш ўртоғи билан саккиз йилдан бери яшайди. Жуфтликнинг тўрт фарзанди бор. Эри қурилишда юкчи бўлиб ишлайди.

«Ҳа, шундай никоҳлар ҳам бор,» тасдиқлайди жамиятшунос Жегусов. «Келгиндилар энг яхши аёлларни илинтиришга ҳаракат қилади. Вагончада эмас, шинам квартирада яшашни исташади. Уйланишга ваъда беришади, кейин ватанига қочиб кетиб, бошқа қайтиб келмайди.»

«Маҳаллий одамларда шундай гап бор: келгинди сендан фойдаланади, унга фақат прописка керак. Эҳтимол, шундайлар ҳам бордир,» дейди Екатерина. «Лекин бизнинг оилада умуман бошқача вазият.»

Екатерина ҳеч қачон ёқутга турмушга чиқишни истамаганлигини тан олади.

«Бизнинг эркаклар жуда кўп ичади. Баъзида қўлини совуқ сувга ҳам урмайди. Болалигимда отам тинмай ичарди, онамга қўл кўтарарди. Ўшанда эрим бошқа миллатдан бўлади, деб ўзимга сўз берганман.»

Унинг нияти амалга ошди: Екатеринанинг турмуш ўртоғи - мусулмон, умуман ичмайди. Екатерина ҳам эрининг ортидан Исломни қабул қилган. Аввалига улар исломий таомилга кўра никоҳдан ўтиб, сўнг никоҳни расмийлаштирганлар.

Ўтган ҳафта Екатерина ҳам эрини ишга юборишдан роса қўрққан. Бундан ташқари у болаларидан ҳам хавотирланади - улар ҳали кичкина бўлсада, ҳаммасининг исми тожикча ва улар ҳозирча шу ерда яшашига тўғри келади.

Меҳнат муҳожирларини Ёқутистондан ҳайдаб чиқаришга уринишни Екатерина мутлақо тушуна олмайди.

«Москвада ёқутлар ўзи кимлигини умуман билишмайди. У ерда мени гоҳ қозоқ, гоҳ қирғиз, деб ўйлашган. Яъни Москвада бизнинг ёқутларга ҳам худди келгиндилардек муносабатда бўлишади.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Фотосуратлар муаллифники

Бу мавзуда батафсилроқ