Ўзбекистон Россия: Путин ўзбек мигрантларга патентдан қандай ёрдам беради?

Мигрант Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI
Image caption Кўплаб мигрантлар россияликлар қилмайдиган оғир ишларни бажаришади.

Ўтган Март ойи Россиянинг Ёқутистон республикаси раҳбари Айсен Николаев муҳожирларга 2019 йилнинг сўнгига қадар бир неча фаолият турлари билан шуғулланишни тақиқловчи фармонга имзо чеккан эди.

Унга кўра, муҳожирлар сотувчилик, таъмирлаш, ҳайдовчилик, ўрмон ва қишлоқ хўжалиги, овчилик ҳамда балиқчилик сингари соҳаларга ишга қабул қилинмайди.

Бу чекловлар бир вақтнинг ўзида Қирғизистон фуқароларига умуман таъсир қилмаслиги мумкин: Чунки фармондаги чекловдан мақсад - муҳожирларнинг маълум ишлар учун патент олишига тақиқ қўйиш.

Бироқ Божхона иттифоқи аъзолари, яъни Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Арманистон фуқаролари Россияда ишлаш учун патент олишга мажбур эмас.

Шу асосда, янги қарор кўпроқ ўзбекистонликлар ва тожикистонликларга тааллуқли бўлиб қолмоқда.

Умид Путиндан

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган мигрантлар Россия Президентига мурожаатнома ёзиб, имзо йиғишмоқда. Аммо бу петиция ҳали бир неча юз имзо ҳам йиға олмади.

"Бу РФ қонунчилиги ва ҳалқаро ҳуқуқларга зиддир. Сиздан бу фармонни қонуний эмас деб топишингизни сўраймиз" - дейилади Петицияда.

Ёқутлар нега мигрантларга қарши бош кўтарди?

Ўзбекларни Ёқутистон олмоси ўзига тортмоқдами?

Россиядан қайтган ўзбекка 18 миллион сўм берилади

Россиядаги қатор сиёсатчилар мигрантларга қўйилган тақиқни қўллашмоқда.

Россия Давлат Думаси депутати Александр Курдюмов "Ёқутистонда мигрантларга нисбатан киритилган тақиқни бошқа ҳудудларда ҳам қўллашга" чақирди.

"Қўшничилик ва меҳмондўстлик - яхши, албатта, аммо ўз манфаатларингиз ҳамиша биринчи ўринда бўлиши лозим" - таъкидлаган депутат.

Масжид халал бермоқдами?

Якутск шаҳрида эса қатор аксилмуҳожир кайфиятидаги одамлар шаҳардаги ягона масжидни ташқарига кўчириш таклифи билан чиқишди.

"Якутск шаҳри аҳолисининг тинч яшашига ҳалал бераётганлиги" айтилган масжидни кўчириш ҳақидаги петиция бир кунда 10 мингдан ортиқ имзо тўплади.

Норозилик хатида "Масжид аҳоли яшаш жойида экани, йўлнинг бир қисмини тўсиб қўйгани, соат 21:00 дан 8:00 гача одамлар тинчни таъминловчи мамлакат қонунини бузаётгани" ҳақида ёзилган.

Мигрантафобия - Россия касаллиги

Image caption Ўшлик Набижон ҳам ўз дўконида адоватли муносабатга дуч келган.

Gallup рейтингида мигрантларга нисбатан бағрикенглик бўйича Россия 59 мамлакат ичида 44-чини эгалаган.

Россияликларнинг фикрича, мигрантлар "кир, ўғри, жиноят қилишга мойил, уқувсиз а аёлларни зўрлайдиган одамлардир".

"Россияда мигрант тушунчасининг ўзи кўп талқинли" - дейди ёзувчи Елизавета Александрова-Зорина.

"Ўша Ёқутистонда бачабоз руҳоний 46 та жинсий зўравонлик бўйича судланди, аммо ҳеч ким черковга бориб шовқин солмади. Чунки руҳоний - қирғиз ё ўзбек ҳам эмас, у "ўзимизники".

"Излаб кўрсангиз, Ёқутистон криминал хроникасида ўқитувчилар, қариндошлар, бегоналар томонидан болалар зўрланган ҳолларни кўплаб топасиз. Чунки бундай жиноятлар мамлакатдўа 2-3 баробар ошган. Негадир, биз оилаларда болаларни зўрлаётганлар билан яшашга тайёрмизу, муҳожир нимадир иш қилса, дарҳол чегараларни ёпишга ва виза тартибини йўлга қўйишга чақирамиз. Гўёки, жабрдийдани ўзбек зўрладими, русми ёки ёқутми, фарқи бордек".

Ёзувчига кўра, аслида Россияда миграция ва мигрантлар билан боғлиқ муаммо йўқ.

"Мигрантофобия ва миллатчилик — полиция ва ижтимоий институтлари ёмон ишлайдиган қашшоқ, коррупциялашган ёки адолатсиз жамиятнинг касаллигидир" - хулоса қилади Елизавета Александрова-Зорина.

Миллатчилик илдизи қаерда?

Россияда юқори авлод вакиллари орасида миллатчилик у қадар сезилмайди.

"СССР даврида ҳаммамиз аҳил эдик" - деган гапни кекса авлод вакиллари кўп айтишади.

Қўшни давлатларга сафарлари ва илиқ таассуротларини хотирлашади.

Иттифоқ тарқалгандан кейин улғайган авлоднинг катта қисмида эса Марказий Осиёликларга паст назар билан қараш ва ҳатто улардан нафратланиш ҳислари кучлироқ экани айтилади.

Айримларга кўра, бунга сабаб - қатор муҳожирларнинг тил билмаслиги, муҳитга мослашмаслиги ва улардан баъзилари қилаётган жиноятлар матбуотда кўп ёзилиши.

Кузатувчининг таъкидлашича, Россия матбуоти ҳанузгача мигрантлар билан боғлиқ салбий воқеаларни бўрттириб кўрсатади ва улар амалга оширган яхши ишларга атай кўз юмиб келади.

Сиёсатчилар аксил муҳожир кайфиятига мослашадилар.

Масалан, Москва шаҳар мэри Сергей Собянин ўзининг сайловолди дастурида муҳожирларни камайтиришини билдириб, москваликларнинг "кўнглига йўл топди".

Ўзбеклар энг кўп хўрланади

Ҳуқуқ фаоллари, айниқса, ўзбекистонлик муҳожирларнинг Россияда энг кўп ҳақ-ҳуқуқлари топталишини айтишади.

Буннинг бош омили - узоқ йиллар давомида Ўзбекистон ҳукумати Россиядаги муҳожир фуқароларига эътибор бермай, ташлаб қўйгани.

Марҳум Президент Ислом Каримов ўзбекистонлик муҳожирларни "дангаса" деб атаб, "улардан жирканиши"ни билдирганди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин бир мунча эътибор ва ўзгаришлар бўлганига қарамай, Россияда энг кўп сонли бўлган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳамон энг қийин вазиятда қолмоқда.

Ҳали на Россия ишлаш ва яшаш ҳужжатларини тўғрилашда бирон енгиллик бор, на Ўзбекистонга қайтишса, бирон иш бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek