Муҳожирлик баҳоси: ота-онасиз ўсаётган авлод келажаги нима бўлади?

Рисунок: дворник

Қирғизистонликларнинг 13 фоиздан зиёдроқ қисми ўз ватанидан ташқарида, асосан, Россияда яшайди ва ишлайди. Қирғизистон дунёда меҳнат муҳожирлари юборадиган пулга энг қарам иқтисодиётга эга. Пул ўтказмалари мамлакат ЯИМининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Бироқ асосий муаммо иқтисодиёт билан боғлиқ эмас: мамлакатда қариндошлари қарамоғида қолган бутун бошли авлод вояга етмоқда. Улар тез-тез зўравонлик ёки эътиборсизлик туфайли юзага келган бахтсиз ҳодисалар қурбонига айланмоқда.

Ўтган йилнинг баҳорида эр-хотин Қанибек ва Нурсулув Қирғизистон шимолидаги қишлоғини ташлаб, Россияга ишлашга кетишга мажбур бўлган. Ватанда аёли, онаси ва тўрт боласини боқиш электрик бўлиб ишлаган Қанибекнинг ёлғиз ўзи учун оғирлик қилган.

Бутун оила бир қарорга келган: болаларни ўқитиш ва қишлоқдаги уй қурилишини охирига етказиш мақсадида Қанибек Москвада кўча тозаловчи, Нурсулув эса дўконда фаррош бўлиб ишлай бошлаган. Тўрт, беш, саккиз ва ўн бир яшар тўрт бола 54 ёшли бувиси Чинора қўлида қолган. Эр-хотин турар-жой ижарасидан зўрға орттирган пулини уйга жўната бошлаган.

Бироқ атиги бир неча ойдан сўнг эр-хотин ортга - саккиз яшар қизи Мадинанинг дафн маросимига қайтишга мажбур бўлган.

"Болалар ишлашсин"

Ўтган йилнинг сентябрида ўйнаб юрган Мадина йиқилиб, қўлини синдириб олади. Бироқ бувиси Чинора бунга у қадар эътибор бермай, жароҳатни шунчаки боғлаб қўяди.

Аммо оғриқ ҳа, деганда босилавермагач, буви набирасини 35 километр наридаги вилоят касалхонасига олиб боради.

«Машинамиз йўқ. Шунинг учун вақтида касалхонага бора олмадик. Фақат эртасига кечқурунгина машина топа олдик,» эслайди кўздан ёши тинмаётган Чинора хола. «Менга набирамнинг қўлида очиқ синиш аниқланганини айтишди. Кейин гипслаб, беш кундан сўнг қайта кўрикка келишимиз лозимлигини таъкидлашди, лекин икки кун ўтмасдан Мадинанинг қўли кўкариб кетди. Касалхонага олиб борганимизда, қўл аллақачон ирий бошлаган эди.»

Мадина Бишкекка кетаверишда оламдан ўтади. Унинг ўлими юзасидан тергов иши ҳозиргача давом этмоқда.

Қанибек ва Нурсулув Чинора холани айбламасликларини айтадилар. Улар бахтсиз ҳодиса оёқ остидан чиқиб қолишини тушунишлари, аммо ўзлари уйда бўлганларида, балки қизалоқнинг омон қолган бўлиши мумкинлиги ҳақида сўзлайдилар.

Дафн маросимидан сўнг уларнинг яна Москвага қайтиб кетишига тўғри келган. Уч бола ҳали ҳам бувиси қарамоғида ўсмоқда.

"Келиним ҳалиям куйиб юрибди. Улар болаларни ҳам олиб кетмоқчи бўлишди, лекин ўзлари, ҳозирча, қушдек зўрға кун ўтказишяпти. Кундузи болаларга кўз-қулоқ бўладиган одам топилмайди, боғчага эса пул йўқ," дейди Чинора хола.

Рисунок: кладбище

Буви учта болага бир ўзи қарашга қийналади, аммо бундан бошқа чора ҳам йўқлигини айтади.

«Ҳозирча бола қарашга қарилик қилмайман. Болалар ишлаб олсин. Набираларим ота-онасини жуда соғинади, лекин мен билан яшашдан ҳам шикоят қилмайдилар.»

Мадинанинг ўлими шунга ўхшаш ягона ҳолат эмас. Қирғизистонда сўнгги вақтларда бундай ҳодисалар тез-тез кузатилмоқда. Ўтган йилнинг охирида муҳожирларнинг ёш болалари вафот этгани тўғрисидаги хабарлар бутун мамлакатни ларзага солган.

Шимолда жойлашган Чуй вилоятида икки яшар чақалоқ ҳалок бўлган, Норинда эса тўрт ёшли қизчани аввал зўрлаб, сўнг етти яшар акаси ва бувиси билан биргаликда ўлдириб кетишган. Иссиқкўл вилоятида сийиб қўйгани учун холаси томонидан калтакланган икки ёшли болакай жон таслим қилган.

Албатта, зўравонлик ва бахтсиз ҳодисалар фақат муҳожирлар оиласида юз бермайди. Бироқ экспертлар ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ўта қалтис шароитда ўсаётганини таъкидлайди.

«Ота-онаси бўлмаса, қараб турувчилар ёш болаларни яхши овқатлантирмай қўйиши мумкин ёки шунчаки тагликларни алмаштирмайдилар. Шу билан бирга қайд этиш лозимки, бу болалар ўта қалтис шароитда дунёга келганлар. Уларнинг ота-онаси бошқа юртга чиқиб кетгунга қадар ҳам оғир вазиятда кун кечирган,» тушунтиради «Бола ҳуқуқлари ҳимояси лигаси» жамғармасининг директори Назгул Турдубекова.

"Миграция даражаси пасайишини исташмаяпти"

Охирги расмий маълумотларга таянилса, 1,6 миллион қирғизистонликлар қашшоқлик чизиғидан қуйида яшамоқда - бу мамлакат аҳолисининг деярли 27 фоизи демакдир. Уларнинг катта қисми - 72 фоизи - қишлоқ жойларида истиқомат қилади.

Қирғизистонда қолган муҳожирларнинг болалари сони бўйича рақамлар бир-биридан кескин фарқ қилади.

Қирғизистон ижтимоий тараққиёт вазирлигига кўра, бундай болалар сони 72 минг атрофида. ЮНИСEФ эса ота-онасидан иккиси ҳам муҳожирликка кетган болалар сони 199 минг бўлса, ота-онасидан бири хорижда ишлаётган 299 минг бола борлигини маълум қилган.

Рисунок: вокзал

Замонавий дунёда миграцияга тўсқинлик қилишнинг имкони йўқ, лекин муҳожирлар оиласи билан кўчиб кетиши ҳам мумкин эди, дейди жамиятшунос Гулнора Ибраева.

Муҳожирларни қабул қилувчи мамлакатлар уларнинг ўзи билан болаларини ҳам олиб келишига қизиқиш билдирмайди, деб ҳисоблайди Ибраева хоним.

«Россияга кетаётган эр-хотин у ердаги шароит ватандагидан ҳам ёмонроқ бўлгани туфайли болаларини ўзи билан олиб кетолмайди. Бундан ташқари, аксар ҳолларда, улар алоҳида квартираларда яшашга мажбур бўладилар, ўзлари ҳам камдан-кам кўришиб турадилар.»

Кичкина болалари билан Москвада қийинчиликларга юзлашган муҳожир-аёллар тақдири тўғрисида Сергей Дворцевой томонидан ишланган "Айка" филми қирғиз хотин-қизларининг асл ҳикояларига асосланган. Филмда ўз фарзандларини Москва туғруқхоналарида ташлаб кетишга мажбур бўлган аёллар ҳаётини кўриш мумкин.

«Ўз ҳолига қўйиб қўймасдан бу муаммога зудлик билан ечим топиш зарур. Ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлолмаётган одамлар муаммосини шунчаки тилга олиш етарли эмас. Уларнинг ёнгинамизда кўча супуриб юришига бепарво қараб бўлмайди. Ҳамма ҳам жамиятнинг бир бўлагига айланишни, яхши шароитларда умргузаронлик қилишни истайди,» дейди режиссёр Дворцевой Би-би-си билан суҳбатда.

Мажбурий васийлик

23 ёшли Перизот тўрт ой аввал Қирғизистондан Ёқутистон пойтахти Якутскга келган. У фақат ўрта мактабни тамомлаган. Бироқ рус тилида равон сўзлаша олувчи Перизот шаҳардаги савдо марказларида сотувчилик бўйича иш топишдан умид қилмоқда. Ҳозирча у дўконда фаррош бўлиб ишлайди. Яна учта муҳожир аёл билан бирга коммунал квартирада ижарада туради.

"Бир неча йил олдин, турмушдан ажраганимдан сўнг, кредит олиб, кийим дўкони очишга қарор қилдим. Афсуски, ишларим юришмади, тез орада банкрот бўлдим. Ҳозир кредит тўлашим керак. Қирғизистонда тикувчи бўлиб ишлаганимда, маошим озиқ-овқат, ижара ҳақи ва коммунал тўловларга базўр етарди, холос," сўзлайди Перизот.

Ватанда унинг тўрт яшар ўғли қолган. Унга онаси ва синглиси қараб туради. Эри билан фарзанди дунёга келганда ажрашган, ота боласининг тарбиясида деярли иштирок этмайди.

Рисунок: прощание

Давлат миграция хизмати маълумотларида қирғизистонлик муҳожирларнинг, тахминан, 45 фоизи аёллар экани айтилади.

Халқаро Миграция Ташкилоти томонидан тайёрланган ҳисоботда аёллар миграциясининг қатор салбий оқибатлари келтириб ўтилган - жамиятнинг бесабаб иснодига қолиш, маҳаллий аҳоли билан зиддиятга бориш, оилаларнинг бузилиб кетиши ва ижтимоий алоқаларни узилиши.

Ҳисобот муаллифлари миграциянинг нафақат муҳожир ҳаёти, балки унинг барча оила аъзоларига ҳам асоратли таъсир ўтказишини тилга олган.

Охирги пайтда Қирғизистон маҳаллий ҳокимиятлари қарори билан муҳожирлар болалари рўйхатга олинмоқда. Фақат ўтган йилнинг декабрь ойида 79 минг нафар шундай бола қайд этилган. Бундан ташқари участка нозирлари томонидан ўтказилаётган рўйхатга олиш ишлари вақтида болаларга ёмон муносабат кўрсатиш ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган.

«Биз бу болаларнинг на боғча, на мактабга юборилмаётгани, жамият назаридан четда қолиб кетганини англадик. Улар кун бўйи уйдан чиқмайди, уйда нималар бўлаётганини эса ҳеч ким била олмайди,» маълум қилади ички ишлар вазирлигининг вояга етмаганлар масаласи бўйича бошқармаси бошлиғи Азамат Абдураҳмонов. «Рўйхатга олиш жараёни участка нозири ва оилавий врачдан иборат гуруҳлар томонидан амалга оширилмоқда - бу болаларнинг яшаш шароитини ҳам кўздан кечириш имконини беради.»

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бундай ишлар вояга етмаганларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш йўлидаги биринчи қадам, холос. Улар муҳожир ота-оналар ва ватанда қолаётган қариндошларнинг болалар ҳаётига бўлган масъулиятини ошириш учун Қирғизистонда расмий ва мажбурий васийликка олиш амалиётини жорий этишга чақирмоқдалар.

ЮНИСEФ аллақачон бу борада махсус форма ишлаб чиқишни бошлаб юборган. Таклиф қилинган жараённинг илк босқичида васийликни расмийлаштириш ихтиёрий тарзда кечади, иккинчи босқичда эса маҳаллий ҳокимликлар ва мактабларга васийликни расмийлаштириш учун ота-оналарга ёрдам бериш мажбурияти юкланади. Агар ота-оналар ёки қариндошлар васийлик масъулиятини бўйнига олишдан бош тортса, улар судга тортилади.

"Америкача орзу"

Перизот таклиф қилинаётган бу амалиёт ҳақида ҳеч нарса эшитмаганини айтади, лекин фарзанди билан бирор кор-ҳол юз бермаслигига унинг ишончи комил. Унинг айтишича, онаси набирасининг хавфсизлиги учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр.

Аммо Перизот кўздаги нуқсони сабабли онасининг биринчи гуруҳ ногиронига айлангани ва ногиронлик нафақасидан бошқа даромад манбайи йўқ эканини ҳам тан олади. Перизотнинг ўғлидан ташқари она ўзининг олти яшар қизини ҳам тарбияламоқда. Буви ва икки бола ижарага олинган квартирада яшайди, уларнинг тирикчилиги Перизот юборадиган пулга боғлиқ.

«Онам - биринчи гуруҳ ногирони, лекин жуда ғамхўр. Ўғлимни роса яхши кўради. Тез орада уйга қайтиб, боламнинг тарбияси билан ўзим шуғулланишдан умид қилмоқдаман,» дейди Перизот.

У ўғли биринчи синфга қадам босгунга қадар Қирғизистонга қайтишни режалаштирмоқда, лекин бунинг уддасидан чиқа оладими, йўқми ҳали номаълум.

29 яшар Жазгул Мадағозимованинг онаси Россияга ишлашга кетганида, Жазгул 13 ёшда эди. Отаси уч бола билан уйда қолган ва уй юмушларининг асосий қисми Жазгулнинг елкасига тушган. Она юборган пулга оила кредит қарзларини тўлаган ва уй кўтарган.

Рисунок: семья

Онасидан кейин уч йил ўтиб Жазгулнинг отаси ҳам Россияга кетган. Ота-она 10 йилдан сўнггина уйга қайтган. Бу вақтга келиб, фарзандлар ўз шахсий ҳаётини қуриб бўлган эди.

Уй қурилиши битган, фарзандлар керакли таълимни олган, аммо оила узоқ йиллар бирга бўла олмаган, болалар ота-она меҳрига тўймаган. Жазгул ота-онасидан хафа эмаслиги, уларнинг бундан бошқа иложи бўлмаганини яхши тушунишини айтади.

"Ҳар бир муҳожирда ўзининг "америкача орзуси" бўлади - шахсий уй, квартира ёки машинага эга бўлиш, оила қуриш, фарзанд орттириш ва дабдабали тўй ўтказиб, болаларига яхши таълим бериш. Бироқ, одатда, бу орзуларни амалга ошириш учун узоқ йиллар керак бўлади ва, бу вақт ичида, фарзандлар аллақачон катта одамга айланиб улгуради," сўзлайди Жазгул.

Расмлари муаллифи Магеррам Зейналова.

***

Бу мавзуда батафсилроқ