Тошкент-Нур-Султон: Тўқаев ва Мирзиёев Назарбоевдан кейинги ҳамкорликни муҳокама қилишди

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев даврида эришилган келишувларни бажариш ва стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишганлар.

Икки давлат раҳбарлари Тошкентдаги тантанали маросимда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини расман очиб беришган.

Аввалроқ меҳнат муҳожирлари ҳуқуқига доир илк битимни ҳам имзолаганлар.

Бу Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг хорижга иккинчи сафари, аммо биринчи давлат таширифи бўлган.

Нурсултон Назарбоев президентликдан кетди

Қозоғистон-Россия: Путин Назарбоевдан ўрнак оладими?

Назарбоев Каримовнинг ўлимидан сабоқ чиқардими?

У Тошкентдаги чиқишларида ўзбек-қозоқ муносабатларида охирги икки йилда кузатилган ижобий ўзгаришлар Нурсултон Назарбоев ҳамда Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ эканини айтган.

Тўқаев ўз баёнотларида Ўзбекистоннинг марҳум биринчи президенти Ислом Каримовни тилга олмаган.

Каримов даврида Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақада етакчилик учун ўзаро рақобатлашгани айтилади.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан ҳар икки томон ҳамкорликка урғуни кучайтирган.

Аммо Қозоғистоннинг ўзида Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар Ўзбекистонни хориж сармоялари учун янада жозибадор қилиши ва инвестицияларнинг Тошкентга оқишидан хавотир билдираётган экспертлар йўқ эмас.

Олдинга ва кейинги президент

Айни пайтда ўтган ой Назарбоевнинг кутилмаганда истеъфога чиқишини эълон қилиши Элбоши Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгариши тажрибасидан хулоса чиқаргани ҳақидаги фикрларга ундаган.

Тўқаев Тошкентга сафари арафасида навбатдан ташқари сайловларни эълон қилган, аммо унинг ўзи сайловларда номзодини қўйиш-қўймаслигини айтмаган.

Назарбоевнинг эҳтимолий меросхўри сифатида кўриладиган тўнғич қизи Дариғанинг ҳам режалари ҳозирча номаълум.

Тўқаев очиқ ва адолатли сайловларни кафолатлашини айтган, аммо Қозоғистон, худди Ўзбекистон сингари эркин ва адолатли сайловлар тажрибасига эга эмас.

Кўпчилик Нурсултон Назарбоев кимни истаса, ўша сайланишига шубҳа қилмайди.

Тўқаевнинг Тошкентдаги баёнотлари ҳам буни яна бир марта тасдиқлаган, холос.

Мирзиёев эса Қозоғистондаги сайловлар мавзусига тегинмаган, аммо икки давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажми 2020 йилда 5 миллиардга етказилишини айтишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek