Покистонлик аёл: ‘Рақс тушмаганим учун эрим сочимни қириб ташладиʼ

Screen grab from social media video of Asma Aziz
Image caption Интернетда эълон қилинган видеода Асма Азиз жамоатчиликдан ёрдам сўради

Покистоннинг Лаҳоридан бўлган Асма Азиз турмуш ўртоғи ва унинг дўстлари қаршисида рақсга тушишдан бош тортгани учун калтаклангани ҳамда сочи қириб ташланганини маълум қилиши ортидан мамлакатдаги аёллар хавфсизлиги масаласи юзасидан хавотирлар янада кучайган.

Асма Азиз тақир боши ва моматалоқ юзи тасвирланган видеони оммага ҳавола қилгандан сўнг матбуот ва жамоатчилик назарига тушган. У ўзининг бундай аҳволга тушишида турмуш ўртоғини айблаган.

Унинг эри Миян Файсал ва бир хизматкор айни дамда полиция томонидан ҳибсга олинган. Жаноб Файсал аёлини қийноққа тутганини инкор қилмоқда.

Шундай бўлсада, мазкур ҳолат аёлларни оиладаги зўравонликдан янада кўпроқ ҳимоя қилиш бўйича чақириқларнинг кенг акс-садо беришига туртки бўлган.

Amnesty International: «Асма Азизга нисбатан қийноқларга қарши тез чора кўрилганидан хурсанд бўлаётганимиз бир пайтда, аёлларга йўналтирилган зўравонлик ишлари тўғрисида хабарлар кўпайиб бораётганини хавотир билан қайд этамиз. Аёлларни ҳимоя қилиш йўлида тизимли ўзгариш зарур. Ҳар бир ишни кўриб чиққан билан натижа бўлмайди.»

Азиз хоним 26 март куни тарқатган видеосида икки кун олдин Лаҳордаги уйда базм қилаётган турмуш ўртоғи ва унинг дўстлари олдида рақс тушишдан бош тортгани туфайли қийноққа солинганини билдирган.

«У хизматкорлари қаршисида кийимимни ечиб ташлади. Сочимни қириб ташлаётган пайти хизматкорлар мени ушлаб турди. Кейин сочимни ёқиб юборди. Кийимларим қонга ботган эди. Қувурга боғлаб қўйишди. У яланғоч ҳолимда осиб, ўлдириш билан таҳдид қилди,» сўзлайди Азиз хоним.

Асма Азиз полициянинг шикоят аризаси қабул қилишни пайсалга солгани ҳақида айтади. Полиция эса бу даъвони рад этади.

Полиция Азиз хонимнинг видеоси ички ишлар вазири ўринбосари Шаҳриёр Афридийнинг назарига тушгандан сўнггина унинг аризасини қабул қилган.

Жаноб Файсал ва унинг хизматкори Рашид Али эртаси куни ҳибсга олинган. Дастлабки тиббий хулосага кўра, Азиз хонимнинг қўллари, ёноғи ва чап кўзи атрофида кўплаб кўкаришлар ва ғурралар аниқланган.

Кейинроқ Азиз хонимнинг адвокатлари ушбу ишнинг одатий жиноий тартибдан кўра аксилтеррор қонуни остида кўриб чиқилишини илтимос қилишган.

Лаҳор полициясига топширилган ҳужжатларда адвокатлар мазкур ишнинг «жамиятда кенг безовталик ва ташвиш»га сабаб бўлганини таъкидлаган.

Жаноб Файсал ўтган ҳафта аёлининг наркотик моддалар таъсирида ўз сочини кеса бошлагани ва сархуш бўлган ўзи унга фақатгина ёрдамлашиб юборганини иддао қилган.

Асма Азиз воқеаси ижтимоий тармоқлар бўйлаб Покистонда мавжуд оиладаги зўравонлик ҳолати юзасидан хавотирларга сабаб бўлган. Покистонлик актриса Санам Саид Азиз хонимни ҳимоя қилиб чиққанлардан бири бўлган.

БМТнинг Жинслар Тенгсизлиги Индексида 2016 йили Покистон аёллар саломатлиги, таълими, сиёсий иштироки ва иқтисодий мақоми даражаси бўйича 188 давлат ичидан 147-ўринга қўйилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ