Ўзбекистон: Нечта вазирлик биносига ногиронлик аравасида кира олиш мумкин?

Nogironlik aravachasidagi inson va zinapoyalar Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бутун дунёда ногиронлар учун қулайлик яратиш талаби кучаймоқда, Ўзбекистонда бу ишлар қачон кўнгилдагидек йўлга қўйилади?

Ҳатто пойтахт Тошкентда ногиронлик аравасидаги инсоннинг бировнинг ёрдамисиз мустақил ўзи ҳаракатланиши учун ҳозир ҳам шароит йўқ.

Ҳозирги кунда аксар мамлакатларда давлат идора ва ташкилотлари, хусусий корхоналар, жамоат транспорти ва турар-жой биноларини ногиронларга имконли қилиш талаблари ортмоқда ва кўпгина Европа мамлакатларида бу иш кўнгилдагидек йўлга қўйилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Кўплаб ногиронлик аравачасидаги инсонларнинг мустақил автобус ёки поездга чиқиб тушаётганлари, ишхонасига кириб чиқаётганларини кўриш мумкин. Савдо дўконларининг остонасида зинапоя ёнида ногиронлик аравачаси йўлакчаси барпо этилган, ногиронлар дўкон ичида махсус харид аравачасида айланиб ўзи хоҳлаган товарни аравачадаги саватда йиғиб юраверади.

Шу кунларда Қозоғистоннинг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мамлакатда ногиронлар учун қулай шароит яратмаганларни жаримага тортди.

Вазирликнинг хабар қилишича, 2018 йил мобайнида ногиронликка бағишланган мамлакат қонунчилигининг ижроси бўйича 604 текширув ўтказилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ногиронларга қулай шароит яратмаган 442 текширув субъектига ўзларининг хато ва камчиликларини тузатишлари лозимлиги тушунтирилган, 134 ташкилотга 33,4 миллион тенге(87 минг АҚШ доллари)лик маъмурий жарима белгиланган.

Агар шундай талаб билан Ўзбекистондаги вазирликлар ёки ҳокимликларнинг бинолари текширилса, нечтаси жаримага тортилиши мумкин?

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда узоқ йиллар мобайнида ногиронларнинг муаммоларига давлатнинг эътибори паст бўлганини тан олди.

Президент Мирзиёев 2017 йил 1 августида "Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган фармойишни имзолади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ