Дунё, янгиликлар: АҚШ "Мусулмон Биродарлар"ни террорчилар, деб эълон қилмоқчи, Хитой эса уйғурларни мобил илова орқали кузатмоқда

Президент Трамп Президент Сиси билан Фото муаллифлик ҳуқуқи MANDEL NGAN/GETTY

АҚШ "Мусулмон Биродарлар" ҳаракатини террорчи ташкилотлар сафига қўшмоқчи.

Президент Трамп маъмурияти "Мусулмон Биродарлар" ҳаракатини террорчи ташкилот ўлароқ эълон қилишни режалаштирмоқда, дея хабар берган Оқ Уй вакили.

Бу Мисрдаги узоқ тарихга эга исломий ташкилот аъзоларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиши ва уларнинг АҚШга киришига тақиқ қўйилишини англатади.

Ҳаракатнинг бутун Яқин Шарқ бўйлаб миллиондан ортиқ аъзоси борлиги айтилади.

Оқ Уй бундай қарорга Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисининг ўтган ой АҚШга ташрифи ортидан келган.

Америка матбуоти тарқатган маълумотлардан аён бўлишича, айнан жаноб Сиси президент Доналд Трампдан "Мусулмон Биродарлар"ни террорчилар сифатида тан олишни сўраган.

Шу ҳафтада эса Оқ Уй матбуот котибаси Сара Сандерс президент маъмуриятининг ушбу ташаббусни маъқуллаганини тасдиқлаган.

АҚШ мазкур қарорни расмийлаштирганидан кейин "Мусулмон Биродарлар"га алоқадор барча компаниялар ва жисмоний шахслар санкциялар рўйхатига тушади.

Абдул Фаттоҳ ас-Сиси 2013 йилда "Мусулмон Биродарлар" етакчиси бўлмиш Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан ағдариш орқали қудратга келгандан сўнг Миср ҳукумати ҳаракатни террорчи ташкилотлар сафига қўшган.

HRW: Хитой шинжонликларни мобил илова орқали кузатмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Human Rights Watch ташкилоти томонидан тарқатилган ҳисоботда таъкидланишича, Хитой полицияси Шинжон Уйғуристонида истиқомат қилувчи миллионлаб этник уйғурларни мобил илова орқали кузатмоқда.

Ташкилотга кўра, мазкур илова одамларнинг хатти-ҳаракати, жамиятдаги фаолияти, электр энергиясидан қанчалик фойдаланиши ва хорижда танишларга эга ёки йўқлигини яқиндан ўрганади.

Шунингдек, илова тўпланган маълумотларга асосланиб, одамларни «норасмий имомлар», электр энергиясидан ҳаддан зиёд фойдаланаётганлар, ҳукумат рухсатисиз Ҳаж зиёратига борганлар каби «36 хил шахслар»га синфлайди.

Сўнг полиция бу натижалардан «хавфли унсурлар»ни аниқлашда фойдаланади.

Шинжон Хитой ҳукумати томонидан кучли хавфсизлик назорати ўрнатилган ҳудуд ўлароқ маълум.

Миллиондан зиёд этник уйғурларнинг "қайта тарбиялов жамлоқлари" аталмиш қамоқхонага ўхшаш марказларда сақланаётгани тўғрисидаги хабарлар дунёни ташвишга солиб келмоқда.

Британия мудофаа вазири Huawei туфайли истеъфога чиқарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy

Буюк Британия мудофаа вазири Гевин Уилямсон ёпиқ эшиклар ортида ўтган музокаралар тўғрисида маълумотлар тарқаб кетиши юзасидан ўтказилган текширув натижаларига кўра вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнини халқаро тараққиёт вазири Пенни Мордонт эгаллаган.

Британия вазирлар маҳкамаси тарқатган хабарда Хитойнинг Huawei компанияси билан ҳамкорликда 5G тармоғини шакллантириш масалалари кўриб чиқилган Миллий хавфсизлик кенгашининг ёпиқ музокаралари билан боғлиқ маълумотларнинг сизиб чиқиши туфайли Бош вазир Тереза Мейнинг Гевин Уилямсонга нисбатан ишончи йўқолгани маълум қилинган.

24 апрел куни пайдо бўлган хабарлардан сўнг Буюк Британия ҳукумати 5G тармоғини яратишда Huawei компаниясининг баҳсли маҳсулотларидан фойдаланишни режалаштираётгани аён бўлган эди.

Компаниянинг технология соҳасида Хитой ҳукумати билан яқин ҳамкорликда ишлашини тахмин қилувчи АҚШ Huawei маҳсулотлари жосуслик ва саботажда қўлланиши мумкин, дея иддао қилади ва ўз иттифоқдошларини ушбу маҳсулотлардан фойдаланмасликка чақириб келади.

Таиланд қироли ўз тансоқчисига уйланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Қироличанинг бошига муқаддас сув қўйиш маросими ўтказилди.

Таиланд қироли Важиралонгкорн ўзининг соқчилар хизмати бошлиғи ўринбосарига уйланиши ортидан ҳаммани ҳайратда қолдирди. Натижада собиқ борт кузатувчиси бўлган тансоқчи аёл мамлакат қироличасига айланган.

66 яшар Важиралонгкорн дунёда энг узоқ тахтда ўтирган - 70 йил - монарх ҳисобланмиш отаси Бумибол Абдулядежнинг ўлими ортидан 2016 йилда қудратга келган.

У аввал ҳам уч бор уйланган ва етти фарзанднинг отасидир.

Важиралонгкорн 2014 йилда Thai Airways авиакомпанияси ходимаси Сутҳида Тиджайни ўзининг соқчилик хизмати бошлиғи ўринбосари этиб тайинлаган.

Тахтга ўтиргандан сўнг унга мамлакат армияси генерали унвонини берган.

Шу вақтга қадар икковлон омма олдида мунтазам кўриниш бериб келганига қарамай, уларнинг муносабатлари тўғрисида расман ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ