Хитой уйғурларни миллат сифатида йўқотиш йўлини топдими?

Уйғурлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шинжонда Хитойнинг асосий миллати бўлмиш ханлар билан қурилган никоҳдан туғилган болалар олийгоҳга киришда қўшимча балл олади. Таҳлилчилар буни мусулмон уйғурларни йўқотишдаги сўнгги чоралардан бири сифатида талқин қилмоқда.

Асосан уйғурлар яшовчи Шинжон бўлгасида олийгоҳларга кириш тартиби ўзгарди. France Press агентлигининг хабар беришича, бошқа миллат билан қурилган никоҳдан туғилган болаларга ўқишга киришда имтиёзлар берилади.

2014 йили зўравонликлар авж олишидан сўнг, Хитой ҳукумати Шинжон бўлгаси бўйлаб, қатъий хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Аёлларнинг ҳижоби, эркакларнинг соқолига қўйилган тақиқлар, миллиондан ортиқ мусулмонни махсус лагерга жойлаштиришгача етиб борди.

Кузатувчилар кўра, университетга кириш шартларининг ўзгартирилиши, минтақадаги аҳолининг ярмини ташкил қилувчи уйғурларга қарши қаратилган чоралардан биридир.

Ўтган ҳафта Шинжон автоном минтақаси ҳукумати коллежларга кириш умуммиллий имтиҳонларида ҳимоясиз гуруҳ вакилларига қўшимча баллар бериш ҳақида янги қоидаларни эълон қилди.

Маҳаллий ҳукумат икки миллат вакилидан туғилган абитуриентларга бериладиган қўшимча баллар икки баробар кўпайтирди. Ота ёки онаси Хан бўлганларга 20 балл қўшилади. Ота-онаси бошқа этник озчиликлардан бўлган абитуриентларга 15 балл берилади.

Ла Троб университети профессори Жэймс Лейболд France Press агентлигига берган изоҳида янги имтиҳон сиёсатини "Ханларникига ўхшамаган фикр ва феъл-атворни чинлаштиришга бўлган ҳаракатларнинг бири", деган.

Унга кўра, Хитой ҳукумати миллатлараро никоҳ интеграция ва уйғурлар ҳамда бошқа этник озчиликларни хитой миллати билан ассимилиция бўлишида асосий омиллардан эканига ишонади.

Хитой ҳукумати бошқа миллатлардан ташкил топган никоҳни биринчи бора тарғиб қилмаяпти.

2014 йили Шинжондаги Кёма тумани ҳокимияти Хитойнинг асосий миллати бўлмиш Хан ва бошқа миллат вакилидан ташкил топган оилага ҳар йили 10 000 юан (1450 доллар) нақд пул беришини маълум қилган. Ушбу маблағ никоҳнинг биринчи 5 йили давомида бериб борилиши айтилган.

БМТнинг ўзи ўтган йили халқаро ташкилот ўлароқ Хитойдаги уйғурларнинг оммавий тарзда ҳибсга олинаётгани борасидаги хабарлардан чуқур ташвишда эканини баён қилган.

Ташкилот Хитой ҳукумати томонидан терроризмга қарши амалиёт «баҳонасида» қўлга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақирганди.

Бу баёнот Шинжонда сони миллионга яқин, деб кўрилаётган мусулмон уйғурларнинг қайта тарбиялов лагерларида тутиб турилганлиги ҳақидаги ҳисоботлар БМТнинг махсус қўмитаси томонидан тингланиши ортидан эълон қилинган.

Расмий Пекин бу иддаоларни рад этган, аммо баъзи диний радикаллар қайта тарбияланиш учун ҳибсга олинганини тан олган.

Хитой провинциядаги тартибсизликларда исломий жангарилар ва айирмачиларни айблаб келади.

Ўтган йил август ойининг бошида мазкур масалани кўриб чиқиш давомида БМТнинг Ирқий Камситишга Барҳам Бериш бўйича Қўмитаси Уйғур автоном региони расмий Пекин томонидан «оммавий тарзда ҳибсга олинганлар тутиб туриладиган лагерга ўхшаш ҳудудга айлантирилгани»га ишора қилувчи ишончли ҳисоботлар бор эканлигини айтган эди.

Хитой бу даъвога уйғурлар тўлиқ фуқаролик ҳуқуқларига эга эканлигини «яна бир бор» эслатиш билан жавоб қайтарган. Бироқ расмий Пекин «диний экстремизм тузоғига тушиб қолганлар… қайта жойлаштирилиши ва қайта тарбияланиши лозим»лигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари, хусусан, Amnesty International ва Human Rights Watch БМТ қўмитасига уйғурларнинг оммавий ҳибсга олиниши ҳужжатлаштирилган ҳисоботларни тақдим этган.

Уларга кўра, лагерларда тутиб турилган уйғурлар Хитой президенти Си Жинпингга содиқ бўлиш учун қасам ичишга мажбурланади.

Жаҳон Уйғур Конгресси ўзининг ҳисоботларида уйғурлар лагерларда бирор айбловсиз тутиб турилиши ва Хитой Коммунистик Партияси шиорларини бор овозда айтишга мажбурланишини кўрсатиб ўтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek