Тожикистон: ИШИД маҳбуслари қамоқхонада исён кўтарди, 32 киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи VLADIMIR GERDO/TASS

Тожикистондаги қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонада юз берган исёнда уч нафар соқчи ҳаётдан кўз юмди, дея хабар бермоқда мамлакат Адлия вазирлиги.

Пойтахт Душанбе шарқида жойлашган Вахдат қамоқхонасида юз берган исёнда, камида 29 маҳбус ҳалок бўлгани хабар қилинади.

Ушбу қамоқхонада диний экстремизмда айбланган шахслар, жумладан, ИШИД аъзолари сақланиши айтилади.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида қамоқхона нозири ўлдирилди

Бу ўтган олти ой ичида Тожикистонда юз берган иккинчи йирик қамоқхона қўзғолонидир.

Адлия вазирлиги баёнотига кўра, 19 май куни 30 маҳбус уч нафар соқчини пичоқ ва бошқа ўткир тиғли жисмлар билан асирга олиши ортидан тартибсизлик бошланиб кетган.

Қўзғолон ташкилотчиларидан бири ИШИДга қўшилиб кетган тожик махсус кучлари зобити Гулмурод Ҳалимовнинг ўғли Беҳруз Гулмурод бўлган. Жаноб Ҳалимов Суриядаги жангларда ўлдирилган эди.

Айни вақтда, қурбонлар тўғрисида аниқ маълумотлар ошкор этилмаган, аммо адлия вазирлиги вазиятнинг назорат остига олинганини иддао қилмоқда.

Ўтган ноябрь ойида Хўжандда жойлашган қаттиқ тартибдаги қамоқхонада юз берган исёнда 21 маҳбус ва икки соқчи ҳалок бўлган эди. ИШИД бу хунрезлик юзасидан масъулиятни ўз бўйнига олган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek