Рўза ва Рамазон: Чалопхўр, айронхўр рўзадорлар ёки Рамазондан ким фойда кўрмоқчи?

Рўза ва Рамазон: Чалоп ва айронга харидорни кўринг - бир стакани ярим доллардан ортиқроқ туради, аммо анчайин қиммат эса-да, айниқса, рўза, Рамазон ойларида чалоп ёки айронга навбатни кўринг...Айниқса, саҳарлик пайтларида.

Маълум бўлишича, бу каби ҳолат ҳар йил Рамазон ойида Покистон учун одатий бир ҳолга айланади.

Яъни, маҳаллий чалопчи ёки айрончиларнинг бозори айни шу ойда қизигандан қизийди.

Чунки Покистонда рўзадорлар учун саҳарликка чалоп ёки айрон ичиш ниҳоятда фойдали, деб кўрилади.

Ифторликкача чанқашни истамасангиз, саҳарликда тўйиб, тўйиб чалоп ёки айрон ичишлари лозимлиги айтилади.

Пойтахт Исломободдаги мухбиримиз Муҳаммад Иброҳимнинг хабар беришича, шаҳарда, айниқса, чалопчи Акбар Алининг айрони жуда машҳур.

У киши 15 йилдан бери худди шу тижорат билан шуғулланиб келади, ҳатто ўзининг бутунбошли чалопхонаси бор.

Мижозларининг сони юзлаб эканига қарамай, чалоп ёки айронни ҳануз қўлда қилишади, замонавий машиналарни бир четга суриб, ҳалиям ёғоч идишлардан фойдаланишади.

"Шу боис ҳам, тонгнинг қоронғуси бўладими ёки туннинг, фарқи йўқ, харидорларнинг кети узилмайди", - дейди у киши.

Рўза, Рамазон ва ўзбекистонлик: Масжидга чиқишдан қўрқмаймиз

Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман

Дунё ва ўзбеклар: Ифтор бозори ҳам жойида, болалар ҳам масжидда

Дунё ва ўзбеклар: Гўшт нархи бир кунда $5 долларга чиқиб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Покистон ва Рамазон

Покистон минтақадаги аксарият аҳолиси мусулмон ва давлатчилиги ҳам исломий бўлган саноқли давлатлардан биттаси бўлади.

Аммо мамлакат аҳолиси орасида, айниқса, сўнгги йилларда Рамазон ойининг тижорийлашиб бораётганига оид шикоятлар кучайган.

Улар Рамазон хайрия, тоат-ибодат ва нафсдан тийилиш ойи бўлиши керак эмасми, дея ўз таажжубларини ошкора изҳор этишга ўтишган.

Айнан тижорийлашиб бораётгани боис, Рамазон ойи ҳам ўзининг руҳи, шукуҳини йўқотмоқда, дейишгача боришган.

Турли таомлар қийматидаги имтиёзларни кўз-кўз қилувчи рекламалар бўладими ёки диний мазмундаги телевизион викториналар, Рамазон ойида бу нима, дегани, дея нолишга ўтишган.

Булар барчасининг Рамазон ойига қанчалик зид экани саволи эса, маҳаллий ахборот воситалари эътибор қаратган, таҳлил остига олган саволлар даражасига кўтарилган.

Бошқа шикоятлар ҳам бор...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Покистонда бу ойда, айниқса, муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг осмонга сапчиши аллақачон одатий тус олиб қолган.

Рамазон ойида, айниқса, ун ва қуритилган хурмо деярли қўл етмас бўлиб қолиши покистонликларнинг ғазабларини тоширмай қолдирмаган.

Одамлар бу каби ҳолатга асосан мусулмонлар учун муқаддас эканига қарамай, Рамазон ойидан фойда кўриб қолишни кўзлаган тужжорларни айблашади.

Тожирлар эса, буни айнан худди шу ойда юзага келувчи озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги билан изоҳлашади.

Аммо айни қабила изоҳларига маҳаллий аҳолини барибир ишонтира олишмайди, улар тужжорларни сунъий равишда бу ишни ўзларинг қиласизлар, дея айблашади.

Покистонлик масъуллардан дўкон ва бозорлардаги нарх-наволарни қатъий назорат қилишини сўрашади.

Буларнинг барчаси манзарасида минтақадан олинган хабарларда покистонлик масъулларнинг бозор ва дўконларга махсус рейдлар уюштиришгани, сотувчиларга жарима солиш билангина чекланмай, ҳатто уларни қамоққа ташлашлари ҳақида ҳам ёзилади.

Аммо бу йил ҳам Покистонда Рамазон ойи арафасида худди шу каби аҳвол кузатилар экан, одамлар масъуллар янада қаттиққўллик қилишмаса, кўраётган чора-тадбирларидан бирор бир самара бўлмаслигини айтишмоқда.

Энди эса, мухбиримиз Муҳаммад Иброҳимнинг чалопчи Акбар Алининг Равалпиндидаги машҳур чалопхонасидан тайёрлаган видеолавҳасини томоша қилинг.

Энг сўнггида биттагина савол: Бу йил Рамазон ойида Ўзбекистон бозорларида чалоп ва айроннинг савдоси қандай?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek