Россия: Путиннинг қизи нима тўғрисида диссертация ёзди?

мгу Фото муаллифлик ҳуқуқи ТАСС

Ўтган жума куни Москва Давлат Университетида назарий механика соҳасида ёзилган номзодлик диссертациясининг ноодатий ҳимояси бўлиб ўтди.

Бир қарашда ушбу илмий иш бошқаларидан у қадар катта фарқ қилмайди. Бироқ унинг муаллифи Би-би-си Рус Хизмати журналистлари эътиборини ўзига тортган.

Физика-математика фанлари номзоди даражасига даъвогарлик қилган ёш олиманинг исми Катерина Тихонова бўлиб, Reuters, Bloomberg хабар агентликлари ва АҚШ молия вазирлиги уни Россия президенти Владимир Путиннинг кенжа қизи, деб ҳисоблайди.

Катерина Тихонова Путиннинг қизими?

Оилавий қадриятлар: Путиннинг қариндошлари қандай бизнесларни эгаллаган?

Президентлар қизлари: отасидек қудратли

Диссертация мавзуси, ҳар қандай жиддий илмий иш каби, оддий ўқувчи учун бир ўқишда унчалик тушунарли эмас: «Вестибуляр механорецепторлар фаолияти коррекциясининг математик вазифалари».

Би-би-си Рус Хизмати университет вебсайтида олдиндан эълон қилинган ҳимояга тайёргарлик ҳужжатлари билан танишиб чиқиб, илмий ишнинг моҳиятини имкон қадар қисқа ва лўнда тушунтиришга ҳаракат қилди.

Фазогирларнинг «денгиз касали»

Қадимги юнон файласуфи Арасту томонидан тасвирланган беш ҳиссий туйғулардан ташқари - кўриш, эшитиш, ҳид билиш, англаш ва таъм билиш - одамда яна бошқа сезгилар ҳам мавжуд. Шулардан бири - эквибриосепция ёки мувозанат сезгисидир.

Мувозанат қулоғимиз ичида жойлашган мураккаб аъзо - вестибуляр аппарат фаолиятини таъминлайди. Унинг рецепторлари мия ҳаракати кузатади, Ернинг тортишиш кучи йўналишлари ўзгаришига муносабат билдиради ва мияга тана ҳолати ҳамда тезлик билан боғлиқ маълум сигналларни юборади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ушбу рецепторлар ўта сезувчан бўлганидан уларнинг фаолиятини осонгина чалкаштириб юбориш мумкин. Масалан, бир муддат турган жойингизда тез айлансангиз, атрофингиздаги муҳит оёғи осмондан бўлиб, гир айланаётгандек туйилади.

Денгиз касалининг табиати ҳам айни ҳолатга ўхшаш: кўз орқали қабул қилинаётган маълумот вестибуляр аппаратдан келаётган сигналларга мос келмайди ва, натижада, одам гандираклай бошлайди.

Вестибуляр аппарат Ернинг тортишиш кучига қараб «ҳисоб-китобларни олгани» туфайли у вазнсизлик ва ортиқча юк шароитида нормал фаолият юритолмайди.

Кўзлар ҳаракатни қайд этиб бораверади, аммо кўриш орқали қабул қилинаётган маълумот қулоқ ичидаги рецепторлар томонидан тасдиқланмайди, улар ўртасида зиддият юзага келади - оқибатда, мия фаолияти мувозанати бузилади.

Катерина Тихонованинг илмий иши айнан кўриш сезгиси ва вестибуляр аппарат фаолияти ўртасидаги муаммога ечим топишга бағишланган.

«Путиннинг кенжаси» мияга келаётган вестибуляр аппарат сигналларини қандай тўғрилаш ва вазнсизлик ҳолатида мувозанат ҳиссини қайта тиклаш йўлларини излаб топишга уринган.

Сезгиларнинг алданиши

Тихонова хоним ишлаб чиқишга уринган тўғрилаш услуби - GVS (гальваник вестибуляр стимуляция) технологияси - фанга деярли бир асрдан бери маълум.

Мазкур услубда инсон бошига вестибуляр аппаратни заиф электр токи билан таъсирлантирувчи электродлар уланади. Натижада, беморда ўз ҳаракатларининг иллузияси пайдо бўлади, мушаклар таранглашади ва кўзлар ҳаракатлана бошлайди.

Бир неча йил муқаддам япониялик олимлар, ҳатто, вестибуляр аппарат фаолиятини мувозанатга келтирувчи қулоқчинсимон қурилмани яратган. Бу қурилма, биринчи навбатда, компьютер симуляторлари ва кўнгилочар парклар мухлисларига мўлжалланган.

Катерина Тихонованинг илмий ишида вестибуляр рецепторларнинг математик модели асосида ўхшаш тадқиқотлар ўтказилган. Муаллиф рецепторлар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг икки кўринишини таклиф этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Инсонда бешта сезги бор деб ҳисобланади, аммо аслида улар турли ҳисоб-китобларга кўра, тўққизтадан кам эмас. Улардан бири - мувозанат сезгиси Катерина Тихонова диссертациясининг мавзуси

Биринчиси - иллузиянинг дастурий тақлидини яратиш. Бу учувчилар машғулот ўтказадиган ўқув симуляторларини такомиллаштиришга ёрдам беради, уларда ўтаётган машғулотларнинг ҳақиқий ҳаётга янада яқин бўлишини таъминлайди.

Иккинчиси - сенсорларнинг номувофиқ реакциясини тўғрилаш. Бундай усул орқали вазнсизлик ҳолатида бўлган фазогирларнинг мувозанат сезгисини қайта тиклаш мумкин.

Би-би-си Рус Хизмати аниқлаган маълумотлардан аён бўлишича, Тихонова хоним ўз илмий иши устида деярли олти йилга яқин меҳнат қилган.

23 май куни Коммерсант нашри билан суҳбатлашган Москва Давлат Университети ректори Виктор Садовничий Тихонова хонимни ўз аспиранти, дея атаган ва унинг илмий иши ҳимояси «порлоқ» ўтишини олдиндан "башорат қилган".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ