Ўзбекистон-Германия: Штайнмайер Мирзиёевни янги ислоҳотларга ундаши керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident Matbuot Xizmati
Image caption Мирзиёев шу йил январида Германияга ташриф буюрганди

Ҳюман Райтс Уотч (Human Rights Watch) инсон ҳақлари ташкилоти Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайерни Президент Шавкат Мирзиёевни янада кўпроқ ислоҳотларга ундашга чақирди.

Баёнотга кўра, Германиянинг жорий федерал Президенти ўзи ислоҳотлар йўлида, деб ишонган давлатларга сафар қилишни ёқтиради.

Мирзиёев ва Меркель нима ҳақда гаплашишди?

Германия-Ўзбекистон:Тошкент ўз маданий меросига маънавий эга чиқмоқда

Германия элчиси Ўзбекистонни тезроқ конвертацияни очишга чақирди

Ташкилотнинг номи тилга олинмаган Штайнмайер ёрдамчиларига иқтибосан айтишича, Ўзбекистонга ташриф ҳам худди шу ишончдан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Штайнмайер Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябрида ҳокимиятга келганидан буён Тошкентга ташриф буюраётган энг юқори мартабали ғарблик сиёсатчидир.

Ҳануз яккаҳоким

Ҳюман Райтс Уотчнинг айтишича, ўтган вақт мобайнида кўпгина ўзгаришлар қилинганига қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати ҳануз "юқори даражада яккаҳоким".

"Хавфсизлик хизматларининг ваколатлари чексизлигича қолмоқда ва ҳибсхоналарда ноқонуний ушлаш, қийноққа солиш ва маҳбусларга бошқа номақбул муомала турлари ҳануз кенг тарқалганига доир хабарлар мунтазам", - дейилади баёнотда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Штайнмайернинг Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар бўлаётгани ҳақидаги фикрига қўшилади.

"Мирзиёев инсон ҳақларига ҳурмат мамлакатнинг оғир иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш, Ўзбекистонни олдинги президент давридаги чуқур ихоталанишдан олиб чиқиш ва халқаро дастакка эришиш йўлидаги стратегиянинг зарур бир қисми эканини тан олди. Германия президенти буни эътироф этиши, айни пайтида бу катта йўлдаги кичик қадамлар эканини урғулаши керак".

'Эйфориядан сўнг..."

Ҳюман Райтс Уотчга кўра, Мирзиёев ҳокимиятга келган илк даврда "Тошкент баҳори" атрофида пайдо бўлган эйфориядан сўнг Ўзбекистондаги ислоҳотлар янги босқичга кириши керак.

"Қабул қилинган кўпгина янги қонун ва фармонлар одамларнинг кундалик ҳаётидаги ҳақиқий ўзгаришга айланиши керак", дейди Ҳюман Райтс Уотч.

Ўзбекистон Президентининг матбуот хизматига кўра, Германия президенти 27-29 май кунлари расмий ташриф билан келади.

Президентлар икки томонлама ва Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий ҳамда иқтисодий алоқаларни муҳокама қиладилар.

Ташриф давомида Штайнмайернинг Урганчга ҳам сафар қилиши кутилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek