Ўзбекистон: Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсуповнинг қийноққа солинганини рад этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xabar.uz
Image caption Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни ҳибсга олинган

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова ўтган ой ҳибсга олинган журналист Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ДХХ ҳибсхонасида қийноққа солингани ҳақидаги даъволарни рад этди.

"Мазкур маълумот мутлақо ҳақиқатга мувофиқ эмас. Айбланувчи томонидан тергов бориши юзасидан ҳеч бир эътироз билдирилгани йўқ", - деб айтди Бош прокуратура вакили Би-би-сига.

Яқинларига кўра, Саид-Абдулазиз Юсупов ўзининг шафқатсиз қийноқларга тутилгани ҳақида 4 июнь куни ҳимоячиси Арслон Шоймардонов орқали билдирган.

Ўзбекистон: Саид-Абдулазиз Юсуповга руҳий босим ўтказилган

Ўзбекистон: Қамалишидан олдин Мирзиёевга мурожаат қилган журналист нималар деди?

Ўзбекистон: ДХХ Президент Мирзиёев ҳақида китоб чиқараётган журналистни қўлга олди

Турмуш ўртоғи Дилфуза Юсупованинг Би-би-сига айтишича, Саид-Абдулазиз Юсупов ДХХга қилинган қайта-қайта мурожаатлардан сўнг, сешанба куни кечга томон ўзи билан 20 дақиқа мобайнида сўзлашишга муваффақ бўлган адвокатига "опер"лар уни уриб, ичини тўкиб юборгани"ни айтган.

"Ўтган 12 кун давомида "опер"лар мени дубинка, сув тўлдирилган баклашкалар ва бошқа буюмлар билан оёқларимнинг тагига, қўлларимга ва танамнинг қолган жойларига тинмасдан зарбалар беришди. Улар уравериб, ички органларимни тўкиб бўлишди" - дея адвокатнинг сўзларига таяниб турмуш ўртоғидан иқтибос келтиради Дилфуза Юсупова.

Унинг сўзларига кўра, адвокат Арслон Шоймардонов ҳимояси остидаги шахснинг баданини кўздан кечирганда, баданида кўкарган, шишган ва қизарган жойларни кўрган.

Дилфуза Юсуповага кўра, адвокат қийноқ иддаолари юзасидан Бош прокуратурага расман мурожаат қилиш ниятида эканини айтди.

Жосусликда айбланмоқдами?

Ўтган ҳафта яқинлари Саид-Абдулазиз Юсуповга руҳий тазйиқ ўтказилганини даъво қилишганди.

Уларга кўра, адвокати 12 кун мобайнида ҳимояси остидаги шахс билан кўриша олмаган.

Ҳибсхона масъуллари карантин деган важ билан адокатнинг сўровини рад этгани айтилади.

Яқинларининг иддао қилишича, расмий ҳужжатларда Саид-Абдулазиз Юсупов ДХХ ҳибсхонаси эмас, балки бошқа жойда сақланаётгани айтилган.

Уларнинг адвокатга таяниб билдиришича, ДХХ Жиноят Кодексининг 168-моддаси ("Фирибгарлик") бўйича тергов ҳаракатларини олиб бориш ваколатига эга бўлмагани учун қилинмоқда.

Дилфуза Юсупованинг адвокатга иқтибосан айтишича, Саид-Абдулазиз Юсупов "Туркия фойдасига жосуслик қилганлик" айбини бўйнига олиш учун қийноққа солинганини айтган.

"Шунча қийнашса ҳам қўл қўймабдилар, адвокатлари ҳам ҳеч қандай ҳолатда қўл қўйманг, деб тайинлабди", - дейди Би-би-си билан суҳбатда Дилфуза Юсупова.

Аммо Бош прокуратура бу даъволарнинг барчасини қатъиян рад этмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонованинг Би-би-сига айтишича, Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан тергов ҳаракатлари аввалдан эълон қилинган ЖКнинг "фирибгарлик" банди бўйича олиб борилмоқда.

"Сиз айтган ҳеч бир моддалар (Жосуслик - таҳр) бўйича айблов ёки ғайриқонуний усуллар Юсуповга нисбатан йўқ. Дастлабдан айб эълон қилинган ЖКнинг 168-моддаси доирасида тергов бормоқда", - деб айтди Сурайё Раҳмонова.

Бош прокуратура вакили "фирибгарлик" айбини ДХХ тергов қилишга ваколатли эмас, деган иддаони ҳам рад этди.

"ЖПК 345-моддасига биноан терговга тегишлилик 3 та орган (ИИВ, ДХХ, прокуратура) орасида тақсимланган, лекин айрим жиноятлар тергови қонунда тугал тегишлилиги кўрсатилмаганлиги нуқтаи назаридан уни айнан ана шу орган тергов қилади, деган чеклов йўқ. 168-модда айнан шу жиноятлар категориясидан. Яна бир муҳим асос - Юсупов ўзини ДХХ ходими деб таништириб, фирибгарлик қилган. Бу ҳам унинг ишини ДХХ тергов қилишини белгилайди", - деб айтди Сурайё Раҳмонова.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов 10 май куни ҳибсга олинган.

12 май куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Юсуповга эҳтиёт чораси сифатида 10 кун қамоқда ушлаб туриш ҳақида ажрим чиқарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02