Қозоғистон: Сайлов олдидан намойишлар нимани англатади?

Kazakh police officers detain opposition protesters in Almaty on May 1, 2019. - Dozens of protesters opposed to Kazakhstan"s authoritarian regime were arrested by police in the largest city Almaty on Wednesday after decrying a snap election critics liken to a succession plan. Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сайлов олдидан мухолифат тарафдорлари ҳибсга олинди, бироқ норозиликларнинг ўзи кўпчилик учун кутилмаган бўлди

Якшанба куни Қозоғистон янги президентни сайлайди. Мамлакат мустақил бўлганидан бери илк бор номзодлар орасида Нурсултон Назарбоев номи йўқ. Бундан руҳланган қозоғистонликлар мамлакатда камдан-кам кузатиладиган намойишларга зўр бермоқда - ҳукумат эса норозиликни бостириш билан овора.

Жаноб Назарбоевнинг сўзларига кўра, у ҳокимиятни бошқа одамга топширишга "уч йилдан ошиқроқ вақт давомида" тайёргарлик кўрган. Бироқ истеъфо ортидан ҳам Элбошининг сиёсий таъсири юқорилигича қолганига ишонилади.

Жаноб Назарбоев март ойида ўз ўрнини Сенат раиси Қосим-Жўмарт Тўқаевга бўшатиб берган эди. Жаноб Тўқаев 2020 йил апрелига қадар мамлакатни муваққат президент сифатида бошқариши кўзда тутилган эди, аммо "барқарорлик" важи билан мамлакатда муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилиши эълон қилинган.

Бироқ ҳокимият алмашинуви расмийлар умид қилгандек бир текис кечмаётир.

Охирги икки ой ичида президентлик сайловини бойкот қилиш чақириғи остида бир қанча кичик намойишлар кузатилган. Ўз норозилигини билдиришга тоқат қилинмайдиган мамлакатда эса "Диктаторликка йўқ деймиз" дея қичқираётган оломонни кўриш анчайин ноёб ҳолатдир.

Норозиларнинг катта қисми ёшлар экани айтилади. Қозоғистонда 1990 йилдан кейин дунёга келган барча ёшлар умрини фақат бир одам - Нурсултон Назарбоевраҳбарлиги остида ўтказган.

Унинг истеъфоси жиддий ўзгаришларга умид уйғотган эди - аммо аксар қозоғистонликлар, зум ўтмай, ҳиссиётга ортиқча берилиб юборганини англаб етган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 2005 йилги сайловдан кейин тасвирга олинган ушбу суратдаги жаноб Назарбоев 1989 йили коммунист раҳбар сифатида қудратга келган эди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз президентлигини пойтахт Астана номини Нур-Султон, дея ўзгартириш қарори билан бошлади.

Фаол ёшларнинг аксарияти буни ҳокимият алмашинуви фақат кўзбўямачиликдан иборат ва барча нарса олдиндан ҳал қилиб бўлинган, деган белги ўлароқ қабул қилди. Улар ўзларини алданган ҳис қилдилар.

Уларнинг ўз келажакларини ўзлари белгилашга бўлган умиди бир ёниб, сўнди.

"Тўқаев менинг президентим эмас, Нур-Султон менинг шаҳрим эмас. Менинг ўз танловим бор," дейди Мадина Бозоргалиева ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеода.

Шундан бери ёш авлод орасида норозилик кайфияти ва фаоллик кескин ошиб кетди. «Менинг ўз танловим бор» (#уменяестьвыбор) ҳештеги эса ижтимоий тармоқда яшин тезлигида тарқалди. Талабалар тўпланиб, ўз овозларини қандай эшиттириш мумкинлигини муҳокама қила бошладилар.

"Ташқаридан ҳаммаси ажойиб кўринади. Бироқ ичкарига кирсангиз, кўнглингиз айнийди," дейди Ася Тулесова.

Айнан Тулесова хоним каби ёш фаоллар расмийларни кутилмаганда қийин вазиятга солиб қўйган. Уларни панжара ортига ташлаш амалиётлари эса норозилик кайфиятини янада оловлантирган.

Ася Тулесова ва бошқа бир фаол Бейбарс Толимбеков Олма-ота марафонига "Ҳақиқатдан қочиб қутилолмайсиз" сўзлари ёзилган плакат кўтариб чиққан. Улар жамоатчилик тартибини бузганликда айбланиб, 15 суткага қамаб қўйилган.

Улардан ўрнак олган Роман Захаров Олма-ота кўчаларига Қозоғистон конституциясидан иқтибос келтирилган плакатни осган: «Давлат ҳокимиятининг ягона манбайи халқдир». У безорилик айби билан ҳибсга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Тўқаев учун овоз беришга чақириқлар кузатилади

Яна бир ёш фаол ҳеч нарса ёзилмаган бўм-бўш плакат кўтариб тургани учун қўлга олинган. У нега ҳибсга олинаётганини сўраган вақт, полиция зобити шундай жавоб қайтарган: «Буни кейинроқ ҳал қиламиз.» Фаол қисқа ҳибсдан сўнг қўйиб юборилган.

Ҳозирда, норозилик янгича шаклда - кўчалар бўйлаб шунчаки юриш орқали билдирилмоқда. Ёш фаоллар #seruen («сайр») ҳештеги остида ижтимоий тармоққа суратларни жойлаб, сайр қилаётгани учун уларни ҳибс эта олишмаслигини таъкидлашмоқда.

Расмийлар сайловчиларда танлов имконияти борлиги ва яқинлашиб келаётган сайлов учун Қозоғистон тарихида энг кўп номзод рўйхатга олинганини иддао қилганча, норозилик намойишларига ҳожат йўқлигини айтади. Ҳатто, энг таниқли мухолифат вакилларидан бири бўлмиш Амиржон Косанов номи ҳам рўйхатда мавжуд.

Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев сайловнинг «адолатли ва шаффоф» ўтишига ваъда берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мухбирларнинг фикрича, жаноб Тўқаевнинг сайловда ғалаба қозонишига ҳеч ким шубҳа қилмайди

Бироқ сиёсий таҳлилчи Дўсим Сатпаев жараённинг ўзи дарз кетганидан, номзодлар кўплиги сайловчилар учун ҳеч қандай ҳаққоний танлов имкониятини қолдирмаслигини айтади.

Жаноб Назарбоевнинг одами ўлароқ кўриладиган Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ғалаба қозонишига деярли шубҳа йўқлигига ишонилади.

Кузатувчилар сайловдан сўнг Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат сиёсий ҳаётига чексиз таъсири барибир сақланиб қолиши туфайли бирор жиддий ўзгаришдан умид йўқ, деган фикрга қўшиладилар.

Президентликдан кетганига қарамай, жаноб Назарбоев Хавфсизлик Кенгашининг умрбод раҳбари, қудратдаги Нур-Отан партиясининг раиси лавозимларини ўзида сақлаб қолган. Шунингдек, умрбод "Элбоши" номига эга жаноб Назарбоев Қозоғистон учун ҳаётий муҳим бўлган барча масалаларни ҳал этиш жараёнларида иштирок этади.

Яқинда, жаноб Назарбоев партия йиғилишида ўзига ёғилаётган ҳамду санолар борасида ҳазил қилган пайт, кўпчилик буни ярим чин, ярим ҳазил сифатида қабул қилди.

"Биз янги президентни сайлаяпмиз, шундайми? Гўё, ўзим қайта сайланаётгандекман," кулган эди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ