Қозоғистон: Назарбоевсиз ўтаётган илк сайлов - намойиш, қўлга олишлар ва қонунбузарлик

Задержания в Казахстане Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мустақил Қозоғистон тарихида Президент сайлови илк маробата мамлакатни чорак аср бошқарган Нурсултон Назарбоевсиз ўтмоқда. Сайлов йирик шаҳарларда норозиклик намойишлари, полиция томонидан ҳибсга олишлар ва қонунбузарликлар билан ўтаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Муддатидан олдин бўлиб ўтаётган президентлик сайловида Қозоғистоннинг турли шаҳарларида юзлаб одамлар намойишга чиқди. Полиция намойиш иштирокчиларини бирма-бир ушлаган.

РИА Новости агентлиги хабарига кўра, мамлакат пойтахти Нур-Султондаги намойишда тахминан 700 киши қатнашди.

Интерфакс мухбири Олма-ота шаҳрида 300 одам кўчага чиққан ва сайловни бойкот қилишни талаб қилган.

Намойишчилар сайловни адолатсиз, нодемократик, натижалар эса олдиндан маълум демоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари Марат Кожаев Нур-Султон ва Олма-отада рухсатсиз ўтказилган митингларда 100 киши ушланганини билдирди.

Азаттиқ радиоси Чимкентда ўтган намойишда 20 киши ушланганини хабар қилди.

Vesti.kg портали қўлга олинганлар орасида маҳаллий журналистлар ҳам борлигини айтмоқда. Vlast.kz ўзининг тасвирчиси Екатерина Суворова, Азаттиқ журналисти Петр Троценко ва сиёсатшунос Димаш Альжанов ушланганинини билдирди.

Франс Пресс агентлиги учун ишлаётган британиялик Крис Риклтон Твиттерда уни ҳам ушлашганини ёзди.

"Маҳбуслар учун мўлжалланган машинадаман. Мени касбий фаолиятим учун ушлашди. Кўзим остидаги кўкариш қўпол равишда ҳибсга олишнинг натижаси. Полициячи тиззасига йиқилдим, атайин уришгани йўқ. Аккредитациямни тортиб олишди", деб ёзган у.

Vlast.kzнинг ёзишича, Крис Риклтон ва унинг ҳамкасбини Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенка аралашмагунча икки соат туман ИИБда ушлаб туришган.

У журналистларга қўнғироқ қилиб, узрини сўраган, шундан сўнг уларни қўйиб юборишган.

Қозоғистонлик журналистлар сайлов куни интернет тўсиб қўйилгани ва ижтимоий тармоқларга киришда муаммолар бўлганидан шикоят қилган.

Бош прокурор ўринбосари Булат Дембаев ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчилар сайлов куни ноқонуний ташвиқот юритаётганини билдирди. Бироқ интернетдаги узилишлардан хабари йўқлигини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Олдинроқ Қозоғистон ИИВ сайлов муносабати билан полиция кучайтирилган тартибда ишлашга ўтганини хабар қилганди.

Вазирликкка кўра, рухсат берилмаган акциялар Қозоғистон суд ҳукми билан тақиқланган Қозоғистон демократик танлови ташкилоти ташаббуси билан бўлган.

Қозоғистонда тақиқланган Қозоғистон демократик танлови мухолифат ҳаракатининг раҳбари хорижда яшовчи Мухтор Аблязов тарафдорларини 9-10 июн кунлари намойишга чиқишга чақирган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ижтимоий тармоқларда сайловда қонунбузарликлар бўлганини тасдиқловчи видео ва суратлар чоп қилинган.

Унда сайлов қутисига бир киши томонидан кўплаб сайлов қоғози ташланаётгани ёки қоғозга ёзиш учун қўйилган ручкалар билан ёзилган ёзувнинг олов билан ўчириш мумкинлигини кўриш мумкин.

Муддатидан олдин ўтаётган сайловда 6 номзод иштирок этмоқда.

Кузатувчилар олдинги Президент Нурсултон Назарбоев томонидан қўллаб-қувватланаётган Қасим-Жўмарт Тоқаев яққол фаворитлигини айтишмоқда.

Унга мухолифатдан қўйилган номзод асли журналист Амиржан Қўсанов етарли қаршилик қилиши мумкинлиги кутилмоқда.

Қўсанов агар овозлар тўғри саналса иккинчи тур сайлови бўлиши муқаррар эканлигини айтган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.