Қозоғистон: Норозилик, иқтисод ва Россия - Тўқаев олдида турган беш муаммо

Касым-Жомарт Токаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

9 июнь куни ўтган сайловда 70 фоиздан сал зиёдроқ овоз олган Қосим-Жўмарт Тўқаев мустақил Қозоғистоннинг иккинчи президентига айланди.

Бироқ кўплаб таҳлилчилар Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ишонган одами ўлароқ кўрилаётган жаноб Тўқаевни мустақил сиёсий шахс сифатида билмайдилар ва унинг зиммасида ҳал қилиш лозим бўлган бир қанча мураккаб муаммолар ётганини таъкидлайдилар.

Қозоғистон: Сайлов олдидан намойишлар нимани англатади?

Қозоғистон-Россия: Путин Назарбоевдан ўрнак оладими?

Назарбоев Каримовнинг ўлимидан сабоқ чиқардими?

Қуйида Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон президенти сифатида юзланиши мумкин бўлган беш асосий муаммо билан танишасиз.

Норозилик кайфияти

Сиёсатшуносларнинг фикр билдиришича, айни дамда, Қозоғистон аҳолисида ялпи ва мақсадли норозилик кайфияти мавжуд эмас, аммо одамларнинг қаршилик фаолияти аста-секин ортиб бормоқда ва маълум шароитда у бир мақсад томон йўналтирилиши мумкин.

Куни кеча ўтган президентлик сайлови атрофида кечган норозилик намойишларининг ҳукумат томонидан қаттиққўллик билан бостирилиши унинг ўз аҳолиси тўлиқ дастагига ишонмаслигини англатади.

Сайлов натижалари ҳам аксар қозоғистонликлар ҳукуматни қўллаб-қувватлашни истамаганини кўрсатмоқда: 70 фоиз - Ғарб мамлакатларида жуда юқори натижа бўлсада, энг ёмон вазиятда ҳам 80 фоиздан кам овоз олмаган жаноб Назарбоевнинг кўрсатгичларига солиштирганда, сезиларли пастдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Намойишларнинг қаттиққўллик билан бостирилишини таҳлилчилар ҳукуматнинг ўзига ишонмаслиги билан изоҳлашади

Шу сабабдан ҳукумат нега намойишларга қаттиққўл муносабат билдирганини тушуниш мумкин, лекин кучишлатар тизимларнинг ўз ҳаракатига эрк бериши тузумга қарши ҳақиқий мухолиф кучга айланиши мумкин бўлган янги намойиш ўчоқларининг юзага келишига сабаб бўлади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев мамлакатда кучишлатар тизимлар таъсири ошаётганини қайд этади. Бу ҳолат ҳукумат мухолифат билан муросага киришишдан умид қилмаётганини билдиради, дейди у.

"Оила"нинг соясида

"Назарбоевнинг ишонган одами ҳисобланаётган президент Тўқаев "ижтимоий камикадзе" ўрнини эгаллаши лозим," сўзлайди сиёсатшунос Аркадий Дубнов.

«Ижтимоий муаммолар шу қадар йиғилиб қолганки, улар учун масъулиятни ўз бўйнига оладиган ва бу йўлда ўзининг у қадар юқори бўлмаган рейтингидан воз кечишдан тоймайдиган кимнидир топиш зарур бўлади.»

Жаноб Тўқаев, аллақачон, ўзининг бирламчи мақсади ички сиёсат билан шуғулланиш ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш эканини таъкидлаган.

У солиқ ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ҳамда кичик бизнес юритиш шартларини енгиллаштириш ниятидалигини билдирган.

Ташқи сиёсат, тизим ва имижга боғлиқ масалалар билан шуғулланиш, доимгидек, жаноб Назарбоев назорати остида бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, жаноб Тўқаев қудратдаги оиланинг бошқа аъзолари, хусусан, Нурсултон Назарбоевнинг Сенат раиси лавозимида ишлаётган қизи Дариғанинг қатъий кузатуви остида бўлиши тахмин қилинади.

Сиёсатшунослар Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг мустақил сиёсий шахсга айланиш имкониятлари жуда кам, дейдилар.

Ўзбекистон ва Туркманистондан фарқли ўлароқ у ушбу лавозимга олдинги президентларнинг вафоти ортидан келмаган. Нурсултон Назарбоев ва унинг кланининг Қозоғистон сиёсий ҳаётига таъсири жуда юқори ва бу тизимга бўйсунмаган одамнинг ҳокимиятга келиб қолиш эҳтимоли мутлақо йўқ.

Дўсим Сатпаев Нурсултон Назарбоев ҳали тирик экан, жаноб Тўқаев иккинчи даражали шахс бўлиб қолаверишини айтади.

Иқтисодиёт

Қозоғистонда иқтисодий чўкиш аломатлари кўзга ташланмаётган бўлсада, иқтисодий ўсиш ҳамма ерда тўхтаб қолган.

Бундан ташқари Қозоғистон ўзининг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланмиш Хитой ва Россия билан муносабатларда қалтис мувозанатга амал қилмоғи лозим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Собиқ президент Назарбоев ҳокимиятнинг кўпгина жиловларини ҳануз қўлида тутиб турибди. Қолаверса, "Элбоши" мақомини ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ

Президент Тўқаевнинг асосий вазифаси эса ўзи ваъда берган ижтимоий дастурларни ҳаётга татбиқ қилиш учун маблағ топиш, умуман олганда, мамлакатдаги ижтимоий кескинликни юмшатишдан иборат.

Иқтисодиёти олдингидек хомашё саноатига қарам бўлиб қолган Қозоғистонда диверсификацияни амалга оширишга уринишлар сезиларли натижа олиб келмаган. Шу туфайли табиий захиралар нархининг қулаши мамлакат учун оғир зарба бўлиши мумкин.

Айниқса, Россияга иқтисодий қарамлик янги президентга янада жиддийроқ муаммолар олиб келади.

Кремль билан муносабат

Жаноб Тўқаев Москва билан алоқалар келажагидан хавотирга тушмаса ҳам бўлади.

Сўнгги йилларда Кремль жаноб Назарбоевдан сўнг Қозоғистонда ноаниқ келажак бошланиши эҳтимолидан бир неча бор ташвиш билдирган эди.

Аркадий Дубновнинг тахмин қилишича, Нурсултон Назарбоев нафақат Қозоғистоннинг енгил тин олиши, балки хўжакўрсин бўлсада, ҳокимият алмашинуви билан ўзгаришларга нисбатан умид уйғотиш мақсадида истеъфо берди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев номзоди Москвага маъқул бўлди, МГИМОда ўқиган ва қозоқчадан кўра рус тилида эркинроқ сўзлашадиган янги президент «ўзимизнинг одам» ўлароқ қабул қилинди.

Бундан ташқари Кремль Қозоғистон махсус хизматларининг жаноб Назарбоев назорати остида қолишини ўта муҳим масала, дея кўради.

Сиёсатшунос Дўсим Сатпаев 2014 йилдаги Қрим аннекцияси ортидан Қозоғистон жамоатчилиги орасида Россияга қарши кайфият оша бошлаганини эслатади. Бироқ ҳукумат ва элита қудратни қўлдан бермас экан, бундай кайфият жиддий хавфга айлана олмаслигини айтади.

Аммо президент Тўқаев ва унинг бўлажак ҳукумати Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолишга қанча тиришмасин, бошқа томондан жамоатчилик босими остида қолиб кетиши мумкин.

Ҳозирда, шунга ўхшаш вазият Хитой билан муносабатларда кузатилмоқда.

Пекин билан муносабат

Хитой азалдан Марказий Осиёда узоқ муддатга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик сиёсатини юритиб келади.

Шу сабабли ҳам Хитой учун Қозоғистон президентининг ким эканлиги у қадар аҳамиятли эмас.

Муҳими - Хитойнинг иқтисодий манфаатлари зарар кўрмаса бўлгани.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Metzel
Image caption Назарбоев Москва ҳамда Пекин ўртасида усталик билан мувозанат қилиб келган. Тўқаев бунинг уддасидан чиқармикан?

Марказий Осиё давлатлари ҳақида гап кетганда, шундай ёзилмаган формула шаклланиб қолган: минтақа хавфсизлигини Россия, иқтисодий фаровонликни эса Хитой таъминлайди, дейди Аркадий Дубнов.

Бироқ Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистон Хитойга ишончсизлик билан қарайди.

Кўплаб иштирокчи мамлакатларда ўз машҳурлигини сезиларли йўқотганига қарамай, Хитой ҳукумати «ўтказиш»га уринаётган «Бир камар - бир йўл» лойиҳаси минтақа сиёсатчиларининг жиддий хавотирига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари икки йирик қудрат - Хитой ва АҚШ - ўртасида давом этаётган савдо уруши фонида Қозоғистон ўзининг дунё иқтисодиётидаги ўрнидан айрилиб қолмасликка тиришмоқда.

Бир-бирига зимдан тиш қайраган Москва, Пекин ва Вашингтон билан муносабатларни мувозанатда ушлаб туриш анчайин мушкул вазифадир.

Бироқ президент Тўқаев мазкур вазифани уддалашда у қадар қийналмаслигини тахмин қилиш мумкин, чунки йиллар давомида бу ишни эплаб келган жаноб Назарбоев ҳануз қудратда қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek