Қозоғистон жанубида кучли портлаш, аҳоли эвакуация қилинмоқда, оловни ўчиришнинг имкони бўлмаяпти

Қозоғистон Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Туркистон (собиқ Жанубий Қозоғистон) вилояти Арис шаҳарчасида қурол-яроғ омборида портлаш содир бўлди. Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9 атрофида бошланган кучли портлашлар орадан 8 соатдан ўтган бўлса ҳам тинмаяпти.

Вилоят ҳокими Умирзоқ Шукеевнинг маълум қилишича, машинасига снаряд келиб урилиши натижасида бир киши ҳалок бўлган.

31 киши жабрланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир эканлиги айтилмоқда.

Аҳоли эвакуация қилинмоқда.

Аҳоли портлаш содир бўлган жойдан 50 чақирим узоқликдаги Мунтайтас қишлоғи ва Чимкент шаҳарларига олиб чиқилмоқда. Бунинг учун 56та автобус ажратилган.

Чимкент шаҳрида 15 та эвакуация нуқтаси ташкил қилинганани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган видеоларда аҳоли топган машинада, топмаган пиёда равишда шаҳарни тарк этаётганини кўриш мумкин. Шаҳардан чиқиб кетаётган одамлар ортида осмонга ўрлаган қуюқ тутун ва портлаш овозлари эшитилиб турибди.

Қозоғистон фавқулодда вазиятлар қўмитасининг хабар беришича, ўт ўчиручилар портлаш содир бўлаётган ҳудудга яқинлаша олмаяпти. Жабрланганлар борасида маълумот йўқ.

"Портлаш шиддати сўнган бўлса-да, бироқ мунтазам равишда портлаб турибди. Шунинг учун ҳам ўт ўчирувчиларимиз ҳодиса жойига бориб, уни ўчира олмаяпти. Жабрланганларнинг умумий сони маълум эмас. Эвакуация ишлари давом этмоқда", деган Фавқулодда вазиятлар қўмитаси расмий вакили Нурсултан Нурахметов.

Туркистон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати Арисдаги портлаш сабаб 23 киши шифохонага олиб келинганини маълум қилган.

Арисдаги қурол-яроғ сақланадиган ҳарбий қисм 1930 йилларда ташкил топган.

2009 йилда айнан шу ҳарбий қисмдаги қурол омборида портлаш содир бўлган. Натижада 3 киши ҳалок бўлган ва 17 киши жароҳатланганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek