Марказий Осиё: қудратда энг узоқ қолаётган ким?

Тожикистонда давлат раҳбарларининг суратлари билан гиламлар ишлаб чиқарилган. Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Image caption Тожикистонда давлат раҳбарларининг суратлари туширилган гиламлар ишлаб чиқарилган.

Марказий Осиёнинг кўплаб ёшлари умрида фақат бир давлат раҳбарларини кўрганлар.

Хусусан, Қозоғистоннинг ёшлари ҳам.

Мамлакатни 1989 йилдан буён бошқариб келган 79 ёшли Нурсултон Назарбоев 2019 йил мартида ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди.

Мустақилликка эришганидан кейин Қозоғистонда илк бор Назарбоев номзодисиз президентлик сайлови бўлиб ўтди.

Хўш, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида шу вақтгача раҳбарларнинг қудратга келиши ва кетиши қандай бўлган?

Нурсултон Назарбоев бошқаруви - 1989-2019

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty images

Нурсултон Назарбоев 1989 йил 22 июнида Қозоғистон Коммунистик партияси Бош котиби сифатида фаолият бошлаган.

1990 йил апрелида Қозоғистон парламенти аъзолари орасида овоз беришга қўйилган муқобилсиз сайловда Қозоғистон Президенти этиб сайланган.

1991 йил 1 декабрида Қозоғистондаги илк умумхалқ президентлик сайловида Назарбоев аксар овозларни тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинган.

1991 йил 16 декабрида Қозоғистоннинг мустақиллиги эълон қилинди.

1995 йили мамлакатда референдум ўтказилди, унинг асосида Нурсултон Назарбоевнинг президентлик муддати 2000 йилгача узайтирилди.

1999 йилнинг 10 январида ўтказилган президентлик сайловида Назарбоевнинг 79 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани эълон қилинади.

Халқаро ташкилотлар Қозоғистондаги сайловларнинг демократик талабларга жавоб бермаслигини эътироф этадилар.

2005 йил 4 декабридаги сайловда Нурсултон Назарбоев 91 фоиз тўплагани эълон қилинди.

2010 йили унга "Элбоши" расмий мақоми берилди.

2011 йил Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга қарор қилинади.

3 апрелдаги муддатидан олдинги сайловда Назарбоев 95 фоиз овоз билан тўртинчи марта президентликка сайланди.

2015 йил 26 апрелида ҳам фурсатидан олдин президентлик сайлови ўтказилиб, жаноб Назарбоев 97,75 фоиз тўплагани хабари берилди.

2019 йил 20 мартида 79 ёшли Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатини ўз ихтиёрига кўра топшириши ҳақида фармон имзолади.

Президентлик ваколатлари Қозоғистон Сенати раиси Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширилди.

2019 йил 9 июндаги президентлик сайловида Қосим-Жўмарт Тўқаев 70 фоиздан зиёд овоз тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Ислом Каримов бошқаруви - 1989-2016

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Imgaes

Ўзбекистон компартияси раҳбари Рафиқ Нишонов 1989 йили ёзида СССР Олий Совети Миллатлар кенгаши раиси этиб сайланганидан кейин Ислом Каримов Ўзбекистон компартияси Марказқўми бош котиби этиб тайинланди.

1990 йил Ўзбекистон Олий Кенгаши уни президент этиб сайлади.

1991 йил 1 сентябрида Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди.

1991 йил 29 декабрида Ўзбекистонда илк президентлик сайлови бўлиб ўтган.

Халқ Демократик партиясидан Ислом Каримов, "Эрк" Демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ номзодлари қўйилди. Сайловда Каримов 86 фоиз, Муҳаммад Солиҳ 12 фоиз овоз тўплагани эълон қилинди.

1995 йил референдум орқали президент ваколати 2000 йилгача узайтирилди.

2000 йил 9 январдаги сайловда Ислом Каримовнинг 91 фоиз овоз тўплаб, иккинчи муддатга президентликка сайлангани хабар қилинди.

2002 йилги Ўзбекистондаги референдум асосида президентлик ваколати муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди.

2007 йил 23 декабрдаги сайловда Ислом Каримов 90 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонгани айтилди.

Маддоҳлар янги диктатор яратадими?

Атамбаев марҳум Ислом Каримовни яна танқид қилди

Ўзбекистон- Россия: Нега бизга Путин бир жаҳон?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images

2015 йил 29 мартда Ўзбекистонда президентлик сайлови ўтказилди.

Ислом Каримовнинг 90,39 фоиз овоз тўплагани эълон қилинди.

2016 йил 2 сентябрида 78 ёшли Ислом Каримов инсульт туфайли вафот этгани хабар қилинди.

Ўзбекистон Конституциясида президент ўзининг ваколатларини бажара олмай қолганида, ваколатлар Олий Мажлис Сенатининг раисига ўтиши белгиланган.

2016 йил 8 сентябрдаги Сенат мажлисида Ниғматулла Йўлдошев президентлик лавозимини бажаришдан ўз ихтиёри билан воз кечди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб тайинланди.

Президентлик сайлови 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев 88,61 овоз тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрида Ўзбекистон Президенти сифатида қасамёд қабул қилди.

Қирғизистон президентлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 2005 йилги оммавий норозилик етакчилари Роза Отунбаева ва Қурманбек Бакиев

1990 йили академик Асқар Акаевни Қирғизистон Олий Кенгаши президент этиб сайлади.

1991 йилги ва 1995 йилги президентлик сайловлари натижаларига биноан Қирғизистон президенти этиб сайланди.

2000 йили учинчи муддатга сайланган.

2005 йил мартидаги норозилик намойишлари ортидан Асқар Акаев Қирзиғистондан қочишга мажбур бўлади, президентлик ваколатларини топширишга қарор қилди.

2005 йил 11 апрелидан Қирғизистон президенти вазифасини бажаришга Қурманбек Бакиев киришди.

2005 йил 10 июлдаги президентлик сайловида Бакиев ғалаба қозонди.

2009 йилги сайловда Қурманбек Бакиевнинг қарийб 90 фоизи овоз тўплагани эълон қилинди. Ушбу сайлов натижалари кўпчилик томонидан шубҳага олинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбеков

2010 йил апрелида президент Бакиев истеъфоси талаби билан норозилик намойишлари бошланди.

Қонли тўқнашувлар ортидан Қирғизистондан қочиб чиқишга мажбур бўлган Қурманбек Бакиев май ойида истеъфо аризасини ёзди.

Қирғизистонда бошқарув муваққат ҳукуматга ўтди, 2010 йил июнида Ўш ва Жалолобод вилоятларида қирғиз ва ўзбеклар ўртасида миллатлараро тўқнашувлар рўй берди.

2010 йил майидан 2011 йил 1 декабригача Роза Отунбаева Қирғизистон президенти вазифасини бажарди.

2011 йил 1 декабридан 2017 йил 24 ноябригача Алмазбек Атамбаев Қирғизистон президенти бўлди.

2017 йил 24 ноябридан то шу кунгача Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаб турибди.

Туркманистон президентлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 2005 йил 8 май, Москва. Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 60 йиллиги тантаналари

Сапармурод Ниёзов 1985 йили Туркманистон компартияси марказқўми бош котиби этиб тайинланади.

СССР парчаланиши арафасида Туркманистон президенти лавозими жорий этилди, мамлакат мустақиллиги эълон қилинди.

1992 йилдаги сайловда Сапармурод Ниёзовнинг ғалаба қозонгани эълон қилинди.

1994 йилги референдум асосида Ниёзовнинг президентлик муддати 2002 йилгача узайтирилади.

1999 йили Туркманистон парламенти Сапармурод Ниёзовни умрбод президент этишни ёқлаб овоз берди.

2006 йили 21 декабрида президент Ниёзов 66 ёшида юрак хуружидан вафот этгани эълон қилинди.

Дунё ва Туркманистон: Ҳарбий маҳоратларини кўз-кўз қилган президент Бердимуҳаммедов кулгига қолди (видео)

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Туркманистон президенти вазифасини бажаришга бош вазир ўринбосари Гурбангули Бердимуҳамедов киришади.

2007 йил 14 февралида Гурбангули Бердимуҳамедов президент сифатида қасамёд қабул қилди.

2012 ва 2017 йилдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Имомали Раҳмон бошқаруви - 1992 йилдан шу пайтгача

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Имомали Раҳмон 1992 йили Тожикистон Олий Кенгаши раиси этиб сайланди.

1994 йилги президентлик сайловида Имомали Раҳмон 58 фоиз овоз билан ғалаба қозонади.

Бу пайтда Тожикистонда фуқаролар уруши борар, 1997 йили сулҳга эришилади.

1999 йилдаги сайловда Имомали Раҳмон 98 фоиз овоз билан дастлабки 7 йиллик президентлик муддатини бошлагани эълон қилинди.

2006 йилги сайлов жаноб Раҳмоннинг учинчи президентлик муддати бўлди, бу сайловни кузатувчилар эркин ва адолатли деб тан олишдан бош тортганлар.

2013 йилги сайловда Имомали Раҳмон 84 фоизлик овоз билан ғалаба қозонгани хабар қилинди.

2015 йили Имомали Раҳмонга "Миллат пешвоси" расмий мақоми берилди.

#10YearChallenge: 10 йил ичида дунё не қадар ўзгарди?

Ўзбекистон-Тожикистон: Раҳмон Каримов даврида урилган мулозимларни ҳам тақдирлади

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek