Хитой мусулмонлари: Шинжон қамоқ-мактаблари болаларни ота-онаси бағридан тортиб олмоқда

Хитой ғарбий Шинжон ҳудудида яшовчи мусулмон болаларни ўз оиласи, эътиқоди ва тилидан атайин маҳрум қилаётганини аниқлаган Би-би-си рухсати билан ўтказилган янги тадқиқот.

Бир вақтнинг ўзида юз минглаб катта ёшли инсонлар улкан жамлоқларда сақланмоқда, оқартув мактабларини қуриш бўйича кенг миқёсли кампания эса шиддат билан давом этмоқда.

Омма учун очиқ ҳужжатлар ва жамлоқларда қолаётган инсонларнинг хорижга чиқиб кетган оила аъзолари билан интервьюларга асосланиб, Би-би-си минтақа болалари дуч келган ҳолат юзасидан энг сўнгги далилларни йиғишга муваффақ бўлди.

Тўпланган маълумотлардан аён бўлишича, бир шаҳарчанинг ўзида 400 дан ошиқ боланинг бир эмас, ҳатто, ҳар иккала ота-онаси ҳам қайта тарбияланув жамлоғи ёки қамоқхонага ташланган.

Далиллар вояга етган шинжонликлар ўзлигини ўзгартириш уринишлари билан бир пайтда, болаларни ўз илдизларидан буткул юлиб олиш кампанияси кетаётганига ишора қилмоқда.

Image caption Бошқа кўплаб боғчалар сингари Хўтандаги мана бу болалар боғчасида қаттиқ хавфсизлик чоралари ўрнатилган

Хитой ҳукумати хорижлик журналистлар бир суткада 24 соат таъқиб этиладиган Шинжонда ўрнатган қаттиққўл назорат ва кузатув одамлардан шоҳидликлар тўплашга имкон бермайди. Бироқ Туркияда яшаётган шинжонликлар ортда мавжуд муҳит даҳшатини тасвирлаб бера олади.

Истанбулда жойлашган бинонинг каттакон залида ўнлаб одамлар ўз ҳикояларини сўзлаб бериш учун навбатда турибдилар. Уларнинг аксарияти Шинжонда бедарак кетган фарзандлари суратини кўтариб олган.

"Улар кимнинг қўлида қолганини билмайман", дейди оналардан бири суратда тасвирланган уч нафар ёш қизалоғига ишора қилганча. "Улар билан алоқа узилган".

Уч ўғли ва бир қизининг суратини қўлида тутиб турган бошқа она кўз ёшларини артиб, шундай дейди: "Уларни етимхонага олиб кетишганини эшитдим".

60 та турли интервьюда хавотирдан ғуссага ботган ота-оналар ва қариндошлар 100 дан зиёд боланинг Шинжонда қай тариқа ғойиб бўлганини тасвирлаб бердилар.

Уларнинг бари тил ва эътиқод жиҳатдан туркларга яқин бўлган Шинжондаги энг йирик мусулмон этник гуруҳ - уйғурлар бўлиб, аксарияти бу мамлакатга ўқиш, иш ёки қариндошини йўқлаш мақсадида келиб қолган. Бошқалари эса Хитойнинг туғруққа қўйган чеклови ёки ортиб бораётган диний таъқиблардан қочиб келган.

Ўтган уч йил давомида улар уйғурлар ва бошқа этник озчиликларнинг ҳибсга олина бошланиши ортидан Хитойга қайта олмаган.

Хитой расмийлари уйғурларнинг диний экстремизмга қарши кураш доирасида «касб-ҳунар ўргатиш марказлари»да қайта тарбияланаётганини иддао этади. Бироқ далиллар уйғурларнинг шунчаки ўз эътиқодига амал қилиши - намоз ўқиш ёки диний либосда юриш - ёки Туркия каби давлатлардаги одамлар билан гаплашгани туфайлигина ҳибсга олинаётганини кўрсатмоқда.

Шу сабабдан, Туркияда яшаётган уйғурлар ортга қайтса, уларнинг ҳибсга олиниш эҳтимоли анчайин юқори. Телефон алоқалари ҳам деярли узилган - хориждаги яқинлар билан суҳбатлашиш ҳам шинжонликлар учун ўта жиддий хатарга айланган.

Аёли ҳукумат томонидан ҳибсга олинган бир отанинг хавотир билдиришича, саккиз боласи, эндиликда, Хитой давлати қарамоғига ўтган бўлиши мумкин.

"Ўйлашимча, уларни болалар таълим жамлоқларига олиб кетишган," дейди у.

Би-би-си ташаббуси билан ўтказилган янги тадқиқот бу болалар ва қолган кўп минглаб одамларнинг ҳозирги тақдирига ойдинлик киритди.

Германиялик тадқиқотчи Адриан Зенц Шинжон мусулмонларининг оммавий ҳибсга олиниши кўламини фош этгани ортидан танилган.

Омма учун очиқ расмий ҳужжатларга асосланиб, у томонидан тайёрланган ҳисобот Шинжонда қайта тарбиялов мактабларининг қандайин мислсиз даражада кенгаяётганини тасаввур этишга имкон беради.

Мактаблар ҳудуди кенгайтирилган, янги ётоқхоналар қурилган ва уларнинг сиғими кескин оширилган. Муҳими, Хитой ҳукумати катта ёшли шинжонликлар учун янги жамлоқлар қуриш билан бир вақтда, бирданига кўплаб болаларни ўзига сиғдира олувчи ётоқ мактабларни барпо этишнинг уддасидан чиқмоқда.

Катталар билан кузатилгандек, айнан уйғур болалари нишонга олинаётгани ҳам кўринади.

Биргина 2017 йилнинг ўзида Шинжон боғчаларига қатновчи болаларнинг умумий сони ярим миллионга кўпайган. Ҳукумат келтирган рақамларга кўра, уларнинг орасидаги уйғур ва мусулмон болалар улуши 90 фоизни ташкил этган.

Image caption 700 болага мўлжалланган болалар боғчасидаги болаларнинг 80 фоизи шинжонлик миллий озчиликларга тегишли

Уйғурларнинг энг катта қисми истиқомат қилувчи Шинжон жанубининг ўзида ҳукумат болалар боғчалари қуриш ва таъмирлаш учун нақ $1.2 миллиард харж қилган.

Жаноб Зенц ўз таҳлилида ётоқхоналар сони кескин оширилганини таъкидлайди.

Ҳукумат ота-онаси жамлоққа ташланганми ёки йўқлига қарамай, болаларни бундай мактабларга олиб кетмоқда.

Interactive Use the slider button to see how the school has developed

May 2019

Yechung County Number 11 and Number 10 Middle School

April 2018

Yechung County Number 11 and Number 10 Middle School

Ўтган йилнинг апрель ойида, Еченг тумани расмийлари атрофдаги қишлоқлардан 2000 нафар болани 4-сонли улкан ўрта мактабга кўчиргани борасида маълумотлар мавжуд.

Ҳукумат пропагандаси бундай мактаблар "ота-она ўрнини босиб, ижтимоий барқарорлик ва тинчлик"ни таъминлашга ёрдам беришини таъкидлайди. Бироқ жаноб Зенц бу иддаога қўшилмаслигини билдиради.

"Ётоқ мактаблар озчилик жамиятларни маданий жиҳатдан ўзгартириб юбориш учун мос шароит яратади", дейди у.

Шунингдек, жаноб Зенцнинг ҳисоботи жамлоқларда кузатилгани каби ётоқ мактабларда уйғур ва бошқа маҳаллий тилларни ўқув дастурига киритмаслик орқали болаларни ўзлигидан маҳрум этишга уриниш кетаётганини очиқлайди.

Бундан ташқари хитой тилидан бошқа ҳар қандай тилда сўзлашган ўқувчилар ва ўқитувчилар учун қаттиққўл ва баҳоларга асосланган жазо чоралари ишлаб чиқилгани ҳам аниқланган.

Расмий баёнотларда ҳам ҳукумат бу ҳолатни яширмайди. Расмийлар иддаосига кўра, Шинжондаги барча мактабларда хитой тилини ўқитиш ишлари тўлиқ жорий этилган.

Би-би-си билан суҳбатлашган Шинжон Пропаганда Бошқармасининг юқори мартабали расмийси Су Гуйжанг ҳукумат ота-оналарни ҳибсга олиб, кейин болаларга ғамхўрлик қилишга мажбур бўлмоқда, деган фикрларни рад этади.

"Агар барча оила аъзолари касб-ҳунар ўргатиш марказларига жўнатилса, бу оилада жиддий муаммолар юзага келиши аниқ", кулади у. "Бундай ҳолатни ҳеч кўрмаганман".

Бироқ жаноб Зенц жамлоқларга ташланган маҳкумларнинг фарзандлари чиндан ҳам катта миқдорда ётоқ мактабларга жойлаштирилаётганига далиллар топишга муваффақ бўлган.

Жаноб Зенц топган бир ҳукумат ҳужжатида "эр ва рафиқанинг ҳар иккиси оқартув марказида бўлган" оилаларнинг фарзандлари "эҳтиёжманд гуруҳлар" сирасига киритилганини кўриш мумкин.

Шунингдек, Қашқар шаҳри маъмурияти томонидан таълим муассасаларига ота-онаси жамлоқларда бўлган болаларга фавқулодда ҳолат ўлароқ ғамхўрлик қилиш вазифасини юкловчи кўрсатма ҳам берилган.

Кўрсатмада мактаблар "психологик маслаҳат бериш даражасини ошириши" ва "ўқувчиларнинг таълимий фикрлашини кучайтириши" лозимлиги таъкидланади.

Ҳукумат болаларнинг ҳам қамоқхонасифат мактабларга ташланаётгани тўғрисидаги далиллар оммага чиқиб кетса, жиддий муаммо туғилишини англаган ҳолда, "касб-ҳунар ўргатиш" атамасини атайин ноаниқ белгилар билан алмаштириб қўйиш орқали расмий ҳужжатларни қидирув сайтлари топа олмайдиган қилиб қўймоқда.

Кўп ҳолларда оқартув жамлоқларига яқин қуриладиган болалар мактабларига ташриф буюрган Хитой давлат матбуоти вакиллари бундай масканлар этник озчиликка мансуб болаларнинг "яхшироқ ҳаёт кечириш йўллари"ни ўрганишига имкон беришини таъкидлайди.

Журналистлар тайёрлаган репортажларда айрим болаларнинг ўқитувчиларга аллақачон "ойижон" дея мурожаат қила бошлагани гувоҳи бўлиш мумкин.

Image caption Хўтандаги мана бу болалар боғчаси ҳам темир панжара билан ўраб олинган

Биз Шинжондаги халқ таълими бўлимига бундай ҳолатлар юзасидан расмий сиёсат қандай эканини билиш учун сим қоқиб кўрдик. Уларнинг аксарияти биз билан суҳбатлашишдан бош тортди, лекин баъзи расмийлар тизим тўғрисида қисқа тафсилотларни ошкор қилди.

Биз расмийларнинг биридан ота-онаси жамлоқларга олиб кетилган болаларнинг тақдири қандай кечишини сўраб кўрдик.

"Улар ётоқ мактабларга олиб келинади. Биз уларни бошпана, овқат ва кийим билан таъминлаймиз… кейин юқоридан бизга болаларга яхши қаранглар, деб тайинлашган", дейди у.

Истанбулдаги бинонинг катта залида эса оилалар ўз ҳикоясини очиқлаган сайин умидсизлик ва надоматга тўлган рутубатли муҳит ҳосил бўлади.

"Минглаб бегуноҳ болалар ўз ота-онасидан тортиб олинмоқда, биз эса мунтазам бу ҳақида айтиб келяпмиз. Нега бу далилларни билиб туриб ҳам бутун дунё сукут сақлашда давом этмоқда?" ёзғиради оналардан бири.

Тадқиқот Шинжондаги аксар ётоқ мактаблар кузатув тизимлари, огоҳлантирувчи сигнал бергичлар ва 10 минг вольт кучланишдаги электр ўтказилган деворлар билан тўлиб-тошган қамоқхоналарга айланганидан дарак бермоқда.

Болаларни оиласидан ажратиш сиёсати ҳам оммавий ҳибслар авж олган пайтда - 2017 йилнинг бошида ишлаб чиқилган.

Жаноб Зенц ҳукумат ота-оналарнинг ўз фарзанди қайта бағрига босиши йўлида ҳеч қандай имконият қолдирмаяптими, деган саволни ўртага ташлайди.

"Болалар ва ота-оналарнинг изчил тарзда бир-биридан ажратиш ҳукуматнинг ўзлиги, дини, эътиқоди ва тилидан айрилган янги авлодни шакллантиришга уринаётганидан далолат бермоқда, деб ўйлайман", сўзлайди у.

"Далиллар биз бу ҳолатни маданий геноцид, дея аташимиз зарурлигини кўрсатмоқда".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ