Туркманистон: Миш-мишлар Гурбангули Бердимуҳаммедовни қандай «ўлдириб юборди»?

Gurbanguly Berdymukhamedov looking downward Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Туркманистон: Миш-мишлар Гурбангули Бердимуҳаммедовни қандай «ўлдириб юборди»?

Президентлар ўлими тўғрисидаги миш-мишлар, одатда, узоқ яшамайди. Бироқ дунёдаги энг ёпиқ давлатлардан бўлмиш Туркманистонда миш-мишлар ягона ахборот манбайига айланиши мумкин.

Дам олиш кунларида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўлими тўғрисидаги хабарлар яшин тезлигида дунёга тарқалди.

Ўлдими, тирикми ё миш-мишлар?

Москвадаги маҳаллий радио вебсайти ва Туркманистон мухолифатининг YouTube'даги канали президентнинг ўткир буйрак етишмовчилигидан вафот этганини хабар қилди. Бу хабарнинг манбаси нима эди? Миш-мишлар.

У қадар номи чиқмаган Аслан Рубаев исмли Марказий Осиё бўйича эксперт Говорит Москва радиосига «Ашхободда яшовчи бизнесменлар бу ҳақида маълум қилгани»ни айтди.

Дунёнинг нормал давлатларида миш-мишлар узоқ яшамайди, аммо Туркманистон бундан мустасно.

Россия маҳаллий матбуоти ушбу шубҳали хабарни зудлик билан ёрита бошлади. Ҳатто, НТВ каби оммабоп телеканаллар ҳам уни муҳокама қилди. Сўнг муҳокамалар ижтимоий тармоққа кўчди. Бироқ одамларда бу мавзу бўйича деярли ишончли маълумот йўқ эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption От устида

Мисли кўрилмаган назорат

Туркманистон ахборот оқими устидан ўта қаттиқ назорат ўрнатгани билан маълум.

Чегара Билмас Мухбирлар ўзининг 2019 йилдаги матбуот эркинлиги бўйича ҳисоботида мамлакатни, ҳатто, Шимолий Кореядан ҳам кейинги ўринга қўйган.

Туркманистонда барча оммабоп ижтимоий тармоқлар тақиқ остида, маҳаллий матбуот эса давлат томонидан қаттиқ назорат этилади. Хорижий матбуот учун ишлайдиган бир ҳовуч журналистлар эса доимий қўрқув остида яшашга мажбур.

Бундай ҳолатда ҳар қандай миш-миш, ҳатто, президент ўлими тўғрисидагиси ҳам кишида шубҳа уйғотмайди ва ўрмонга тушган оловдек тез тарқай бошлайди.

Президент Бердимуҳаммедов ўзининг ғалати ва кулгили қилиқлари билан танилган. У бир қараса, Рембога ўхшаш ҳарбий кўринишида ўқ узади, DJлик қилади ва қимматбаҳо спорт машиналарида пойга ўйнайди.

Асл касби тиш доктори бўлган президент отлар ҳақида реп айтган ва чой, доривор гиёҳлар ҳамда бошқа нарсаларга бағишлаб китоблар ёзган.

Кузатувчилар президент Бердимуҳаммедов 5 июлдан бери оммага кўриниш бермаганини пайқаган. У, ҳатто, 6 июль куни мамлакатга ташриф буюрган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Федерика Могерини билан ҳам учрашмаган.

Унинг ғойиб бўлиб қолгани ва расмий Ашхободнинг президент ўлими тўғрисидаги хабарларни изоҳламагани миш-мишлар оловига янада мой қуйган.

Давлат матбуоти ҳали шу пайтга қадар мазкур хабарни на рад этган, на тасдиқлаган. Бунинг ўрнига таътилга чиққан жаноб Бердимуҳаммедовнинг ўзи қўшиқ куйлаётган видеоларни томоша қилган ҳолда янги китоби устида ишлаётгани тасвирланган эски хабарлар такрор-такрор берилган.

Бунинг ҳайратланарли жиҳати йўқ. Сабаби ахборотнинг буткул жиловлангани фонида Туркманистон телеканаллари жонли эфирлар узатмайди, расмийлар эса матбуот билан алоқа қилмайди.

Давлат телевидениеси сиёсий маҳбусларнинг қамоқдаги аҳволи ёки мамлакатда мавжуд кенг кўламли озиқ-овқат тақчиллиги ва дўконлардаги охири кўринмас навбатларни кўрсатмайди.

Матбуотда эълон қилинажак ҳар қандай арзимас ахборот ҳам расмийлар тасдиғидан ўтиши шарт, шу сабабдан, айниқса, президентга тааллуқли бирор маълумот энг юқори ҳокимият рухсатисиз ташқарига чиқарилмайди.

Қизиғи шундаки, Туркманистонда энг кўп цензурага учраган маълумотларни эълон қилиш билан шуғулланувчи Туркманистон Йилномалари мухолифат сайти миш-мишларни рад этишга уринди.

Вебсайт президентнинг ғойиб бўлганига сабаб унинг онаси оғир бетоб бўлиб қолгани ва Германияга олиб кетилгани, жаноб Бердимуҳаммедовнинг ўзи эса соғлом эканини тахмин қилди.

Туркманистонда миш-мишлар доим ҳам ёлғон бўлиб чиқавермайди. Зулмкор тузум халқнинг ҳар қандай кайфиятини темир мушт билан назорат қилганидан одамлар бундай мавзулар тўғрисида бир-бирига оғиз оча олмайди.

Туркманистон: "Президент ўлди деган хабар ғирт ёлғон"

Дунё ва Туркманистон: Ҳарбий маҳоратларини кўз-кўз қилган президент Бердимуҳаммедов кулгига қолди (видео)

Туркманистон: Аёлларнинг машина ҳайдаши тақиқланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency via Getty
Image caption 62 ёш ва 2006 йилдан бери

«Одамлар миш-миш ҳақида эшитдилар, аммо уни муҳокама этишга қўрқмоқдалар,» ёзади ижтимоий тармоққа қўйилган тўсиқни айланиб ўта олган бир Ашхобод яшовчиси.

Миш-миш овоза бўлган якшанба тунига қадар Россия, Қирғизистон ва Тожикистондаги Туркманистон элчихоналари хабарни қатъиян рад этиб чиқди. Айнан улар ҳукуматга тааллуқли энг муҳим янгиликка бироз ойдинлик киритди.

Кейинроқ хабарни илк бор тарқатган Аслан Рубаевнинг ўзи маълумотнинг тасдиқланмаганини ёзиб, оммани чалғитгани учун узр сўради.

Бироқ бу ҳам миш-мишларга буткул чек қўя олмади.

Марказий Осиёда президентларнинг ўлими тўғрисидаги тасдиқланмаган хабарлар тарқалиши ноодатий ҳол эмас. Кўп ҳолларда, улар президентлар чиндан вафот этмагунга қадар ёлғон бўлиб чиқади.

2016 йилда Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов ўлгани борасидаги хабарлар расмий тасдиқловдан бир ҳафтача бурун тарқалиб улгурган эди. Ҳукумат ҳокимиятнинг тинч алмашинуви йўлида вақтдан ютиш учун, аввалига, бу миш-мишларни рад этган эди.

Шунинг учун ҳам бу минтақада раҳбарларнинг ўлими борасидаги миш-мишлар одамлар томонидан жиддий қабул қилинади. Раҳбар тирик ҳолда оммага кўриниш бермагунга қадар улар тарқалишда давом этаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ