Афғонистон, сиёсат ва иддаолар: Атрофингдаги ҳамма эркак сен билан жинсий яқинлик истайди

Афғонистон, сиёсат ва иддаолар: Мен билан жинсий яқинликда бўлсанг, ишга кирасан...

Афғонистон ҳукумати жинсий тегажоқликларга оид иддаолар манзарасида қолган.

Бундай даъво билан шу йил май ойида ҳатто мамлакат президентининг собиқ маслаҳатчиси ҳам чиққан.

У қудратдаги айрим шахсларни жинсий яқинлик эвазига ҳукуматга ишга олишда айблаган.

Афғонистон ҳукумати бу даъволарни инкор қилган. Би-би-сининг суҳбатга оид сўровини эса, рад этган.

Аммо Би-би-сининг текширувлари бунинг аксига далолат қилган.

'Афғонистон - аёллар учун энг хавфли мамлакат'

Афғонистон: Жабрдийда аёллар қамоққа ташланмоқда

Уйда, тўйда, азада хотинингиз исмини айтишнинг нимаси ёмон?

Янги сўров: 'Ҳамма некбиндек, фақат ўзбеклар эмас...'

Би-би-си мухбири суҳбатлашган бир қанча аёллар ҳукуматнинг юқори мартабали мулозимлари томонидан ўзларининг жинсий таҳқирланганликларини айтишган.

"У мендан очиқчасига жинсий яқинликда бўлишни сўради. Мен малакали, тажрибали мутахассис эканимни айтдим. Унинг бундай қилиши ҳеч қачон хаёлимга ҳам келмаган. Кетиш учун шартта ўрнимдан турдим. У эса, қўлимдан тортиб, офиси орқасидаги ичкари хонага олиб кирди. Қўрқма, бор-йўғи бир неча дақиқа кетади. Мен билан юр, деди. Мен унинг кўксидан итариб, "Бас, ҳозир бақираман", дедим", - деди улардан бири.

Оқибатлари ёмон бўлишидан қўрққани учун суҳбатдошимизнинг исм-шарифини тутмаймиз.

Унинг собиқ бошлиғи жорий ҳукумат таркибида юқори мартабали вазир бўлади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, яна иккита аёл ўзига айнан ўша вазир томонидан жинсий зўрланганликларини айтишган.

Би-би-си бу даъволарни мустақил манбалардан тасдиқлай олгани йўқ.

Аммо бу аёллар билан суҳбат жинсий тегажоқлик ва зўравонлик ҳолларининг ҳукумат миқёсида эканига далолат қилган.

Хотин-қизларнинг, ҳатто, ҳукумат сафларида ҳам хавфсиз эмасликлари воқеълигига ишора қилган.

Афғон аёллари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Қирқ йилдан буён урушлар гирдобида бўлган Афғонистонда мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпроғини хотин-қизлар ташкил қилади.

Уларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маиший ва ҳуқуқий аҳволлари, йилларки, халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Сўнгги халқаро ҳисоботлар Афғонистон дунёнинг аёл киши учун энг хатарли давлат эканини хулоса қилган.

Яқинда эса, Афғонистон Сурияни ортда қолдириб, жаҳоннинг энг хавфли мамлакати, деб топилганди.

Афғонистон давлатчилиги расман исломий бўлган минтақадаги иккита давлатдан биттаси бўлади.

Жинсий тегажоқликларга оид янгилик манзарасида худди шу омил ҳам алоҳида эътибор топмай қолмаган.

Бу, таҳлилчилар наздларида, ҳатто исломий тузум ҳам хотин-қизларнинг ҳимоясини таъминлай олмаётганини кўрсатган.

Бошқа томондан, уларнинг қанчалик ҳимоясиз эканликларининг далолат бўлиб ҳам хизмат қилган.

Афғонистонда хотин-қизларни барча кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиши кўзда тутилган ҳам диний ва ҳам дунёвий қонунлар, идоралар амалда.

Аммо, агар, ўз иқрорларига таянилса, аксарият аёллар ҳали-ҳануз жинсийси қатори ўзлари тўқнаш келиб турган муаммолардан чурқ этиб оғиз очишга қўрқишади.

Эркаклар устун ва ўта анъанадор бир жамиятда ҳуқуқлари ҳимоя этилишининг ўрнига яна ўзларининг маломатлар нишонига айланишларидан чўчишади.

Халқаро ҳамжамиятнинг узоқ йиллик кучли босими ҳам афғон хотин-қизлари тўқнаш келиб турган турли кўринишдаги зўравонликларни арита олмаган.

Айниқса, маиший зўравонликлар сўнгги йилларда Афғонистонда хотин-қизлар ўртасида сони ортиб бораётган ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг асосий омилларидан бирига айланган.

Улар бугун ҳам тўқнаш келиб турган зўравонликларининг миқёси, ҳатто, Толибон тузуми даврида хотин-қизларнинг аҳволлари ҳозиргисдан кўра нисбатан яхши эди, деган фикрларга қадар етакламай қўймаган.

Сиёсат, демократия ва аёллар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC world service

Афғонистонда энди-энди бўй кўрсатаётган демократия қонли урушлар эвазига қўлга киритилган.

Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан кейин орада кечган вақт давомида аёлларнинг мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги иштироклари нисбатан фаоллашган.

Ҳозир мамлакат парламенти ва ҳукумати таркибида хотин-қизларнинг сони кўп.

Айни ўринда таъкидлаш жоиз, бу яқину узоқ тарихида Афғонистонни аёл киши бошқарган эмас.

Орада президентлик сайловида ўз номзодини илгари сурган афғон аёллари бўлган, аммо уринишлари бесамар якунланган.

Ҳукумат бўғинларида аёл сиёсатчи кўтарилган энг юқори лавозим ҳозирча Хотин-қизлар масалалари бўйича вазирлик бўлади.

Афғонистон тарихидаги аёл киши бошқарган илк партияга 2013 йилда асос солинган.

Унинг ташкилотчиси бўлган Фавзия Куфий эса, Афғонистон тарихида биринчи бор парламент спикери муовини даражасига кўтарилган аёл сиёсатчидир.

Жинсий тегажоқликларга оид сўнгги янгиликка ўз муносабатини билдираркан, Фавзия Куфий диққатини ҳукуматнинг муҳофазакор мавқеъ тутаётгани омилига қаратади.

"Менимча, дахлсизлик бунинг сабабларидан биридир. Чунки бунга қўл урган кишилар маҳкамага тортилишмайди. Шу боис ҳам, улар ўзларини ҳимояланган ҳис этишади", - дейди у.

Кобулда бўлган Би-би-си мухбирининг айтишича, афғон хотин-қизлари учун тенглик ҳалича ушалмас бир орзу.

Улар ҳалиям ҳар куни зўравонлик, жинсий зўравонлик ва таҳқирлар таҳдидига рўбарў келишади.

Афғон хотин-қизлари иш жойларида ўзларини хавфсиз ҳис этишмаса, эришган ана шу озмунча ютуқлари ҳам чиппакка чиқиши мумкин, дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek