Қирғизистон: Ўш қирғинида айблашган Азимжон Асқаров иши қайта кўрилади

Азимжон Асқаров Фото муаллифлик ҳуқуқи KLOOP.KG

Ўш ва Жалолободдаги этник низоларда айбланиб қамоқда ўтирган ҳуқуқбон Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш 30 июлга қолдирилган.

Дастлабки маҳкама жараёни бугун, 16 июлга белгиланган эди, бироқ ҳакамларнинг тўла таркибда эмаслиги сабаб бошқа кунга кўчирилган.

Бишкекдаги "Бир Дунё Қирғизистон" нодавлат ташкилоти тарқатган баёнотга кўра, Азимжон Асқаровнинг иши қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар туфайли қайта кўриб чиқилмоқда.

"Мазкур жиноят қонунчилигига биноан, Қирғизистон ёпиқ муассасаларидаги маҳкумларга (касаллар, қариялар, аёллар, нафақахўр ва болалар каби ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар) муқобил усулларни қўллаш орқали инсониятнинг юксак тамойиллари ва махсус эҳтиёжлар стандартлари кўрсатилиши керак", дейилади ташкилот баёнотида.

9 йилдан бери қамоқда жазо муддатини ўтаётган 68 ёшли ҳуқуқбон Азимжон Асқаров ўзини айбсиз экани, тергов пайтида қийноқларга солинганини айтиб келади.

У 2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда рўй берган этник низолар пайтида Бозорқўрғонда милиция ходимини ўлдиришда айбланиб, ўша йилнинг 15 сентябрида умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2016 йилнинг 31 мартида Азимжон Асқаровни тергов ва суд пайтида ҳуқуқлари поймол этилгани ва қийноққа солинганини эътироф этиб, Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячисини зудлик билан озод этишга чақирган.

2017 йилнинг 24 январида жиноят ишини қайта кўриб чиққан Чуй вилоят суди, қуйи инстанция Бозорқўрғон туман суди қарорини қисман ўзгартирган, бироқ Азимжон Асқаровни яна умр бўйи қамоқда қолдирган.

Халқаро кампания

Бозорқўрғонда ўзи таъсис этган "Ҳаво (Воздух)" нодавлат ташкилотини бошқариб, инсонлар ҳуқуқини ҳимоя қилган Азимжон Асқаров ушланган кундан бошлаб, қатор халқаро ташкилотлар унинг ҳимоясига баёнотлар чиқариб, қирғиз ҳукуматини уни озод этишга даъват этиб келадилар.

Жорий ой бошида қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган "Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти" Американинг нуфузли газетаси "Вашингтон Пост" газетаси билан ҳамкорликда Азимжон Асқаров ҳимояси учун йирик кампания бошлаган. Мақсад халқаро ҳамжамият эътиборини тутқундаги ҳуқуқ ҳимоячисига қаратиш ва уни озод этилишига эришишдир.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё дастури координатори Гулноза Саиднинг сўзларига кўра, ушбу кампания июль ойи мобайнида давом этади.

"Бу информацион кампания. Унда "Вашингтон Пост" газетасининг тўла бир саҳифаси "Азимжон Асқаровни озод этинг" деган кампанияга бағишланган. Газета ҳам журналистларни бемалол ишлай олиши нақадар муҳимлигини яхши тушунади. Июль ойи давомида газетанинг ҳар сонида Азимжон Асқаровнинг расми туширилган ва уни озод этишни талаб қилган сиёсий реклама чиқади", дейди Гулноза Саид.

Жорий йилнинг 7 июль куни Бишкекка ташриф буюрган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини ҳам Қирғиз расмийлари билан Азимжон Асқаров масаласи муҳокама қилинганини айтган.

"Бу масалага боғлиқ барча саволлар муҳокама қилинмоқда. Масала очиқ ойдин ва конструктив фикр алмашинув асосида муҳокама қилинаётганини урғуламоқчиман", дея жавоб берган журналистлар саволига Федерика Могерини хоним.

2017 йилнинг февралида Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев Брюсселга қилган сафарида ўтган учрашувда ҳам Европа Кенгаши президенти Дональд Туск ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсат мутасаддиси Федерика Могерини Азимжон Асқаров масаласи билан қизиққан, бунга жавобан Атамбаев Асқаров қамоқда қолишини айтган.

Азимжон Асқаров масаласи 2012 йилда ўша пайтдаги президент Атамбаевнинг Германияга қилган сафари доирасида Германия канцлери Ангела Меркел ҳамда 2013 йилнинг сентябрида Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан ўтган учрашувлари чоғида ҳам кўтарилган.

Ўшанда президент Алмазбек Атамбаев Азимжон Асқаровни оқлаш учун ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган.

2015 йили АҚШ Давлат департаменти йиллик "Инсон ҳуқуқлари фаоли" мукофотини Азимжон Асқаровга топшириши ортидан, Қирғизистон ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган.

Ўтган тўққиз йил давомида Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторида сақланиб келган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров, жорий йилнинг март ойида Чуй вилоятининг Сўқулуқ тумани Янгиер қишлоғида жойлашган 19-умрбод қамалганлар колониясига кўчирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ