Тожик-Қирғиз чегараси: Қирғизистон томони ўз фуқароларига нисбатан шовқинли граната қўллади

Қирғиз чегараси Фото муаллифлик ҳуқуқи mvd.gov.kg

Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида 3 кундан бери давом этиб келаётган можарода вазият нисбатан барқарорлашди. Қирғизистон куч ишлатар тизимлари Исфара-Ворух йўли очишга тўсқинлик қилган ўз фуқароларига нисбатан кўзни қамаштирувчи ва шовқинли гранаталар қўллаган.

22 июль куни Тожикистоннинг Қирғизистондаги анклави Ворух қишлоғида бошланган тўқнашув натижасида бир Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди.

Икки томондан ўнлаб киши жароҳатланган. Жабрланганлар орасида милиция ходимлари ҳам борлиги айтилмоқда.

News.tj сайтининг ёзишича, вазият барқарорлашган бўлса-да, чегарадаги Тожикистоннинг Чорку қишлоғида 10 сотих буғдой даласига ўт қўйиб кетилган.

Айни пайтда Қирғизистон ҳудудидаги Ворух анклавига элтувчи йўллар ёпиқлигича қолмоқда. Қирғизистон милицияси йўлларни очишга ҳаракат қилмоқда. Аммо маҳаллий аҳолининг қаршилигига дуч келган.

Икки чегарада бу каби тўқнашувлар тез-тез содир бўлиб туради.

"Аммо бу сафарги тўқнашув икки давлат Президентининг чегара масаласи бўйича учрашуви олдидан содир бўлиши билан аҳамиятли", дейди Душанбедан мустақил журналист Искандар Фируз.

Тожикистон томонига кўра жанжал Қирғизистон аҳолисининг баҳсли бўлган ҳудудга ўзбошимчалик билан белги қўйишга ҳаракат қилганидан сўнг бошланиб кетган.

Қирғизистон томонига кўра, жанжалга тожикистонликларнинг баҳсли ҳудудга байроқ ўрнатиши сабаб бўлган.

"Ушбу минтақадаги вазият Советлар давридан бошлаб мураккаблашиб бошлаган. Ўша вақтдаги Совет ҳукумат атайин ёки ўзи билмаган ҳолда давлат чегарасини шундай қилишганки, вақт ўтиши билан портлайдиган бомба шаклида белгиланган. Энди шу нарса содир бўлмоқда", дейди Искандар Фируз.

Журналистнинг айтишича, сўнгги ҳодисалар икки давлат Президентларининг чегара масаласида белгиланган учрашувидан олдин рўй берётгани билан ҳам аҳамиятли.

"Конфликт бошланишидан бир ҳафта олдин Тожикистон томони Президент Эмомали Раҳмон шу ҳафтанинг охирида Ворухга бориши ҳақида хабар берди. У ерда у Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков учрашиши кутилаётганди. Қирғизистон томони ҳам бу учрашув бўлишини тасдиқлаган эди".

Президентлар учрашув давомида чегарада йиллар бўйи давом этиб келаётган муаммоларга нуқта қўйиши кутилаётган бўлган.

Тожикистондаги мутахассислар муаммони туби билан ечишни таклиф қилмоқда.

"Яъни Ворух анклавидаги аҳоли Тожикистонга кўчирилади. Қирғизистон томони эса Ақсой қишлоғи аҳолисини Қирғизистоннинг бошқа минтақасига кўчиради. Ва бўшаб қолган ҳудудлар жанжал келиб чиқмаслиги учун бетараф дея эътироф этилиши керак", дейди Искандар Фируз.

Бундан ташқари Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи Исфана-Боткен йўлини Ворух анклавидан кесиб ўтмаслиги учун ер остидан қуриш таклифлари ҳам янграган.

"Мен икки давлат ўртасидаги махсус комиссиянинг Тожикистон томонидан масъули Бош вазир ўринбосари Азим Ибройим билан гаплашдим. Унинг айтишича, икки томон ҳам ҳужжатлар бўйича келишувга эришган. Тез орада бу келишувлар имзоланиши кутилаётган эди. Аммо қирғиз матбуотининг ёзишича, Ворух ва Боткенда бу масалага учинчи кучлар аралашган. Булар бу каби келишув бўлишини истамаётган маҳаллий обрўли шахслардир", дейди журналист.

Чегаралар тезда аниқланиб, белгиланиши зарур

Маҳаллий кузатувчиларга кӯра, Тожикистоннинг Суғд ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари чегараларида биринчи марта можаро чиқаётган эмас.

"Бу можаролар кӯпроқ ер ва сув устидан келиб чиқади, - дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов. - Ҳали собиқ Иттифоқ пайтидаёқ қирғиз томони тожик томонига ӯтадиган сув йӯлини тӯсиб чиққанда икки орада қонли тӯқнашув юз берганди. Ӯшанда тожикистонлик ӯн олти яшар ӯсмир ӯлдирилганди. Агар тезда зарур чоралар кӯрилмаганида, куч тизимларининг қуролли гуруҳлари етиб келмаганда, воқеа янада фожиалироқ тус олиши мумкин эди".

Шӯролар Иттифоқи парчаланиб, мамлакатлар мустақиллик эришгач, бу можаролар тез-тез юзага чиқа бошлади. Айниқса, бу можаролар Исфара тумани Чоркӯ ва Ворух қишлоқ жамоатларининг Қирғизистон қишлоқлари билан бӯлган чегараларида авж олади.

"Бизнинг Ворух қишлоғимиз анклав ҳисобланади, Қирғизистон ҳудуди ӯртасида. Ҳозирда Ворух аҳолиси 33 минг нафарга етиб қолди. Айнан ана шу анклав бӯлиш, ворухликларнинг Тожикистоннинг бошқа шаҳар ва қишлоқларига истаса-исташмаса, Қирғизистон орқали ӯтиб боришларидан қӯшнилар ӯз манфаатлари йӯлидаги ниятларини амалга ошириш учун фойдаланишади", дейди ворухлик ӯқитувчи.

"Можароларнинг олдини олиш йӯлида ён беришлар ҳам бӯляпти, дейди Чоркӯ қишлоғида яшайдиган кишилардан бири ӯз исмини ошкор этмаслик шарти билан. - Масалан, Қирғиз томони айни экин суғориш паллаларида сув йӯлини тӯсиб қӯявергандан кейин Тожик томони уларга йӯл учун ер ажратиб берди".

Кузатувчиларга кӯра, Тожикистоннинг чегараолди қишлоқларида фақат суғорма сув эмас, ичимлик сув муаммоси ҳам мавжуд. Мазкур муаммони ҳал қилиш учун Ворух анклавининг Тожикон қишлоғига водопровод ӯтказиш учун маблағ ажратилганди. Лекин ӯтган йили сентябрида қирғизларнинг норозилиги туфайли бу лойиҳа тӯхтатилди. Лойиҳанинг тӯхтаб қолиши Ворух ва Оқсой аҳолиси орасида қаттиқ можаро келтириб чиқарди. Лойиҳани амалга ошириш номаълум муддатга ортга сурилгани боис Тожикон қишлоғида яшовчи кишилар ичимлик сув учун уч чақирим масофага қатнаётганликларидан ёзғиришмоқда.

Кузатувчиларнинг фикрича, икки қӯшни давлат ӯртасидаги баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал этилиб, чегаралар демаркация ва демилитация қилинмас экан, можаролар бот-бот келиб чиқиши мумкин. Тожикистон ва Қирғизистон орасидаги умумий чегара эса 974 километрни ташкил этади. Ҳозиргача бу масофанинг 470 километрга яқини аниқланмаган ва белгиланмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek