Дунё, янгиликлар: Тожикистон-Қирғизистон президентлари чегарада учрашди ва компьютер ўйини ўйнаб миллионер бўлиш мумкинми?

Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашуви Фото муаллифлик ҳуқуқи President.tj

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 22 июлдан бери тўқнашувлар давом этиб келаётган Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги Ворух қишлоғида учрашдилар.

Тожикистоннинг Қирғизистондаги анклави бўлмиш ушбу қишлоқда юз берган тўқнашув оқибатида бир нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган эди.

Чегарада жойлашган Қирғизистоннинг Ақсой ва Тожикистоннинг Ворух қишлоғи аҳолиси ўртасида келиб чиққан жанжал ортидан ҳар икки томондан 30 га яқин одам яралангани хабар қилинган.

Икки давлат президентларининг музокараларида делимитация ва демаркация масалалари муҳокама қилинган.

Шимолий Корея: Ракеталар жанубни огоҳлантириш учун отилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шимолий Корея кеча Япон денгизи томон отилган икки ракета "жанубий кореялик урушқоқлар учун жиддий огоҳлантириш" бўлганини таъкидлаган.

Раҳбар Ким Чен Ин унинг мамлакати "яширин ва бевосита таҳдидларни йўқ қилиш" йўлида қуроллар ишлаб чиқишга мажбур бўлаётганини билдирган.

У кеча янги турдаги тактик бошқарилувчи қурол тизими синаб кўрилганини айтган.

Жаноб Кимнинг давлат матбуотида келтирилган ушбу сўзлари Шимолий Корея Сеул ва Вашингтон ўртасида келаси ойга режалаштирилган ҳарбий ўқув машғулотларини қаттиқ қоралаши ортидан чиқмоқда.

Шимолий Корея узоқ йиллардан буён бундай машғулотларни босқинчиликка тайёргарлик ўлароқ баҳолаб келади.

Компьютер ўйинлари мусобақасида энг йирик мукофот жорий этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Нью-Йоркдаги стадионда ўтажак Fortnite компьютер ўйини бўйича жаҳон чемпионатида ўхшаш мусобақалардаги энг катта мукофот жорий этилди.

40 миллион талабгор ичидан финалга қадар етиб келган 100 нафар ўйинчидан бири, эндиликда, нақ $3 миллион билан уйга қайтиш имконига эга бўлади.

Мутлақ ғолибдан ташқари тўртинчига қадар ўринни эгаллаган ўйинчиларнинг бари миллионерга айланса, қолган барча финалчилар, камида, $50 минг пул мукофотини қўлга киритиши айтилмоқда.

Финалга чиққанларнинг аксарият қисми 14 ва 18 ёш ўртасидаги ўсмирлар экани маълум қилинган.

Fortnite дунёдаги энг машҳур онлайн отишма ўйин ўлароқ кўрилиб, унда 100 нафар ўйинчи кимсасиз оролга тушиб қолади ва у ерда қуроллар топишга уриниб, ягона ғолиб омон қолмагунча, бир-бирини қириб ташлашга ҳаракат қилади.

Fortnite'да ўйнаш бепул, аммо уни ишлаб чиққан Epic Games компанияси ўйин ичидаги сотувлардан ойига юзлаб миллион доллар ишлаб топишига ишонилади.

АҚШда қатлларнинг қайта жорий этилиши танқид қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

16 йиллик танаффус ортидан қатлларни қайта жорий этган АҚШ федерал ҳукумати нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва етакчи демократ сиёсатчилар томонидан кескин танқидга учради.

Пайшанба куни АҚШ бош прокурори Уилям Барр беш нафар маҳбуснинг 2019 йил декабри ва 2020 йил январида қатл этилишини эълон қилган эди.

Бош прокурор мазкур шахслар ашаддий қотил экани ва болаларни зўрлаганини айтган.

Шу тариқа АҚШда 2003 йилдан буён қатлларга нисбатан давом этиб келаётган норасмий мораторий бекор қилинган.

118 болани асраб олган хитойлик аёл қамоққа ташланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Weibo

Юздан зиёд болани асраб олгани ортидан бир вақтлар олқишларга сазовор бўлган 54 ёшли Ли Янсиа фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ижтимоий тартибни бузишда айбланиб, чоршанба куни суд ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, суд унга $338 минг жарима ҳам солган.

1990 йилларда кончилик саноати билан шуғулланиши ортидан катта бойлик тўплаган Янсиа хоним турмуш ўртоғи қашшоқлик вақтларида ёлғиз фарзандини арзимаган пул эвазига сотиб юборгандан сўнг болаларни асраб олишга аҳд қилганини билдирган эди.

У 2017 йилда ўзининг 118-фарзандини асраб олган, аммо полиция "меҳрибон она" номини аёлни иқтисодий жиноятларда айбламоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ