Қирғизистон ва дунё: Халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров ҳукмини қораламоқдалар

Азимжон Асқаров судда Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Қирғизистон маҳкамасининг таниқли ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровга тайинланган умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдириш қарори халқаро ташкилотларнинг танқидларига сабаб бўлмоқда.

Қирғизистондаги маҳаллий ва халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров устидан дастлабки тергов ҳамда судлар Қирғизистон қонунчилик талаблари бузилган ҳолда ўтказилганини, бироқ шунга қарамасдан, таниқли ҳуқуқ фаолига нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарилганини қораламоқдалар.

Халқаро Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси CPJ, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ушбу суд қарори Қирғизистон учун уятли ҳолат экани ҳақидаги баёнотлар билан чиқдилар.

30 июль куни Марказий Осиёдаги энг узоқ тутқунликда сақланаётган сиёсий маҳкум деб кўриладиган 68 ёшли Азимжон Асқаров жиноят иши қайта кўриб чиқилди.

Жиноят иши қайта кўриб чиқилишига 2019 йил бошидан Қирғизистон жиноий қонунчилигига ўзгартиришлар киритилгани сабаб бўлди.

Бироқ суд Азимжон Асқаровнинг умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдириш ҳақида қарор чиқарди.

Июнь ойида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган саккиз ташкилот Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Федерика Могеринига мактуб йўллашган, бу мактубда Азимжон Асқаровнинг тергови ва суд тингловларида кўпдан-кўп қонун бузилишлари ҳоллари рўй берганини таъкидлаган эдилар.

7 июль куни Бишкекка борган Могерини хоним Қирғиз расмийлари билан Азимжон Асқаров масаласини муҳокама қилганини айтган.

"Бу масалага боғлиқ барча саволлар муҳокама қилинмоқда. Масала очиқ ойдин ва конструктив фикр алмашинув асосида муҳокама қилинаётганини урғуламоқчиман", деб жавоб берганди журналистлар саволига Федерика Могерини хоним.

2010 йилнинг июнидан тутқунликда қолаётган Азимжон Асқаров ўзининг айбсиз эканини, тергов пайтида қийноқларга солинганини айтган.

У Ўш ва Жалолободда рўй берган этник низолар пайтида Бозорқўрғонда милиция ходимини ўлдиришда айбланиб, ўша йилнинг 15 сентябрида умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Азимжон Асқаров иши АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларга ҳам салбий таъсир қилган.

2015 йили АҚШ Давлат департаменти йиллик "Инсон ҳуқуқлари фаоли" мукофоти билан Азимжон Асқаровни мукофотлади.

Қирғизистон ҳукумати эса бунга норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилди.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2016 йили Азимжон Асқаровни тергов ва суд пайтида ҳуқуқлари поймол этилгани ва қийноққа солинганини эътироф этиб, Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячисини зудлик билан озод этишга чақирганди.

2017 йилнинг 24 январида жиноят ишини қайта кўриб чиққан Чуй вилоят суди, қуйи инстанция Бозорқўрғон туман суди қарорини қисман ўзгартирган, бироқ Азимжон Асқаровнинг умрбод қамоқ жазоси ҳукмини қолдирган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ