Хитой, уйғур, мусулмон: Қозоғистонда шинжонлик фаолни судлашмоқда. У ким ўзи?

Серикжан Билаш Фото муаллифлик ҳуқуқи RUSLAN PRYANIKOV/AFP

Бундан бир неча кун олдин Қозоғистонда Атажурт ҳаракати етакчиси Серикжан Билаш устидан суд жараёни бошланди. Уни миллатлараро низо тарқатишда айблашмоқда.

Билаш Хитойнинг Шинжон автоном ҳудудида дунёга келган. Кейинроқ Қозоғистон фуқаролигини олган. У Хитойдаги этник қозоқлар ҳуқуқини ҳимоя қилиши ортидан танилган.

Унинг Атажурт ташкилоти Шинжонда хитойлик расмийлар томонидан қўл урилаётган инсон ҳуқуқларини поймол этиш ҳолатлари ва, қисман, маҳаллий мусулмонлар «қайта тарбияланаётган» жамлоқлар тўғрисида маълумот тарқатиш билан шуғулланиб келади.

Фаол матбуот билан бир неча бор учрашиб, журналистларга Шинжон аҳлига бўлаётган босимлар, «қайта тарбиялов» жамлоқлари ва Хитойдан кўчиб кетмоқчи бўлганлар бошига тушган қийинчиликлар борасида аниқ мисолларни сўзлаб берган.

2018 йилда у Азаттык Радиоси билан суҳбатда ўзининг ташкилоти фақат аниқ далилларга асосланишини таъкидлаган.

"Улар [хорижий журналистлар] Олма-отага келишганда, биз улар олдига 100 ҳолат бўйича 100 та далил қўямиз. 200 та бўлса, 200 та далил. Жумладан, видео, аудио, фото ва қўлга олинганлар барининг паспортлари билан биргаликда. Улар Шинжонда мусулмонларни қўлга олишмоқда, дея ёзишади. Биласизми, одамга алам қилади. «Қозоқ» сўзини жуда кам ишлатишади. Шинжонда фақат уйғурлар яшайди, деб ҳисоблашади. Бу жуда катта хато. У ерда фақат мусулмонлар босимга учрамаяпти."

Билаш қасддан миллатлараро низо тарқатишда айбланган. Бу айблов билан у етти йилга қадар озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Билаш ўзига қўйилган айбларни тан олмайди, уларни сиёсий, деб атайди.

Қалбаки айбловлар?

Суднинг биринчи кунида Билашнинг бир қанча тарафдорлари йиғилган. Залда айбланувчи пайдо бўлиши билан улар қозоқ тилида «Озодлик!» дея қичқира бошлаганлар.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Билаш ишини сиёсий важларга асосланган ўлароқ кўради. Билдирилган фикрларга кўра, Қозоғистон ҳукумати Пекин билан илиқ алоқаларни сақлаб қолиш умидида уни панжара ортига ташлаётган бўлиши мумкин.

Серикжан Билаш шу йилнинг март ойида ҳибсга олиниб, пойтахт Нур-Султонда уй қамоғида сақлаб келинаётган эди. Матбуот унинг ҳибс муддати бир неча бор асоссиз узайтирилгани ҳақида хабар берган.

Шунингдек, Атажурт ташкилоти офисида тинтувлар ўтказилиб, Шинжонда ҳибсга олинган одамларга доир маълумотлар сақланган компьютерлар ва қоғозлар олиб кетилган.

Шинжондаги манзара

Охирги бир неча ой ичида Шинжоннинг этник хитой бўлмаган маҳаллий аҳолиси мутлақ назорат остида ҳаёт кечираётгани ва оммавий ҳибслар билан юзлашаётгани янада ойдинлашди.

Хитой ҳукумати миллионга яқин инсон сақланаётган жамлоқлар мавжудиятини тан олди, ҳатто, улар фаолиятини қонунлаштирди ҳам.

Хитойлик расмийлар бундай жамлоқларни диний экстремизмга қарши курашда ўз самарасини кўрсатган профессионал ўқув даргоҳлари сифатида тасвирлайди.

Жамлоқларнинг собиқ маҳкумлари эса у ерларда онгни мажбуран ўзгартириш ишлари кетаётганини таъкидлайди.

Уйғурлар Шинжон аҳолисининг 45 фоизини ташкил этади. Хитойликлар эса 40 фоиз. Аҳолининг қолган қисми қозоқлар каби этник озчиликлар вакилларидан иборат.

Уйғур бўлгинчилари, гоҳида зўравон усулларни қўллаган ҳолда, Шинжон ҳудудида Шарқий Туркистон мустақил давлатини тузиш учун курашиб келади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳудудда бўлгинчилик фаолиятининг кучайишида Пекиннинг ўзини айбдор кўрсатади.

Улар Хитой ҳукуматининг оммавий ҳибслари ва уйғурларнинг маданий ҳамда диний ҳуқуқлардан маҳрум этиши норозиликнинг ортишига сабаб бўлаётганини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek