Россия матбуоти шарҳи: Ўзбеклар Путиндан қачон миннатдор бўлади?

Жээнбеков қирғизистонлик муҳожирларни қўллаётгани учун Путинга миннатдорчилик билдирди.

Санкт-Петербургда 30 ёшли ўзбекистонлик ўз танишининг 13 ёшли ўғлини зўрлагани хабар қилинмоқда.

Москвада қалбаки хужжатлар билан шуғулланувчи яширин гуруҳ аъзолари қўлга олингани маълум қилинмоқда.

Норозилик намойишлари вақтида муҳожирларни текшириш камайган.

Россия матбуотининг хафта мобайнидаги ўзбекистонликларга алоқадор мавзулари Би-би-си ўзбек хизматининг ҳафталик хабарномасида.

Қирғизистонликларнинг Россиядаги ҳаёти яхшиланган

Қирғизистон Президенти Сооронбой Жээнбеков Россиядаги қирғизистонлик муҳожирларга миграция қонунларида берилган енгилликлар учун Президент Владимир Путинга миннатдорлик билдирди.

Жээнбековга кўра, кейинги йилларда Россияда меҳнат қилаётган қирғизистонликларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари анча яхшиланган.

"Россия Президенти Владимир Путиннинг шахсан қўллаб-қувватлови боис бизнинг фуқароларимизга миграция енгилликлари тақдим қилинди ва «қора рўйхат»дан чиқиш имкони яратилди. Бундан ташқари, Қирғиз Республикаси ҳайдовчилик гувоҳномаси билан Россияда ишлаш учун имконият яратилди", - деди Қирғизистон президенти.

Ўзбек муҳожир ўсмир йигитни зўрлаганликда айбланмоқда

Санкт-Петербургда 30 ёшли ўзбекистонлик ўз танишининг 13 ёшли ўғлини зўрлагани хабар қилинмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 4 август куни 40 ёшли ўзбекистонлик аёл ўғлини ўз юртдоши зўрлагани ҳақидаги шикоят билан Фрунзе туман полициясига мурожаат қилган. Тергов қўмитасига кўра, ҳеч қаерда ишламайдиган меҳнат муҳожири кундуз соат 12-13 лар атрофида юртдошининг 13 ёшли ўғлини Боровая кўчаси 64-уйда жойлашган хостелга олиб келган. Улар аввалдан таниш бўлгани учун бола хавф сезмаган.

Ўсмирга нисбатан жинсий зўравонликдан сўнг, боланинг онаси хабар топиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилган.

Айни пайтда гумонланувчи қўлга олинган ва унга нисбатан "Вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик" иши бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Яширин ташкилот фош қилинди

Москвада қалбаки хужжатлар билан шуғулланувчи яширин гуруҳ аъзолари қўлга олингани маълум қилинмоқда.

РФ Тергов қўмитаси хабарига кўра, 3 кишидан иборат гуруҳ бир йил давомида 2000 дан зиёд муҳожирларга қалбаки хужжатларни тайёрлаб берган. Уларнинг даромади 5 миллион рублни ташкил этган.

Тезкор текширув вақтида яширин ташкилотга тегишли бўлган сохта муҳр ва штамплар, банк карталари, миграция хужжатларининг намуналари ва компьютер техникалари мусодара этилган. Шунингдек, топширишга тайёр бўлган катта миқдордаги сохта хужжатлар олиб қўйилган.

Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ноқонуний миграцияни ташкиллаштириш бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, Россия матбуотида ўзбекистонликлар томонидан содир этилган турли жиноятлар ҳақида яна ўнлаб хабарларни кузатиш мумкин. Улардаги асосий мавзулар Россиянинг турли ҳудудларида ўзбекистонликлар томонидан содир этилган қотиллик, ўғирлик ва фирибгарликлардир.

Намойишлар вақтида муҳожирларни текшириш камайган

Тўртинчи хафтадирки, Москвадаги эркин сайлов учун намойишлар давом этмоқда. Бу норозилик акциялари кўплаб мустақил номзодларга Мосгордума сайловларида қатнашиш учун рухсат берилмаганидан бошланган эди. Уларда ўн минглаб кишилаб иштирок этмоқда.

Намойишларда қўлга олинганлар сони шу кунгача 2 ярим мингга яқинлашган. Уларнинг 60 дан ортиғи маъмурий ҳибсга юборилган, 160 дан ортиғига жарималар қўлланилган.

Қўлга олинганлар орасида хорижликлар ҳам бор.

Норозилик намойишларида Росгвардия ва полиция томонидан қўлга олинганлар орасида 12 нафар чет эл фуқаролари ҳам бўлганлигини хабар қилинмоқда. Маълумотларга кўра, "хорижликлар полиция маҳкамасига олиб келинган ва улар билан профилактик суҳбат ўтказилган. Бу маълумот элчихонага етказилган, уларнинг барчаси баённома тузилмасдан қўйиб юборилган".

Россия ОАВлари қўлга олинганлар орасида Тожикистон фуқаролари борлигини ёзишмоқда, аммо ўзбекистонликларнинг иштироки ҳақида ҳозирча маълумотлар келиб тушмаган.

Москвадаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаолларга кўра, айни кунларда полиция томонидан муҳожирларни ноқонуний қўлга олишлар кескин камайган.

Ҳуқуқшунос Валентина Чупик "намойишлар полиция эътиборини муҳожирлардан чалғитиб, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузилишига қаратишини" билдирди.

"Янги йил куни кечаси 17 соатнинг ичида 495 та мурожаат тушган. Барчаси полиция томонидан мигрантларни ноқонуний қўлга олиш бўйича. Ҳозир эса, москваликлар намойиш қилаётганда, бир кеча кундузда 8-10 та ноқонуний қўлга олиш бўлмоқда", - дейди муҳожирлар учун бепул юрист.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ