Шошилинч: Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев уйи қандай штурм қилинмоқда?

Қирғиз махсус кучлари собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг Бишкек четидаги уйини штурм қилишди.

Айрим хабарларга кўра, уни ушлаб олиб кетишган. Бироқ унинг тарафдорлари собиқ президентнинг қўлга олингани хабарини рад этишди.

Собиқ давлат раҳбарини жиноий иш кутмоқда.

Ўтган июнь ойида Қирғизистон парламенти собиқ президентнинг дахлсизлик мақомини бекор қилганди.

Қўй-Тошда ҳамон штурм давом этаётгани ҳақида хабарлар бор. Аммо маълумотлар зиддиятли.

Баъзи манбаларга кўра, Атамбоев тарафдорлари ва махсус кучлари зобитлари ўртасида отишмалар бошланган.

Қароргоҳ яқинида ўқ овозлари янграган, аммо унинг отишма экани маълум эмас.

Расмийларга кўра, зобитлар резина ўқли қуролларни ишлатишмоқда.

Атамбоевнинг уйи тарафидан эса шовқинли гранаталар отилган. Нимагадир ўт қўйилган. Гувоҳларга кўра, ёнган нарса машина ғилдираги бўлиши мумкин.

Image caption Атамбоев тарафдорлари унинг уйи олдини тўсишгани айтилади.

Ҳозир унинг уйи олдида 300-400 нафар тарафдори тўплангани айтилади.

Акипресс хабарига кўра, унинг тарафдорлари дарахтларни кесиб, дарвоза олдини тўсишган. Зобитлар ўтирган машиналарга қарата тош отишган.

Олдинроқ Атамбоев штаби вакили махсус кучлари уни ушлаб, номаълум тарафга олиб кетганини айтишганди. Аммо бу ҳали расман тасдиқлангани йўқ.

Хавфсизлик қўмитаси махсус амалиёт ўтказилганини тасдиқлади, холос.

Атамбоев коррупцияга дохил айбловларга юз тутмоқда. Хусусан, Бишкек ТЭЦини таъмирлаш, ер тақсимоти, жиноий гуруҳ раҳбарини озод қилиш жараёнида қонунларни бузгани айтилади.

Бош прокуратура парламент комиссияси илгари сурган бу айбловларни қўлламоқда.

Аммо қудратни ноқонуний эгаллаш, журналист ва сиёсий рақибларини таъқиб қилишга бевосита алоқадорлигига оид далил йўқлигини айтган.

Алмазбек Атамбоев ўзига қарши айбловларни бўлмағур гап, деб рад этганди.

Қирғизистонда жорий йил май оида тасдиқланган қонунга кўра, собиқ президентларда дахлсизлик мақоми бўлмайди.

Сиз Бишкекдамисиз? Собиқ Президент қароргоҳиштурм қилиниши ва кейинги воқеалар ҳақида нима биласиз? Бизга ёзиб юборинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek