Қирғизистон: собиқ президент одам ўлдирганми?

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев қотилликда айбланди.

Давлат Хавфсизлик Қўмитаси у давлатни тўнтаришга уринган, деб ҳам айтмоқда.

Бошқа айбловлар - оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ва одамларни гаровга олиш.

Жаноб Атамбоев ўтган ҳафта Бишкек ташқарисидаги уйига қилинган босқинда ҳибсга олинганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Атамбоевнинг тарафдорлари

7-8 август кунлари ташкиллаштирилган айни амалиётда махсус кучларнинг бир зобити ҳалок бўлган, олти нафар зобит гаровга ҳам олинганди.

Саксон нафарга яқин киши жароҳатланган.

Бош Прокуратурага кўра, Атамбоев ноқонуний тарзда қурол олиб юрган, махсус кучлар зобитини ўлдирган, одамларни гаровга олган ва оммавий ғалаён ташкил этган.

Хавфсизлик хизмати эса уни давлат тўнтаришига уринган, демоқда.

Жаноб Атамбоев 2011-2017 йиллари Қирғизистон президенти бўлган.

Бу даврда у турли хил коррупция амалларига аралашган, деган айбловлар илгари сурилади.

Аммо Атамбоев ўзига қўйилган барча айбларни рад этиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek