Дунё, янгиликлар: Толибон Ўзбек туманини эгаллади, Apple нима тақдим этмоқчи, Роҳинжа қишлоқлари бузиб ташланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Толибон Ўзбек туманини эгаллади

Афғонистон шимоли-шарқидаги Таҳор вилояти маҳаллий расмийлари Толибон жангарилари Янги Қалъа туманини қўлга киритганини тасдиқлаганлар.

Ўртада қақшатқич жанглар кечгани хабар қилинмоқда.

Интернет социал тармоқларида Толибон қуроллилари шаҳарнинг асосий хиёбонида Толибон байроғини осаётгани акс этган фото суратлар тарқалган.

Расмийлар Янги Қалъа охирги кунларда Толибон томонидан қамалга олинганини ҳамда 9 сентябр тунида Афғон ҳукумат қўшинлари туманни ташлаб чиққанини хабар қилганлар.

Таҳор вилоятининг Янги Қалъага қўшни Дарқад тумани маҳаллий аҳолиси ҳам туманнинг Толибон назоратига ўтганини тасдиқлаганлар.

Аммо Афғон ҳукумати Дарқаднинг Толибон томонидан эгаллаганини тасдиқлагани йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дарқад ва Янги Қалъа Тожикистон билан чегарадош туманлар. Фақат Вахш дарёси Афғонистон ва Тожикистонни ажратиб туради.

Айни пайтда Таҳор вилоятининг бошқа туманлари, Бағлон ва Бадахшон вилоятларида ҳам Толибон билан қаттиқ жанглар бораётгани ҳақидаги хабарлар олинмоқда.

АҚШ генералларидан бири эса Толибон билан музокаралар барбод бўлганидан кейин Толибон жангарилари таҳдидига қарши чиқиш мақсадида Америка ҳарбийлари Афғонистондаги фаоллигини оширажаги ҳақида айтган.

Бундан олдин Президент Доналд Трамп Толибон раҳбарияти билан мулоқотлар тўхтатилганини тасдиқлади, аммо ҳамон АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш устида бош қотираётганини айтди.

Ҳозирги пайтда Афғонистонда 14000 га яқин АҚШ ва қарийб 8000 НАТО ҳарбийлари жойлаштирилган.

Толибон ҳаракати ва АҚШ ўртасидаги тинчлик музокаралари 2018 йил октябрида Қатар пойтахти Доҳада бошланган, бу музокараларга Ўзбекистон ҳам ҳисса қўшиб келаётган эди.

Мирзиёев саъй-ҳаракатлари чиппакка чиқдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ ўз жосусини Россиядан олиб чиққан

Америкадаги Си-эн-эн телеканалининг ўз манбаларига таяниб хабар тарқатишича, 2017 йили АҚШ истиғбороти Россия ҳукуматида ишлаган ўзининг жосусини яширин равишда Россиядан олиб чиққан.

CNNга кўра, Америка махсус хизматлари Президент Трамп админстрациясида ишлайдиган одамлар истиғборот маълумотлари билан ишлашда хатога йўл қўйишлари ва АҚШ жосусининг номини фош қилиб қўйишидан чўчиганлар.

Си-эн-эн манбасининг сўзларига кўра, Россия ҳукуматида ўз агентлари борлиги ҳақида АҚШ ҳукумати ва махсус хизматларидаги жуда чекланган сондаги одамлар хабардор бўлганлар.

"Бу жосус тақдим қилаётган ахборот шунчалар қиммат бўлганки, унинг муқобили бўлмаган", деб айтган CNN манбаси.

АҚШ Марказий Истиғборот бошқармаси(CIA)нинг вакиласи Бриттани Брамелл сўзларига кўра, Си-эн-эн хабари нотўғри ва адаштирувчидир.

Оқ Уй матбуот котиби Стевани Гришэм сўзларига кўра, Си-эн-эн хабари нафақат нотўғри, балки кимнингдир ҳаётини хатар остига ҳам қўйиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу йил Apple нима тақдим этмоқчи

Дунёга машҳур Apple ширкати ўзининг янги тақдимотини 10 сентябр куни ўтказишини, шу куни уч янги iPhoneини, шовқинни тўсадиган ва сув ўтказмайдиган AirPodини ва яна бир неча маҳсулотини оммага кўрсатишини эълон қилган.

Экспертлар фикрича, шу пайтгача маълум iPhone XS, iPhone XS Max ва iPhone XR моделлари номига 'Pro' қўшимчалари қўшилади.

Янги мобил телефонларнинг энг асосий янгилиги - қўшимча учинчи сенсорли янги фото камера ўрнатилгани экани айтилмоқда.

Ушбу камера янада кенг форматли фото ва видео тасвирга олиш имконини беради.

Янги камералар ёруғлик кам жойда ҳам сифатли фотосурат олиш имконини беради, шу билан бирга смартфон ташқи кўринишини ҳам ўзгартиради.

Роҳинжаларнинг қишлоқлари бузиб ташланган

Би-би-сига маълум бўлишича, Мянмардаги Роҳинжа мусулмонларининг бутун бошли қишлоқлари булдозерлар билан текисланиб ташланган.

Роҳинжа қишлоқлари ўрнида полиция бараклари, қочқинлар учун лагер ва Бангладешдан қайтишни хоҳлаган Роҳинжалар билан ишлаши кўзда тутилган Мянмар ҳукумати идоралари барпо этилган.

Мянмар ҳукумати Би-би-си журналистлари учун Ракхайн вилоятига сафар уюштирган ва у ердаги тўрт жамлоқни кўрсатишган.

Бу лагерлар агар Ер сунъий йўлдошидан бир неча йил олдин тасвирга олинган фотосуратларга қараладиган бўлса, Роҳинжа мусулмонларининг қишлоқлари жойлашган жойда қурилган.

Мянмар расмийлари жамлоқлар Роҳинжа қишлоқларининг ўрнида қурилмаган, дея инкор қиладилар.

2017 йилги хунрезликлар оқибатида 700000 дан ортиқ Роҳинжа мусулмонлари ўзларининг яшаб келган жойларини ташлаб қочиб кетишга мажбур бўлган эдилар.

Мянмар армияси қуролланган Роҳинжаларни қидираётганини айтиб, ҳарбий амалиётлар ўтказган.

Аслида қишлоқларга ўт қўйилган, мусулмонлар шафқатсизларича ўлдирилган, жинсий зўрланганлар.

БМТ Мянмардаги қатлиомни "этник тозалашнинг намуна китоби" дея таърифлади.

Бирма номи билан билинадиган Мянмар ҳукумати ўз қуролли кучлари катта миқёсдаги қотилликларга қўл урганини инкор этиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ