Марказий Осиё, муҳожирлар: Россия шифокор мигрантларни чақирмоқда

Россиядаги мигрантлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўтган ҳафтада Россия матбуоти ўзбекистонликлар тўғрисида эълон қилган асосий мавзуларнинг қисқа тафсилотини Би-би-cи Ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаёт шарҳлайди.

  • Муҳожирлар сони рекорд даражага етди
  • Россияга мигрант-шифокорлар керак
  • ВЦИОМ меҳнат муҳожирининг портретини тузди
  • Россияда яна миллатчилик кучайди
  • Патент нархи яна ошиши мумкин

Россияда бу йил меҳнат муҳожирлари сони рекорд даражага етди. Плеханов номли Россия Иқтисодиёт институтида ҳудудлараро тараққиёт соҳасида тадқиқот олиб бораётган олима Елена Егоровага кўра, бу сўнгги 10 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Сўнгги ойларда Россия мигрантларга эҳтиёжи юқорилиги бот-бот таъкидланди. Экспертлар меҳнат муҳожирлари Россияда нафақат демографияни барқарорлаштиришда, балки иқтисодиёти учун ҳам фойдали эканлигини ниҳоят очиқ билдира бошлашди.

Шифокорлар танқислигини муҳожирлар ёпадими?

Эндиликда мамлакатга фақатгина арзон ишчи кучларини эмас, малакали мутахассисларни ҳам жалб этиш ҳаракати бошлаб юборилди. Масалан, РФ Соғликни сақлаш вазирлиги Россияда шифокорлар етишмаслиги муаммосини ҳал қилишда мигрантлар ёрдам бериши мумкинлигини билдирди.

РФ ССВ маълумотига кўра, поликлиникаларнинг ўзида 25 мингдан зиёд шифокор, 130 мингга яқин ҳамшира ва бошқа ходимлар етишмайди. Касалхоналарда ҳам аҳвол яхши эмас, дейлик биргина онкология соҳасига 4000 га яқин мутахассис зарур. Шулардан келиб чиқиб, ССВ бўш иш ўринларига муҳожирларни жалб қилишга қарор қилган. Уни Меҳнат вазирлиги ҳам қўллаб-қувватлади ва мигрант шифокорларга Россия фуқаролигини беришни таклиф қилди.

Бу хабарларни россияликлар хурсанд бўлиб кутиб олгани йўқ, албатта. Россия ОАВлари мигрант-шифокорларнинг ортиши мумкинлиги эҳтимолига нисбатан ўз кайфиятларини «Салам, доктор!», деб қабулга кирамизми?, - дея турли кинояли мақолаларида акс эттиришмоқда.

Мигрантлар ким ва қаерда?

ВЦИОМ меҳнат муҳожирининг портретини тузди. Тадқиқотга кўра, Россияга ишлаш учун келаётган муҳожирларнинг 40 фоизи Ўзбекистондан, 20 фоизи Тожикистондан ва 7 фоизи қирғизистонликлардир.

Экспертлар уларнинг 70 фоизи эркаклар эканини таъкидлади. Уларнинг 40 фоизи 30 ёшгача, 35 фоизи ундан юқори ёшдагилардир. Тадқиқотлар муҳожирларнинг катта қисми (42%) ўрта маълумотлилар эканлигини кўрсатди. Шунингдек, ишчиларнинг 33 % и хизмат кўрсатиш соҳаларида, 16 % қурилишларда ва 14 % коммунал хизмат соҳасида ишлаши хабар қилинган.

РФ ҳукумати вакили Сергей Приходько матбуотга айни пайтда Россияда 2,5 млн атрофида ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида эканлигини билдирган. Бу кўрсаткич Россиядаги Марказий осиёликлар орасида энг катта сондир.

Миллатчилик яна кучайди

Матбуотда муҳожирлар сони ортгани ва уларга талаб борлиги ҳақидаги хабарлар ортидан социологлар Россияда миллатчилик кайфияти яна ошганини маълум қилди.

«Левада-центр» ижтимоий фикр маркази Россияда қандайдир-бир этник гуруҳларнинг яшашини чеклашни истовчилар қисми 54 фоиздан 71 фоизга кўтарилганини маълум қилди. Улар орасида Марказий осиёликларни Россияда яшашини истамайдиганлар 32 фоизни ташкил қилади.

Ҳар икки россияликнинг бири «Россия руслар учун» шиорини қўллаб-қувватлайди.

Хўш, Россия халқи муҳожирларни ёқтирмас экан, давлат-чи, уларсиз яшай оладими? Бу саволга кўплаб ОАВ жавоб излай бошлашди.

Ҳар олтинчи киши - мигрант

БМТ маълумотига кўра, Россияда 12 млн мигрант бор - мамлакат аҳолисининг 8 фоизи. ИИВ да ҳам шу кўрсатгич: 11 млн. Бу Россия учун кўпми камми?

Россияда ишга яроқли аҳоли 70 млн кишини ташкил қилади. Демак, меҳнат бозорида муҳожирларнинг улуши 16 %, аниқроғи, ҳар олтинчи киши - мигрант.

Келгуси 5-6 йилда РФ нинг меҳнатга яроқлилар сони ҳар йили 800 минг кишига камайиб боради, - дея тахминлайди миллатлар бўйича федераль агентлик раҳбари Игорь Баринов.

Шундай ҳолатда Россия муҳожирларсиз яшаб кета оладими?

РАНХиГС тадқиқотчиси Евгений Варшаверга кўра, яқин 20-30 йилдан кейингина вазият ўзгариши мумкин. Аммо мигрантларга ҳамма вақт талаб сақланиб қолади.

Патент яна ошиши мумкин

Мигрантларга талаб катталиги таъкидланган Россия уларга ҳужжатларда енгилликларни эълон қила бошлади.

Масалан, эндиликда Россияда ўз уйига эга мигрантлар яқин қариндошларини уйига рўйхатга қўйиши мумкин бўлади.

Ёки ҳайдовчилик гувоҳномаларига оид яна бир хабар. Эндиликда Ўзбекистонда 2011 йилга 28 мартгача берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари тан олинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Аммо бу янгиликлар кетма-кетлигида патент нархининг яна ошиши кутилаётгани ҳақидаги хабарлар кўринмоқда. Турли ҳудудларда турлича. Масалан, Москва шаҳрида 350 рублга кўтарилиши мумкинлиги маълум қилинди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ