Россия: Дума мулозими МДҲ доирасида икки фуқаролик жорий этишни таклиф қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI
Image caption Константин Затулин Думадаги бир қатор қонунчилик ташаббуси муаллифи

Россия Думасининг МДҲ бўйича қўмита раисининг ўринбосари Константин Затулин Ҳамдўстлик доирасида умумий фуқароликни жорий этиш ҳақидаги таклиф билан чиққан.

Унинг ишонишича, эртами, кечми МДҲ ва Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар шундай қарорга келади.

Кремлга яқин Спутник агентлигига кўра, депутат бу ҳақда ЕОИИ доирасидаги ҳамкорликка бағишланган йиғилишда гапирган.

Затулиннинг айтишича, у ушбу ғояни аввал ҳам бир неча марта илгари сурган, аммо танқидларга учраган.

"Халқлар устида тажриба ўтказилмайди" ёки Ўзбекистон Россия ва Ғарб орасида қолдими?

Ўзбекистон: Ассалом, Совет Иттифоқи ёҳуд ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонга нима беради?

Ўзбекистон: Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида

"Халқлар устида тажриба ўтказилмайди" ёки Ўзбекистон Россия ва Ғарб орасида қолдими?

Унинг эътироф этишича, кўпчилик бу ташаббусни миллий суверенитет учун "ўта хавфли" деб тушунади.

"Фикримча, Евросиё иқтисодий иттифоқининг ривожланиш мантиғи барчамизни бу қарорга даъват этади", - дея Затулиндан иқтибос келтирган Спутник агентлиги.

Затулинга кўра, МДҲ ва ЕОИИга аъзо давлатлар ватандошлари миллий паспортларини сақлаб қолган ҳолда умумий паспортга эга бўлишлари мумкин.

Затулин Думадаги бир қатор қонунчилик ташаббуси муаллифи.

Жорий тартибга мувофиқ, МДҲ давлатлари фуқаролари Россия ҳудудида 90 кунгача қолиши мумкин. Муддат тугагач, чегарани кесиб ўтиш талаб қилинади.

МДҲ фуқаролари умумий ҳисобда Федерал миграция хизматида қайддан ўтмасдан, 180 кундан ортиқ бўлмаган муддатда Россия ҳудудида бўлиш ҳуқуқига эга.

Рад этилган ғоя

Постсовет ҳудудида Россия етакчилигидаги интеграцион лойиҳаларда умумий фуқаролик ғояси биринчи марта илгари сурилаётгани йўқ.

Хусусан, Евросиё иқтисодий иттифоқини таъсис этишга доир музокаралар кечган 2014 йилда Қозоғистон ЕОИИ шартномасидан умумий фуқаролик ҳақидаги бандни чиқариб ташлашга эришганди.

Бу ҳақда ўша вақтдаги Қозоғистон бош вазири ўринбосари Самат Ордабаев журналистларга маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Россия томони аввалига 2 минг бетдан иборат йирик шартномасини таклиф қилган.

"Шартномага моҳиятан давлатларимиз ҳаётининг барча томонларини тартибга солувчи ҳолатларни киритишга уринилди. Биринчи навбатда сиёсий ҳамкорлик, умумий фуқаролик, миграция сиёсати, ташқи сиёсат, паспорт-виза тартиби, умумий чегара ва ҳоказолар" деб айтган қозоқ мулозими.

Унинг айтишича, қозоқ томони фақат ўзининг миллий манфаатларига мос келадиган бандларни қабул қилган.

"Фақат иқтисодий масалалар. Ҳеч қандай сиёсат бўлмайди", деб айтган Самат Ордабаев.

Image caption Ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар Россияда муҳожирлик тартибларини бузганлик учун жавобгарликка тортиладилар

Евросиё иқтисодий иттифоқини тузиш ҳақидаги шартнома 2014 йилда Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Астана (ҳозирги Нур-Султон)да имзоланган.

2015 йил 1 январидан кучга кирган иттифоққа Россиянинг собиқ ЕвразЭСдаги ҳамкорлари Қозоғистон ва Беларусдан ташқари Арманистон ва кейинчалик Қирғизистон аъзо бўлиб кирган.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов Евросиё иттифоқини "мустақилликка таҳдид", деб атаганди.

"Улар фақат умумий бозор яратаётганлари, ўз мустақилликлари ва суверенитетларидан воз кечмасликларини айтишаяпти. Аммо қани айтинглар-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлиши мумкинми?", деб айтганди Каримов 2014 йил июнида Тошкентда ўтган анжуманда.

Ватанга садоқат инқирози

Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари (SOAS) университетидан таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг айтишича, умумий ёки икки фуқароликни жорий қилиш ғояси, бир қарашда жозибали таклиф бўлиб кўриниши мумкин.

"Ахир Россияда ишлаб юрган Ўзбекистон фуқаролари худди рус ватандошлари сингари ҳуқуқларга эга бўлишлари мумкин", - дейди у.

Аммо унинг фикрича, бу каби тартибни жорий қилиш учун маълум сиёсий шарт-шароитлар юзага келиши керак.

"Хусусан, Москва томонидан тажовуз ёки неоимпериячилик экспансияси хавфи нолга туширилиши керак. Амалда эса биз Москва қатор собиқ совет давлатларининг суверенитетига тажовуз қилгани, уларга қарши гибрид урушларни олиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Россия Украина билан уруш ҳолатида, Приднестровье, Абхазия ҳамда Жанубий Осетияда бўлгинчиларни қўллаб-қувватламоқда, у ерларда ўз қўшинларини жойлаштирмоқда. Бундай вазиятда, агар икки ёки умумий фуқаролик жорий этиладиган бўлса, Россия янги империянинг мустамлакаси бўлишни истамаган давлатларнинг мустақиллигини ичидан емириши мумкин бўлган "бешинчи колоннага" эга бўлади. Яъни лояллик билан боғлиқ зиддият юзага келади. Мисол учун, Ўзбекистон фуқаролари маълум бир фавқулодда ҳолатларда ўзи туғилган мамлакат билан ўзи паспортига эга бўлган мамлакатга садоқат ўртасида танлов қилишига тўғри келиши мумкин. Миллий суверенитет нуқтаи назаридан бу Ўзбекистон учун ЕОИИга азолик истиқболидан ҳам салбийроқ ҳолатдир", - дейди Би-би-си билан суҳбатда Алишер Илҳомов.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ дилеммаси

Затулиннинг баёноти Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш юзасидан музокаралар олиб бораётган вақтда янграмоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев яна бир марта бу борада ҳали қарор қабул қилинмаганини айтиб чиққан.

Унинг Вашингтонда ўтган АҚШ-Ўзбекистон Бизнес форумида чоғида айтишича, расмий Тошкент иқтисодий прагматизм сиёсатини олиб бормоқда.

"Бу борада қандайдир қарор қабул қилингани йўқ. Кирадими, кирмайдими, бу масала ўрганилмоқда. Ҳар томонлама, чуқур. Иқтисодчилар, сиёсатчилар, ҳуқуқшунослар томонидан. Ҳали тарозининг палласи ҳисобланяпти бу масалада", - деб айтган Содиқ Сафоев Америка Овози билан суҳбатда.

Унинг таъкидлашича. Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиб кирганда ҳам, бу унинг АҚШ ва Европа билан алоқаларига таъсир кўрсатмайди.

Image caption Содиқ Сафоев яна бир марта ЕОИИга аъзолик борасида ҳали қарор қабул қилинмаганини айтиб чиққан

Сафоев ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонннинг Жаҳон савдо ташкилоти билан музокараларига таъсир кўрсатмаслигини айтган.

Мисол сифатида у ЕОИИ аъзоларининг аксари ҳозирнинг ўзида ЖСТ аъзоси эканини таъкидлаган.

Шу тариқа у АҚШ томонининг Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолик истиқболлари борасидаги хавотирларини аритишга уринган.

Сафоев иштирок этган форумда АҚШ Савдо вазири Уилбир Росс Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш оқибатларидан огоҳлантирганди.

Унга кўра, иттифоққа қўшилиш Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддатини чўзиб юборади.

"Бозор иқтисодиёти ислоҳотларининг муҳим мақсадларидан бири Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишидир. Биз ушбу ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўз ўрнида ўзбекистонлик ҳамкорларимизни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда янги келишувларнинг таъсирини диққат билан қараб чиқишга чақирамиз. Масалан, айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш Ўзбекистон раҳбарияти томонидан белгиланган Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддатини чўзиши ва мураккаблаштириши мумкин".

Россия бош вазири Дмитрий Медведев АҚШ мулозимининг баёнотини ғирромлик сифатида баҳолаган.

"Бу аниқ рақобатбардош бўлмаган кураш усулларидан фойдаланишдир", - деб айтган Россия ҳукумати раҳбари 26 октябр куни Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши чоғида.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан аъзолик борасида музокаралар олиб бораётгани шу ой бошида Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг Тошкентга сафари чоғида ўртага чиққан эди.

Россия агентликлари Матвиенкога таянган ҳолда аввалига Мирзиёев ЕОИИга аъзога бўлиш борасида қарор қабул қилгани ва ҳукуматга топшириқ бергани, кейинроқ эса бу борада ҳали музокаралар давом этаётгани ҳақида хабарлар тарқатганди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Матвиенконинг баёнотини шарҳлаган Содиқ Сафоев Россия Ўзбекистонга босим ўтказаётганини рад этиб чиққан.

"Ўзбекистон босим ўтказиладиган давлат эмас" деган у Тошкентдаги матбуот анжуманида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ