Афғонистон-Ўзбекистон: бизнеслар Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқдами?

Мозори Шарифдаги сим тўр корхонаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги Мир Алишер Навоий номидаги саноат паркида 5 йил илгари қарийб 300 ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритарди.

У ерда озиқ-овқат, кийим-кечак ва қурилиш моллари ишлаб чиқарилган.

Расмий маълумотларга кўра, бу корхоналар Афғонистон шимолий вилоятларининг бундай маҳсулотларга бўлган эҳтиёжининг 25 фоизини қондирган.

Бугунги кунда саноат паркида бармоқ билан санарли корхоналар иш юритмоқда.

Қурилиш учун сим тўрлар тайёрланадиган корхона 6 йил олдин иш бошлаганида 25 кишини иш билан таъминлаган.

Йилига 15-20 тонна маҳсулот ишлаб чиқарган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Image caption Афғонистон ва Ўзбекистонни Амударё устида қурилган Ҳайратон кўприги боғлайди.

Ҳозирга келиб эса корхонада беш киши ишламоқда, шунда ҳам ишчиларнинг маошини тўлаш мушкул бўлиб қолган, дейди корхона раҳбари Гул Ҳамид.

Мозори Шарифдаги ишлаб чиқариш корхоналари ёпилишига охирги йилларда Афғонистон шимолидаги хавфсизлик вазияти ёмонлашгани ва шимолий қўшни Ўзбекистонда бизнес юритиш учун қулай шароит яратилгани асосий сабаблар қилиб кўрсатилмоқда.

Мозори Шариф Балх вилоятининг маркази.

Балх вилояти расмийларига кўра, охирги бир йилнинг ўзида 100 дан ортиқ ширкат ўз сармояларини Афғонистон шимолидан Ўзбекистонга олиб ўтган.

Вилоят Тижорат идораси раҳбари Араш Юнусийнинг Би-би-сига айтишича, бир йил олдин Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти масъуллари билан мулоқот пайтида қарийб 90 та Афғон ширкати Сурхондарёга сармоя ётқизганларини айтганлар.

"Аммо икки ой олдин Термизга борганимда бу рақам 190 га етган деб айтишди", дейди Араш Юнусий.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Image caption Балх вилоят Тижорат идораси раҳбари Араш Юнусийнинг Би-би-сига айтишича, Сурхондарёда 190 Афғон ширкати фаолият юритмоқда.

Афғонистон ва Ўзбекистонни Амударё ажратиб туради.

Амударё устидан Ҳайратон кўприги қурилган, кўприкни 1981 йили атоқли Ўзбек давлат арбоби Шароф Рашидов тантанали очиб берган, унга "Дўстлик" кўприги номи берилган.

Афғонистондаги беқарорликлар боис узоқ йиллар расман Ҳайратон кўприги ёпиб қўйилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан кейин Афғонистон билан иқтисодий-тужжорий алоқалар кучайтирилди.

Ўнлаб йиллар давомида Афғонистон шимолига Туркия ёки Араб мамлакатларидан парвоз қилиб борган Афғонлар "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг Тошкент ва Термиз учоқларига чипта сотиб олиб ватанларини зиёрат қиладиган бўлдилар.

Ўзбекистонга хорижий сармояларни кўпайтириш сиёсати Афғонлар учун жозиба касб этди, хусусан, Сурхондарё вилоятидаги бизнес имкониятларига қизиқиш кучайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Ҳаёт Шайбон тайёрлаган видео лавҳани томоша қилинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ