Россия: "Росбалт" журналистини бўҳтон ва таъмагирликда айбламоқдалар. Нима учун?

Росбалт Фото муаллифлик ҳуқуқи Alexander Nikolaev/TASS

Россиядаги "Росбалт" ахборот агентлиги журналисти Александр Шваревга миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан туҳмат қилиш ва 3 миллион рубл таъма қилиш айблови сиртдан илгари сурилди. Маҳкама уни ҳибсга олиш масаласини кўриб чиқади. Шваревнинг ўзи Латвияда.

Шваревга айблов илгари сурилгани ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида 7 ноябр куни тарқалди. Ушбу жиноят ишида Шваревнинг бундан олдинги мақоми гувоҳ эди. Суд журналистни сиртдан ҳибс қилиш ҳақидаги масалани 11 ноябр куни кўриб чиқади.

Журналистнинг адвокати Владимир Жеребенковнинг сўзларига кўра, журналистга нисбатан "Бўҳтон" моддаси бўйича жиноят иши ҳали 2018 йилнинг декабридаёқ қўзғатилган. "Италянец" деб аталадиган криминал авторитет Андрей Кочуйковнинг ҳибсдан озод этилишига бизнесмен Алишер Усмоновнинг эҳтимолий алоқаси борлиги ҳақидаги Шмаревнинг мақолалари норозиликларга сабаб бўлган.

"Биз тергов ҳаракатларини шарҳламаймиз", - дея баёнот берган Усмоновнинг вакилиги Би-би-сига.

Андрей Кочуйков Москва шаҳридаги Рочделская кўчасида жойлашган Elements ресторанида 2015 йил 14 декабрида рўй берган отишма ортидан ҳибсга олинган.

Ресторандаги отишма билан боғлиқ овозали жиноят иши Тергов Қўмитасининг Москва бошқармаси раҳбарлари, жумладан, раҳбари генерал Александр Дримановнинг ҳам ҳибсга олинишига сабаб бўлган. Айблов томони версиясига кўра, Тергов қўмитаси раҳбарлари "Италянец" ва у билан бирга қўлга олинганларни озодликка чиқариш эвазига Шакро Молодой номи билан танилган жиноий авторитетдан пора олганлар.

Владимир Жеребенков бизнесмен Олег Шейхаметовнинг ҳимоячиси бўлган. Олег Шейхаметов гўё "Италянец"ни озодликка чиқарганлари учун Тергов қўмитаси раҳбарларига пулнинг бир қисмини берган. Бу пуллар кимники эди, номаълум, аммо жиноят ишида Усмонов номи тилга олинган, дейди адвокат.

"Саша Шварев ушбу воқеани ошкор қилди, бу эса олигархларга жуда ҳам ёқмади", - дейди Жеребенков. Бўҳтон бўйича тинтувлар Шваревнинг уйида ҳам, "Росбалт" таҳририятида ҳам ўтказилган.

"Терговчилар ўзларини жуда қўрс тутдилар", - таъкидлади адвокат. Унинг ишонишича, журналистга нисбатан жиноят иши буюртмадир.

Шварев 2019 йил майида Ригага даволанишга кетган, "уни ошқозоности бези безовта қилаётганди", дейди адвокат. Яқин-яқингача ҳам туҳмат қиши бўйича ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Лекин 7 ноябр куни адвокат Жеребенков жиноят ишида "Таъмагирлик" банди бўйича эпизод пайдо бўлганидан хабар топган.

Бу ишни 1 ноябрда қўзғатганлар, 2 ноябр куни журналистга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган - бусиз сиртдан айбдор шахсни ҳибсга олиш мумкин эмас. Терговчилар янги эпизод ҳақида Шваревнинг ўзига ҳам, унинг адвокатига ҳам хабар бермаганлар . "Хабар беришнинг нима кераги бор? Ҳаммаси улар яхши кўрадигандек яширин, бекитиқча", - дея заҳарханда қилади Жеребенков.

Шваревни нималарда айбламоқдалар?

Жиноят иши билан Би-би-си танишиб чиқди. Жиноят иши материалларидан шу нарса англашиладики, тергов 2018 йили Шварев қандайдир Алишер Абдуллаев билан биргаликда бир неча сайтларда "Алишер Усманов. Статус: авторитет", "Алишер Усманов в деле Шакро", "Усманов. Связи: Солнцевская, ореховская, узбекская ОПГ" деган сарлавҳалар остида мақолалар эълон қилган.

Россия Ички ишлар вазирлиги хулосасига кўра, ушбу мақолаларда Усмонов жиноят содир этгани ҳақида билиб туриб ёлғон ахборот тарқатилган.

Бундан ташқари, дейилади жиноят иши материалларида, Шварев ва Абдуллаев Қозоқ бизнесмени Кенес Ракишевнинг Рочделская кўчасидаги отишмага алоқаси ҳақида гапирилган мақолаларни учириб ташлаб эвазига 50 минг доллар талаб қилганлар.

Шваревнинг ўзи Би-би-сига Абдуллаев билан таниш эмаслигини айтган, ҳозир адвокати билан унинг шахси кимлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқдалар. Унинг сўзларига кўра, жиноят иши бошидан-охиригача сохталаштирилган. Журналист Россияга қайтиш-қайтмаслигини билмаслигини айтади. Ҳамма нарса суднинг сиртдан ҳибси борасидаги қарорига боғлиқ бўлади, дейди у. "Озгина бўлса ҳам ҳақиқатга умид қилгинг келади", деди Шварев.

Россиядаги "Интерфакс" ахборот агентлиги манбасига кўра, тергов томони Шваревни қидириш ва қўлга олиш ҳақидаги ҳужжатларни Интерполга йўллаш учун тайёрлаб қўйган. Бўҳтон айблови бўйича журналистга 5 миллион Россия рублигача жарима ёки 480 соатгача мажбурий иш, таъмагирлик айблови бўйича 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш қарори тайинланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ