Дунё, сиёсат ва иқтисод: Хитой Россиянинг Узоқ Шарқи учун таҳдидми имконият?

Сўнгги йилларда Россия ва Хитойнинг яқинлашувига қарамай, Узоқ Шарқ аҳолиси илгаригидек ХХР стратегиясини қўшни ҳудудларга нисбатан "экспансия" деб аташмоқда. Би-би-си мухбирлари хитойликларнинг иштироки миқёсини баҳолаш учун минтақадаги барча қишлоқ хўжалик ерлари бўйича маълумотларни таҳлил қилишди. Кейин эса чегарадош қишлоқларга боришди ва ХХРнинг фермерлари билан маҳаллий аҳоли биргаликда қандай яшаётганини кўришди.

"Бош оғриғи" бўлганди, оқибатда чап тиззаси билан чуқурга тушиб кетди"

"Тов Козлов мастликда бўлиб саккиз кун ишламади"

"Алексей Коношенко гаражга соат тўққизда қўлида бир шиша ароқ билан маст ҳолда келган".

"Чорвадорлар навбатчиликда ҳушёр эмасди, улар ўзбошимчалик билан чорва молларини ташлаб кетдилар, қорамол қаровсиз қолди".

Максимовка қишлоғи Благовешенскдан юз километр шарқда жойлашган. Қишлоқ марказида - ташландиқ бино бор. Илгари унда "Маяк" колхозининг идораси жойлашган эди. Кириш эшигида қулф йўқ, исталган киши кириши мумкин. Идоранинг иккала қавати ҳам колхоз қоғозлари билан тўла. Уларнинг энг эскиларининг баъзисига 80-йиллар санаси қўйилган.

Бу қоғозларга кўра, совет даврлари поёнида ичкилик "Маяк"нинг энг катта муаммоси бўлган. Мана, 1990 йил апрель ойида механизатор Клочковмаст ҳолда тракторни уриб юбориб, техникани яроқсиз ҳолга келтирди, деб ёзади унинг бригадири.

Image caption Иккинчи жаҳон уруши қурбонларига қўйилган ёдгорлик

"Грачев ферма туғруқхонасида ўт ёқувчи бўлиб ишлаган ва сигирларга қараш ҳамда бузоқларни қабул қилиб олиш унинг зиммасига юклатилган. Ўртоқ Грачев В. 3 апрель куни ишга чиқмаган, шу куни бир сигир охурга тиқилиб қолган ва бир кундан кейин бузоғи тушган", - ҳисобот беради бригадир Удальцов 1991 йилнинг апрелида (ахлоқий ва юридик сабабларга кўра, фамилиялар ўзгартирилган).

"Эътиборингизга соғувчи Денисова Н. сутга сув қўшганини билдираман. Колхоз кенгашидан тегишли чоралар кўрилишини сўрайман", - дейилади Удальцовнинг яна бир ҳисоботида. У 1990 йилда бузоқбоқар Коношенко устидан кенгашга шикоят қилган, сабаби ичкиликбозлиги сабабли бир неча кун ишга чиқмаган.

Image caption "Маяк" колхози идораси жойлашган бино архив ҳужжатлари билан тўлиб тошган

1990 йилларда 400 га яқин киши ишлаган колхоз тарқала бошлади. "Пичанни узилишлар билан келтиришади… Бузоқларга пичан умуман берилмаган кунлар ҳам бўлади… Шунинг учун "вазн ортмайди ва пастлаш кетяпти", дейилади 1992 йилги шикоятда.

"Фермада омборга сув етказиб берадиган қувур эриган, бунинг натижасида 6 бош бузоқ йиқилган", - ёзади бригадир Крупник 1991 йил декабрда.

Натижада колхоз ерлари бўлакларга бўлинди ва колхознинг сўнгги раиси Евгений Фокин бир неча минглаб гектар ерларини хитойлик тадбиркорларга ижарага берди.

"Биз ерлар колхозда бўлса яхши бўлади деб ўйлаб Фокинга акцияларни топширдик. У эса ҳаммасини хитойликларга берди ва кетди. Биз эса ҳеч нарсасиз қолдик", - дейди маҳаллий аёл Татьяна Ивановна.

"Ҳеч қандай. Одатий. Атрофда юргандек" - Фокин хитойликларнинг Максимовкада қандай пайдо бўлиб қолишгани ҳақидаги саволга шундай жавоб берди. Максимовка атрофидаги ерларни қайта ишловчи "Маяк" компаниясининг эгаси Чжан Эньгуй Би-би-си саволига жавоб бермади.

Хитой корхонасининг ишлаб чиқариш базаси - бу баланд металл панжара ортидаги ўнлаб тракторлар ва комбайнлар. У ҳудуд ичидаги ишчилар ташқарига фақат озиқ-овқат маҳсулотлари учун ташқарига чиқишади.

Россиянинг Узоқ шарқида бундай Максимовкалардан нечта? Бу саволга жавоб бериш учун Би-Би-Си мухбирлари Росрестрдан Хитой билан чегарадош бешта минтақада: Байкалорти, Хабаровск ва Приморск ўлкаси, Амур ва Яҳудий автоном вилоятларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 20 мингдан ортиқ кўчирмаларни ўрганиб чиқдилар.

""Бизнинг ерларимиз оз, одамлар эса кўп"

90-йилларда чегаралар очилгандан сўнг хитойлик деҳқонлар оммавий равишда рус фермерларига ишчи бўлиб ёллана ёки колхозлардан ерларни ижарага ола бошладилар. Уларни ижара миқдорининг арзонлиги жалб қиларди, дейилади америкалик Цзяи Чжоу томонидан ўтказилган Узоқ Шарқ қишлоқ хўжалигининг тарихида хитойликларнинг пайдо бўлишига оид бўйича тадқиқотда.

"Бизда ерлар кам, одамлар эса кўп", - деб Россияда ишлаш сабабларини тушунтиради чегараолди ҳудудлардан биридаги хитой фермаси мудири. Асосий етиштирилувчи маҳсулот аввал ҳам, ҳозир ҳам - соя.

2000-йилларда Хитой компаниялари норасмий деҳқон кооперативларини алмаштирдилар, дея эслайди ЕАО деҳқонлар иттифоқи раҳбари Александр Ларик. Шу йилларда Россияда чет эллик фермерларнинг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик пайдо бўлди: чет элликлар фақат қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага олиши мумкин.

Айниқса, 2008 йилдаги инқироздан кейин Хитой тадбиркорлари Узоқ Шарқда қишлоқ хўжалигига фаол сармоя кирита бошладилар. "Ваҳима бор эди, улар қаерга пул тикишни қидиришарди", - дейди Примор ўлкасидаги хитой фермаси директори.

"Бу бизнинг ваколатимиз эмас"- Узоқ Шарқ ва Арктикани ривожлантириш бўйича вазир Александр Козлов Би-Би-Сининг хитойлар томонидан ижарага олинган ерлар миқдори тўғрисида маълумот бериш ҳақидаги илтимосига жавобан шундай деди. Унинг сўзларига кўра, "агар расмий ҳисобни олсангиз, Россияда ерларнинг озгина қисми Хитой компаниялари билан боғлиқ".

Бироқ, Росреестр маълумотларига кўра, энди Хитой билан боғлиқ бўлган компаниялар ва шахслар Узоқ Шарқда камида 350 минг гектар ерни ижарага олади ёки эгалик қилади.

Бу кўпми ёки озми? Росстат маълумотига кўра, 2018 йилда бешта чегара минтақасида экин майдони 2,2 миллион гектарни ташкил этади. Шундай қилиб, барча ишлатилган ерларга нисбатан хитойликлар тахминан 16% улушга эга.

Биз қандай ҳисобладик?

Би-Би-Си таҳлиллари шуни кўрсатдики, Узоқ Шарқнинг 40 фоиз ерллари хитойлик фермерларга тақдим этилган. Хитой иштирокида етакчи ҳудуд - Яҳудий автоном вилояти. Ленинск туманида хитойликлар 62 минг гектар ерни ижарага олишади. Таққослаш учун: Росстат маълумотларига кўра, бу ерда 2018 йилда 81 минг гектар майдон экинлар етиштириш учун ишлатилган.

Бу фақат расмий маълумотлар. Ҳатто расмийлар ҳам хитойликларнинг кўп ҳолатларда ўзлари учун ажратилган ерларини қайд этмаётганини тан олишди.

Масалан, Яҳудий автоном вилоятида 20% ҳолларда Хитойдан келган муҳожирлар Росреестрда руслар қайд этилган ерларда ишлашади, деди Би-би-сига ҳудуд губернатори Александр Левинталь.

"Бизда ўндан ортиқ шундай сохта фермалар мавжуд"- дея тасдиқлади ЕАОнинг Смидович туманидаги фермер Анатолий Ильюшко. ЕАО деҳқонлар иттифоқи раҳбари Александр Ларик -норасмий ижарага олишнинг яна бир йўли - бу Россия фуқароларига уйланишдир, - дейди.

Хуллас, хитой хўжаликларининг ҳақиқий улуши кузатув остида баҳоланиши керак.

"Хўжаликлардаги деярли барча ерлар хитойликларга берилган эди", - дейди Ларик. Унинг фикрига кўра, хитойликлар ЕАО ҳудудидаги экинга яроқли ерларнинг 65-70 фоизини назорат қилишади. Вилоят раҳбари Левинталь эса бу 56 фоизни ташкил этади деб тахмин қилади.

Благовешенсклик фермер Евгения Соколовский баҳосига кўра, Амур вилоятида хитойлар бутун бозорнинг тўртдан бир қисмини эгаллайди. Россиянинг йирик қишлоқ хужаликлари барча қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 50 фоизини ташкил этади.

Би-би-си рус хизматининг маълумотларига кўра росреестрнинг маълумотлари ҳақиқатни акс эттиради: Хитой фермерлари юқори улушига эга бўлган ҳудудларда улар сезиларли иқтисодий ва ҳатто ижтимоий кучдир.

Яҳудий автоном вилояти Биробиджанск туманида хитойликлар деярли 11 минг гектар (таққослаш учун: Росстат маълумотига кўра, 2018 йили экинлар учун 24 минг гектар ердан фойдаланган)ни эгаллаган.

Бу ерда энг машҳур фермерлардан бири "хитой-Дима". Уни Биробиджаннинг жанубидаги қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган хар бир киши танийди.

Дима Тажрибали Дала деган шоирона номли қишлоқда яшайди. Унинг иши яхши юришганлиги ҳақиқатдан ҳам қишлоққа киришдаёқ сезилиб туради: қизил томли баланд уйи ҳатто катта йўлдан кўриниб туради.

Аслида унинг исми Син Цзе, лекин Узоқ Шарқда хитойликлар кўпинча ўзларига рус исмларини қўйиб олишади.

1990-йилларда Дима Россияга амакисининг ёнига келган. У ватанида металлургликка ўқиган, лекин охир-оқибат деҳқон бўлган: Тажрибали Дала қишлоғида чўчқа фермасини сотиб олган, 2,5 минг гектардан кўпроқ ерни ижарага олиб соя етиштиради. Унинг фермасида ўнлаб руслар ва ўн бештача хитойликлар ишлайди.

"Хитой-Дима" маҳаллий фермерга уйланди, ажрашди ва яна русга уйланди: бу сафар "шаҳарлик қиз"га.

Дима Россия фуқоролигини қабул қилмади, бунинг ўрнига доимий яшаш ҳуқуқини узайтирди. Аммо барибир минтақа ҳаётида фаол иштирок этади: у болалар боғчалари учун совғалар сотиб олади, қишда эса узоқ қишлоқларга тозалаш учун тракторларни юборади. "Спорт билан шуғулланадиган шаҳарда одамлар пул тўплашади"-дейди бузилган рус тилида байрамларни молиявий қўллаб-қуватлаш ҳақида.

"Хитой-Дима" - хитой фермерларининг Узоқ Шарқ ҳаётида интеграциялашувининг ноёб намунасидир. Хитойдан келган муҳожирлар томонидан ташкил этилган фирмаларнинг аксарияти рус қишлоқларининг ўртасида ҳақиқий қалъалардир.

Хитой қалъалари

Бабстово қишлоғи Яҳудий автоном вилоятини жанубида жойлашган. Ярим соатлик ёмон асфальт йўлидан юрилади, кейин Амур дарёси ва Хитой чегараси.

Бабстовонинг ёнида "Дўстлик" деган тинчликсевар номли Хитой фермаси жойлашган.

"Дўстлик"нинг ишлаб чиқариш базаси баланд девор билан ўралган, ёнидаги дарвоза устига қизил байроқ қўйилган.

Эшик қулфланмаган, ичкарида дангаса ит ва ўзини Юра деб таништирган кекса хитойлик қўриқчи бор. Рус тилида у фақат "халасо" сўзини билади, у буни ҳар ўттиз сонияда табассум билан такрорлайди. Барча саволларга бир хил муносабат билдиради: телефонлар ёзилган варақни узатади ва "Яна" номини такрорлайди. Тушунишимизча, у ферманинг рус эгаси. Яна ҳозир Хитойда ва у билан боғланиб бўлмайди.

Бабствога қўшни Унгун ва Тоғ қишлоқларида кетма-кет учта хитой қишлоқ хўжалиги корхоналари мавжуд. Уларнинг барчаси бир бирига ўхшаш: баланд девор, рус ва хитой қишлоқ хўжалиги техникалари уюми, рус тилида гапиролмайдиган қўриқчи.

Унгундаги "Яҳудий аграрчи" фермасининг дарвозасида таржимонларнинг телефонлари ва исмлари иероглифча ёзилган.Унгундаги "Баоцюнь" фермаси Хэйлунзцян давлат хўжаликлари бош бошқармасига тегишли. Унинг раҳбарлари "Қишлоқ хўжалиги хизматлари маркази" ёрлиғини рус ва хитой тилларида осиб қўйишган.

Хитойлик ишчилар фермер хўжаликларида доимий яшамайдилар: улар муайян ишларни бажариш вақтида, шу жумладан, экиш ёки йиғиб олиш вақтида олиб келинади.

Фермер хўжаликларидаги "крепостной"лар икки ҳолатда ташқарига чиқишади: далада ишлаш ёки дўкондан маҳсулот сотиб олиш учун.

"Қандай танлашади? Бармоқ билан кўрсатишади, - дейди ушбу қишлоқларнинг биридаги дўкон сотувчиси. - Сут маҳсулотлари ва ширинликларни яхши кўришида, спиртли ичимликлардан - фақат пиво, шуни ҳам камдан кам ҳолларда олишади".

Ҳафта охири ёки мажбурий узилишлар пайтида масалан, сув тошқини туфайли хитойлик ишчилари ўз ватанларига жўнаб кетишади. Маҳаллий қизлар билан танишиш учун ҳеч ким ҳаракат қилмайди, тил билишмайди-ку,- дейди Димитрово қишлоғидаги "Синьда" фермасининг таржимони.

Хитойликлар асосий ишни ўз ватандошларига беришни афзал кўришади, русларни эса ёрдамчи лавозимга қўйишади, дейди ЕАО деҳқонлари иттифоқи раҳбари Александр Ларик.

"Ҳа, хитойлар ўзлариникини олишга ҳаракат қилишади"-тасдиқлайди Алекандр Левинтал. Унинг фикрига кўра, бу тил борасидаги тўсиқ ва ўз технологияларига риоя қилиш истаги билан боғлиқ.

"Маҳаллий аҳолини мавсумий ишларга жалб қилишади. Экин экилади - бўлди. Ҳозир уйларида ҳосил йиғишгача ўтиришади, керак бўлса чақиришади, бўлмаса - йўқ", - дейди максимовкалик Игорь.

Кам ҳақ тўлашади (кунига минг рубль), бу пулга ўн икки соат ёки ундан ҳам кўп ишлашади, -дея шикоят қилди Сергей Примовск ўлкасидаги Сиваковка қишлоғининг фуқароси. Бошқа қишлоқларда хитойликлар кунига 2000 рубль тўлаши, шунингдек, бепул озиқ-овқат беришини айтишди қишлоқда яшовчилар.

"Ўлади, лекин қилади"

Хитой компаниялари раҳбарлари кўпроқ рус ёллашдан хурсанд бўлиши, аммо ишлайдиган рус йўқлигини таъкидлашди. Асосий муаммо яна ўша - алькогол. Максимовка қишлоғидаги ташландиқ архивлар ҳисоботларига ишонсак, ўшанда ҳам шу муаммо эди.

"Хитойликлар ичишмайди ва қаерга ҳам қочади: улар бизга мавсумда ишлаш учун келишган. Бизнинг фуқаромиз бир ҳафта ишлади, кўзида ёш билан пул сўради ва ичишга кетди. Техника далаларда туради, бузилади", - дейди хитойликка турмушга чиққан Амур вилоятидаги қишлоқ хўжалиги раҳбари.

Яна бир ЕАО хитой фермер хўжалиги раҳбари россияликларнинг ичкиликка ўчликлари сабаб уларга ойда фақат бир марта иш ҳақи беришга тўғри келаётганини айтди.

Хитойликлар - ишчи сифатида "бизникилардан юз марта яхшироқ", таъкидлайди волочаевкалик Анатолий Ильюшко. "Хитой ўлади, лекин ишини қилади. Уста даражасига кўтарилади, - дейди у. Унинг фикрига кўра, шундай бўлганлиги учун россияликлар ҳам айбдор эмас, бу деҳқонларнинг ҳосилдорликни ўстиришга қизиқмаган колхоз ва совхозларда ишлаганликлари натижасидир.

Ильюшенконинг ўзи русларни ҳам, хитойларни ҳам ёллаб ишлатади. Яҳудий автоном вилояти қонунчилиги қўшни мамлакат фуқароларини қишлоқ хўжалигида ишлаш учун қабул қилишга имкон беради. Амур вилоятида эса кўп йилларки, "нол квота"си мавжуд, яъни чет элликларни далада ишлаш учун расмий равишда ёллаш мумкин эмас.

Бироқ, Хитой тадбиркорлари йўлини топган - масалан, юқори малакали ишчи кучи ниқоби остида ватандошларини ишга жалб қилишган, дейди "Россия таянчи" минтақавий бўлими раҳбари Борис Белобородов.

Деҳқонларнинг бир қисми эса ноқонуний ишлаяпти. Амурлик фермер Соколовский ушбу ҳудуд далаларида мингдан ортиқ ноқонуний муҳожирлар меҳнат қилади, деб ҳисоблайди. Уларни вақти-вақти билан маҳаллий полиция ҳибсга олиб ҳам туради.

Соколовскийнинг ўзи тақиқдан жабр кўрган: илгари помидор етиштирилган саноат иссиқхоналарининг бир қисми ҳозир ташландиқ аҳволда. "Кун давомида иссиқ 40 даражадан юқори, эрталаб ва кечқурун пашшаю чивинлар бўлган иссиқхонада ишлашни ким истайди? - дея риторик савол беради у.

Яҳудий автоном вилоятида қарийб икки минг хитойлик ишчи қишлоқ хўжалигида меҳнат қиляпти, - деди вилоят раҳбари Александр Левинтал. У квотани қисқартиришга тайёр, аммо бутунлай йўқ қилмоқчи эмас. "Нол квотаси" 2020 йилдан бошлаб Приморск ўлкасида амал қила бошлайди.

Кўпчилик хитойликлар рус тилини билмаса-да, маҳаллий аҳоли билан алоқа қилмасликка ҳаракат қилса-да, барибир, низолар ҳам юзага келиб турибди.

"Русларни уриш мумкин эмас"

2015 йил июнь ойида Амур вилояти Архаринский туманида муқаддам судланган уч нафар маҳаллий киши бир неча кун тинмай ичишди.

Қайсидир бир пайтда, ошналар тузлама тугаганлигини билиб қолди. Эркаклардан бири хитойликлар ишлаётган маҳаллий фермага бориши таклиф қилди. Учовлон йўлда таёқ олиб, ишлаб чиқариш базасига боришди. Эшик қулфланмаган экан, киришди.

Базада фақат қўриқчи бор эди, рус тилида гапира олмас экан. Келганлардан бирига "егулик бер" деб унга дўқ қилди ва бир неча марта таёқ ўқталди. Хитойлик меҳмон қўрқиб кетгач, уларга хитой булочкасини бир жуфт пакети билан берди. Кейин эса ошналар ўзбошимчалик билан музлатгични излаб топиб, ундан музлатилган гўштни олишди.

Шунингдек, 60 та тухум ва 2 шиша зайтун мойи олиб кетишди, бу ҳали суд қароридан кейин келиб чиқади. Бу вақт мобайнида хитойлик бир нималардир деб тинмай қичқирган, аммо қароқчилар уни тушунмаганликларини судда тан олдилар.

Озиқ-овқатни ғамлаб, учовлон базани тарк этишди ва байрамни давом эттиришди. Бир неча кундан сўнг, уларнинг икки нафари мотоциклда хитой фермаси ёнидан ўтаётиб, ўша муваффақиятни такрорлашга қарор қилдилар. Бу сафар уларнинг мақсади трактор аккумулятори эди.

Ён эшиклардан ўтиб, улар батарея қотирилган симни бўшатишга киришдилар. Шу вақт хитойлик қўлида болта билан уйдан чиқди ва қичқира бошлади. Бунга жавобан таклиф қилинмаган меҳмонлардан бири таёқ билан таҳдид қила кетди.

Аммо болта таёқларга қараганда анча таъсирчан эди, қароқчилар орқага қайтди.

Қўриқчи маҳаллийлар фермага ўғирликка келгани ҳақида таржимон Андрейга маълум қилишди. ХХР фуқароси бўлган Андрей ўша пайтда ватанида эди, у ферманинг россиялик эгасига хабар берди, полицияни чақиришди.

Хитойлик телефон орқали кўрсатма берди: нима бўлганини Андрейга гапириб берди, у эса хитойнинг сўзларини полицияга таржима қилди.

Натижада қишлоқ қароқчилари бўлган учовлон 5 йилдан 9 йилгача муддатга аҳлоқ тузатиш муассасаларига жўнатилди.

Хитой фермаларида яшовчилар ва маҳаллий аҳоли орасидаги зиддиятлар ҳар доим ҳам полиция томонидан қайд этилмайди.

"Бизда бир кун руслар маст бўлиб, хитойликдан ароқ талаб қилишга боришган. Хитойликлар эшикни ичкаридан қулфлаб, ароқ беришмаган. Руслар трактордан мехсеялка ўғирласа ҳам хитойликлар полицияга айта олишмайди", - дейди қўшни қишлоқлик фермер Виталий.

Максимовкадаги "Маяк" хитой хўжалиги фермаси агрономи Татьяна руслар "хафа бўлиши" ва хитойликларни "эзиши" мумкин дея тан олади. "Бизникилар уларни турткилаши мумкин. Мен уларга айтаман: "жавоб қайтар, нега турибсан? " У эса: " Русларни уриш мумкинмас" , дейди.

Бироқ, Узоқ Шарқнинг уч минтақасининг Би- Би-Си мухбирлари суҳбатлашган аксарият аҳолиси хитой ишчилари билан бундай жанжаллар камдан-кам ҳолларда содир бўлишини таъкидлайдилар.

"Қанақа низолар? Хитойликлар ҳеч қаерга бормайди, куни тун ишлайди", - дейди Максимовкада яшовчи Игорь.

"Ҳозир можаролар йўқ, одамлар хитойликларга кўникишди, " - дейди "Яшил дала" хитой ташкилотининг тижорий раҳбари Владислав Бурдинский.

"Хўш, улар чет эллик бўлса нима ?"

Бир неча йил олдин ЕАОдаги Димитрово қишлоғи тугатилди: унда фақат олти нафар фуқаро қолди, йўллар эса бутунлай яроқсиз ҳолга келди.

Муқаддам Сахалинда нефтчи бўлган маҳаллий фермер Александр Сомов ўз ерига хитойликларни таклиф қилди. Улар уч минг гектар соя экишди, йўлни тузатиб, кўча чироқларини алмаштирдилар ва ҳатто автобус бекати қуришди. Ўшанда қишлоқда биттагина ўқувчи қолганди, у учун ҳар куни автобус келарди.

2018 йилда далалар ва тераклар орасида қолиб кетган Димитрова бутун Хитойга машҳур бўлди. Хитой тадбиркорлари рус қишлоқларини қандай қилиб қайта тиклаб, обод қилганликлари ҳақида таниқли "Синьхуа" давлат агентлигида репортаж тайёрлашди.

Аммо харитадан йўқолиб кетиши мумкин бўлган Димитровада норозилар ҳам бор.

"Улар (ўзларини даласигача бўлган) йўлни яхшилашди. Бу эса (қишлоққа олиб борадиган умумий йўл) - лой. Менга ёруғлик нимага керак? Улар бу ерда яшайдилар, демак, ўзлари учун қилдилар" - шикоят қилади нафақадаги Иванич.

Шу билан бирга хитойликлар - унинг қўшнилари: улар бўш кулбани сотиб олиб, у ерга ишчиларини жойлаштирдилар. Лекин мулоқот йўқ. Эрталаб еттида кетишади, қоронғида қайтишади. Мен уларни кўрмаяпман - улар мени", - дейди Иванич.

Димитровканинг бошқа яшовчилари келгиндиларга илиқ муносабатда. Иваничнинг Александр исмли қўшниси унинг ёнига хитойликлар ҳатто меҳмонга келганини эслайди.

"Пиво олиб келишади, ичамиз, уларга тухум, асал берасан", - дейди у.

Би-би-си мухбирлари борган бошқа қишлоқларда бетарафлик маъносидаги фикр-мулоҳазалар айтилди.

"Улар бизга тегмайдилар ва биз уларга тегмаймиз", - дейди Амур вилоятининг Максимовкасидан бўлган нафақахўр. "Албатта, рус ерлари уларда экани ёмон. Мен уларга ишлаш учун бормайман. Нега? Чунки мен русман", - дейди унинг шериги Сергей девор ёнида чекаркан.

"Хўш, улар чет эллик бўлса нима? Улар менга ёрдам беришади, қушларга озиқ беришади, девор ясашди", - дейди унгунлик Ирина Дмитриевна. Унинг уйи хитой фермасининг рўпарасида жойлашган.

1994 йил чегара очилганидан сўнг уч йил ўтгач, Россия Фанлар Академиясининг Узоқ Шарқ тарихи институтининг жамоатчилик фикрини ўрганиш лабораторияси маҳаллий аҳолини хитойликка муносабати ҳақида сўровнома ўтказди.

Аҳолининг фақат 5 фоизи Россияда хитойликларнинг бўлишига ижобий фикр билдирган. Учдан бир қисми салбий муносабатини тан олди. Ярми эса уларни ишчи кучи сифатида қабул қилишини айтди.

2003 йилда олимлар сўровномаларини такрорладилар. Иқтисодий ва маданий алоқалар жадал ривожланган ўн йиллик Узоқ Шарқ аҳолиси орасида салбий кайфиятига таъсир ўтказмади. Ҳар тўртинчи респондент хитойликларга бўлган муносабати ёмонлашганини тан олди. Ижобий динамика эса 15 фоизлиги маълум қилинди.

Аммо орадан ўн беш йил ўтгач, руслар ХХР фуқароларига нисбатан тоқатли бўлиб қолдилар: бундай маълумотлар лаборатория томонидан 2017 йилда ўтказилган сўровномада кўрсатилди.

Шу билан бирга Узоқ Шарқнинг учдан бир қисми (37%) Хитойнинг Россияга қарши стратегияси "экспансия" деб ҳисобланиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилади. Респондентларнинг деярли ярми Хитой Россиянинг ҳудудий яхлитлигига ва учдан бир қисми иқтисодий ривожланишига таҳдид қилади, деган тахминда.

Хитой инқирозлари

Сиваковка қишлоғи Владивостокдан 200 км шимолда жойлашган. Яқин атрофда Россия билан Хитой бўлишадиган Ханка кўли бор, унинг атрофи тепаликлар ва гуруч майдонларидан иборат.

Ёмғирдан кейинги лой дала бўйлаб, кабинасиз, баланд трубасидан тутун бурқсиган ва иссиқлик чиқарганча трактор кетяпти. У яқинлашганида ҳайдовчиси хитойлик экани кўринди.

Ишчи Би-би-си мухбирини кўриб, трактордан тушди, аммо суҳбатлаша олмади, чунки рус тилида бирон сўзни тушунмайди. Хитойлик қўлни дўстона сиқиб, камерага силкитади ва эски тракторида йўлида давом этади.

Сиваковкада жойлашган Хорол тумани Приморьянинг гуруч ишлаб чиқариш маркази ҳисобланади. Гуруч пишадиган майдонни ФГУ "Примелиоводхоз" асосий канали кесиб ўтган. Бироқ каналдан келадиган сув гуруч майдонларига етказиб берадиган мелиоратив тизим давлатга эмас, Жанубай Кореянинг "Агро Сангсэнг" гуруҳига тегишли.

Бир пайтлар тизим маҳаллий колхозга тегишли эди, аммо кейин корейслар томонидан сотиб олинди, дея гапириб беради "Агро Сангсенг" шўъба тизимларидан бирининг раҳбари Би-Би-Сига. Хоролск туманидан ташқари, корейсларПриморьянинг учта ҳудудида сув тозалаш каналини назорат қилади. Тўғри, улар ҳозирда деярли гуруч етиштирмайди, ерни хитой компанияларига ижарага берадилар.

Бироқ уларнинг иши яхши кетмаяпти, гапириб берди Хитой гуруч ишлаб чиқариш фермаларидан бирининг раҳбари Би-Би-Сига. Унинг сўзларига кўра, Сиваковканинг ўзида хитойликлар ташкил қилган бешта қишлоқ хўжалиги компанияси "синган".

Қўшни Ханка туманидаги "Сатурн"гуруч ишлаб чиқариш корхонаси қисман Хитойлик инвесторларга тегишли инқироз арафасида. "Совет давридан бери мелиоратив тизимнинг ўзи қайта тикланмаган. Биз катта инвестицияларга муҳтожмиз", -деди "Сатурн" раҳбари Владимир Шек.

Хитойлик ишбилармонларнинг инқирозлик фактларига қарамасдан, кўплаб рус фермерлари ўз ҳамкасбларини Россияда кун кўриш осон эканлигига ишонтиради. Бу аввало, Хитой ҳукуматининг қўллаб-қуватлаши туфайли.

Мисол учун, валдгеймлик (ЕАО)лик фермер Алена Карипова Россияда йиллик тўлови 13% лик кредитга комбайн сотиб олди. Унинг ишонишича, бу пайтда хитойлик ўз ватанида 2% ёки умуман фоизсиз пул олиши мумкин.

Авваллари ҳақиқатдан ҳам Хитой ташқарисидаги қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш учун имтиёзли кредитларни ўз ичига олган дастурлар мавжуд эди, - тасдиқлайди "Яшил дала" компаниясининг тижорий раҳбари Владислав Бурдинский. -Аммо ҳозирда Хитой ҳукумати томонидан қўллаб-қувватлов йўқ.

Хитой фермаларининг барқарорлигининг яна бир сабаби - рус мулозимлари томонидан "қўллаб-қувватланиши".

"Хитойликлар ҳар бир расмийга икки ё уч КАМАЗ сояни осишди. Мен учун бир парча қоғоз қилиш қийин эди, хитойликлар учун эса ҳужжатларни бизнинг қизларимиз расмийлаштиради, солиқ вақт ўчирувчилар идораларига чопишади, - дейди Анатолий Ильюшко.

Яҳудий автоном ҳудудида Хитой тадбиркорлари ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги "алоҳида муносабатлар" ҳатто жиноят иши мавзусига айланди. 2018 йилда Ленинск туманининг бошлиқ ўринбосари Дмитрий Лукашевич Хитой компаниясининг табиий захирадаги соя ерини бергани учун бир йилга тузатиш ишларига ҳукм қилинган.

"Ҳозир бизга жуда қаттиқ эътибор қаратишяпти, қаттиққўл бўлишди", - "алоҳида муносабатлар" даги барча айбловларни изоҳлайди Амур вилояти Хитой фермер хўжалиги раҳбари. Мисол учун, 2018 йил охирида бош вазир Алексей Гордеев буйруғи билан Россельхознадзор аграр компаниялар ва хитой капиталлари бўйича режадан ташқари текширишлар ўтказди.

Image caption Хорольский район - рисоводческий центр Приморья

Хитойликларга россиялик ҳамкасбларидан доимий учинчи эътироз -ва бегона ўтларни йўқ қиладиган ва юқори ҳосил берадиган, тақиқланган гербицидлардан фойдаланишларидир.

"Гўё мендагига ўхшаш гербицидлардан фойдаланишяпти, лекин уларники менда қолаётган ўтларни ҳам ўлдиряпти. Мен (хитойликда) бир неча найчаларни кўрдим, нималигини сўрамадим, у эса яширди",- тасдиқлайди "Рус даласи"лик (ЕАО) Виталий Кейван.

"Шундай гербицитлардан фойдаланишганки, у ерда мох (моғорнинг бир тури) ўсиб чиқибди.Соя пакана бўлиб ўсган", - дейди Анатолий Ильюшко.

Бироқ унинг ўғли Иван дарҳол суҳбатга аралашиб, қизишиб фикр билдирди: россиялик фермерлар ҳам максимал фойда олиш учун ҳеч нимадан тойишмайди.

"Хитойлар Айовага борсин"

Барча қарама-қаршиликларга қарамай, Хитой компаниялари Узоқ Шарқнинг қишлоқ хўжалигига сармоя киритишга тайёр ва ХХР ҳукумати уларни қўллаб-қувватлашга интилмоқда, - дея таъкидлади Хитой корхоналарини ривожлантириш ассоциациясининг бош котиби Хе Чжэньвэй Би-Би-Сига.

"Бу ерда яхшигина имтиёзли шароитлар, экология, маҳсулотлар - ГМО эмас", - Узоқ Шарқнинг афзалликларини санаб ўтди сентябр ойининг бошида Владивостокда бўлиб ўтган Шарқий иқтисодий форум доирасида.

Потенциал муомалага киритилиши мумкин бўлган ер майдони 3 миллион гектарга етади, деди Би-Би-Сига форумда Узоқ Шарқ давлат тараққиёт жамғармаси раҳбари Алексей Чекинков. Ва Хитойда тушунишадики, улар озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳал қилишлари мумкин, ишонади у.

Чекунков Узоқ Шарқда Хитой қишлоқ хўжалиги инвестицияларига "маълум бир аллергия" мавжудлигини тан олди. Унинг фикрича, бу илгари минтақага "ноқонуний ишлаган" кичик компаниялар келганлиги билан боғлиқ.

Ҳозир катта рақобатчилар пайдо бўлмоқда. Масалан, машҳур Lenovo электроникалари ишлаб чиқаришини назорат қилувчи - Legend Holdings фирмаси. Унинг шўъба тузилмаси "Легендагро холдинг" илгари Хитойнинг бошқа компаниялари инқирозга учраган Хорол туманида гуруч етиштиришни ривожлантирмоқда.

Фонд раҳбарининг тахминига кўра, "ривожланган" Хитой компаниялари россиялик ўйинчилар билан ҳамкорликда ишларкан, Узоқ шарқликларни иш билан таъминлашмоқда ва теварак-атрофни ажойиб тарзда қуришмоқда. "Кичик корхоналар эса уйига ёки Америкага, Айовага кетишсин", - дейди Чекунков.

Кўплаб маҳаллий аҳоли вакиллари "Узоқ Шарқ ерлари Хитой инвесторларисиз бўш қолади" деб ҳисоблайди.

"Ҳеч ким ишламайди: агар хитойлар кетишса, ҳаммаси яшнайди, олдингидек кўк аланга бўлиб ёнади" ишонч билан гапирди фермаларнинг бирида раҳбарлик лавозимидаги маҳаллий аёл.

Кейин эса камера ёқилгандан кейин қўшиб қўйди, "Хитойликларга ишлаш менга ёқади деб ўйлайсизми?Бир-биримизни тушунмаймиз: уларнинг менталитети бошқа".

Биз қандай ҳисобладик

Биз Хитой компанияларига тегишли мол-мулки бўлган ер участкалари тўғрисида маълумотларни тўпладик. Бу рўйхат тўлиқ бўлмаслиги мумкин - унда фақат биз топишга муваффақ бўлган маълумотлар.

Ер эгалари ва ижарачилар ҳақида биз Росреестрга буюртма қилган маълумотлар.

Рўйхатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 100 гектардан зиёд майдонлар тушди. Кўпгина туманларда 50 гектардан ошиқ майдон, Хитой ижарачиларининг энг катта концентрацияси бўлган ҳудудларда 10 гектардан ошиқ бўлган участкалар ҳам ўрганилди.

2019 йил июнь-сентябрь ойларида Росреестрда жами 20 мингтача рўйхат ўрганилди. Шулардан, тахминан 900 та майдон ижарада ёки Хитой компанияларининг хусусий мулки.

Компанияларни эгалари ҳақида маълумотларни Спарк тизимида ягона давлат регистри ва Росстат тўплайди. Хитой капиталига эга ижарачиларни ёки ер эгаларини биз икки турда ҳисоблаймиз: Хитой фуқароларига тегишли бўлган акциялар, хитой номи билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги кўрсатилмаганлар. Уларнинг аксариятида хитой фуқаролари сифатида бошқа компания номлари кўрсатилган.

Натижа шуни кўрсатдики, Хитой фермерлари 350 минг гектар ерни назорат қилишади. Асосан гап ижарачилар ҳақида бормоқда, фақат 15 фоиз ҳолда мулклар хусусийдир.

Бу жуда кўпми ёки оз?

Статистикани таққослаш учун минтақалар ва шаҳар туманлари бўйича зарур объект йўқ. Шунинг учун "Хитой экспансияси" даражасини баҳолаш учун биз иккита усулдан фойдаландик:

№1-Усул

Агар Хитой мол-мулкини қишлоқ хўжалигига яроқли ерларининг умумий майдони билан таққосласангиз, бу рақам микроскопик: хитойликларнинг ижара ва мол мулки ўрганилаётган ҳудудларда тахминан 3%га тенг. Максимал улуш Яҳудий Автоном вилоятида - Хитой компаниялари улуши, бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, 17%.

Қишлоқ хўжалигига яроқли ерларнинг майдони бўрттирилган кўрсаткич. Аслида, кўплаб соҳалар бўш ерларни ёки катта инвестицияларни талаб қилади, умуман Россияда фақат 64 фоиз қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар ишлатилади.

№2-Усул

Қишлоқ хўжалиги ерлари асосан экин майдонлари, пичан ва яйловлар ҳисобланади. Маҳаллий ҳокимиятларда маълумотлар фақат экин майдонлари бўйича мавжуд - бу ҳайдаладиган ерларнинг амалда ишлатиладиган қисми.

Бу ёндашув билан ўрганилаётган ҳудудларда тўлиқ умумий экин майдонига қараганда "Хитой" майдони олти марта кам (353 минг гектарга - 2211 минг гектар нисбатан).

Бироқ айрим ҳокимиятларда бу фоиз анча юқори. Саккизда туманда Хитой томонидан назорат қилинадиган 35 майдонда ерлар 50% дан ортиқ экинзорларни ташкил қилади.

Бироқ, бу таққослашларда ноаниқликлар мавжуд. Бир неча "хитой" майдонлари экинзордан кўпроқ - бунда қиймат 100% дан ошади. Бу бир неча сабабларга кўра тушунтирилиши мумкин.

Биринчидан, Хитой компаниялари ҳар доим ижарага олинган ёки сотиб олинган барча ерлардан фойдаланмайди.

Иккинчидан, биз 2019 йил Хитой компаниялари ҳақида маълумотларни таҳлил қилдик, экин майдонларининг маълумотлари фақат 2018 йил учун мавжуд.

Учинчидан, Хитой фермерлари нафақат ерни балки, яйловларни ва пичанзорларни ҳам ижарага олишлари мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ