Москвадаги ўзбек автоуста аёл: “Қўлим қоралигидан уялмайман”

Ирода Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Москва вилоятидаги автоустахоналарнинг бирида ишлаётган 36 ёшли Ирода эҳтимолки, Россиядаги ўзбек аёллари орасида биринчи автоуста. Балашихада қаршилик Иродани "Ира" деб кўпроқ танишади.

- Қўлингга қара, ўзингга қара, аёлсан, дейишади. "Нима бўлибди аёл бўлсам", дейман. Қўлимнинг қора мойлиги, кийимимнинг чангидан ҳеч қачон уялмайман. Ҳалол меҳнат қилиб пул топаяпман, - дейди Ирода Би-би-си ўзбек хизмати билан суҳбатда.

Кўзойнаксиз пайвандлаш

Қашқадарёлик Иродани излаб автоустахонага борганимизда, устахона эгаси бизга машина остида ётган кишини имлаб кўрсатди. Кулиб ишора қилганидан хазилми-чинми, билиб бўлмайди. Қора шимли иккита оёқнинг тиззадан пасти кўриниб турарди.

- Ирода... Ирода, - таваккал қилиб аёлнинг исми билан чақирдим уни.

Ускуналарнинг шовқинига овоз ҳам эшитилиши қийин.

- "Ҳўв, - машина остидан аёл кишининг аввал овози эшитилди, кейин ўзи чиқиб келди. - Келинглар, шу ердаман!"

Қорачадан келган, жуссаси кичик, аммо чайиргина ёш аёл экан. "Нималар қилаяпсиз машинани тагида?" - кулиб гапга солдик озроқ танишиб олгач.

- Асосида 2 та ёриқ бор экан, шуни кўриб пайванд қилаётгандим. Айрим қисмларини алмаштирдим. Яна бир-икки иши бор, шуларни битириб йиғсам, эртага эгаси олиб кетади, - деди Ирода.

Ундан ишини давом эттиришини сўраб, тасвирга олмоқчилигимизни айтдик. Ирода автомашинанинг ён қисмини пайванд қила бошлади. Қўлида қўлқоп бору, кўзлари махсус ойнаксиз, нурга тикилганча учқун сачратиб ишлаяпти.

- Бу нурни кўз учун зарари бор дейишади, кўзойнак тақмай ишладингиз? - дедим ишини якунлагач.

- Кўзларим ўрганиб кетган. Биринчи марта пайванд қилганимда йиғлаб, кўзларимни оча олмаган кунларим бўлган. Ҳозир кўзимни очиб қилсам ҳам, юмиб қилсам ҳам, барибир оғримайди, ҳеч нима қилмайди. Ўрганиб ҳам қолди бу кўзлар... - дейди Ирода.

Аввал қурувчилик, кейин автоустачилик

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Қаршилик Ирода Мустафоқулова билан автоустахонадаги иши ҳақида гаплашдик. Унинг айтишича, ўн йил олдин Москвага ишлашга келганида қурилишда ишлай бошлаган. Ғишт қуйган, суваш, бетон қуйиш, ҳамма оғир ишларни бажарган.

- Бу ерга келиб қолишимга қурилишдаги бошлиғим сабаб бўлган. Сервисга машинасини олиб келишга қарашгандим. Келсак, кимдир машина бўяяпти, кимдир пайванд қилаяпти, шунга қизиқиб шу ҳунарни ўрганишни хоҳладим, - дейди меҳнат муҳожири.

У автомашиналарга қизиқиши аввалдан бўлганлигини айтади. Машиналар тузатишни бошлагач, иш баробарида уни бошқаришни ҳам ўрганиб олган. Орада эски машиналарни йиғиб, тузатиб сотганини ҳам гапириб берди.

- Тўрт йилки, мустақил ишлаяпман. Абгор аҳволдаги машиналарни ҳам кўпи билан бир ҳафта ичида чиройли қилиб чиқариб юборамиз. Эгалари хурсанд бўлиб кетишади, - дейди Ирода.

- Ўзбеклар ҳам келадими?

- Ҳа, машиналарини олиб келишади. Лекин улар негадир хизмат ҳақини тўлашга келганда ёки роса тортишади, ёки ишимни пастга уриб тўламаслик пайида бўлишади. Ҳаммаси демайман, муҳожирликка келган ўзбекларнинг кўпчилиги шундай қилади.

Шу пайт ёнимизга ёши каттароқ киши келиб, Иродага рус тилида грузинча талаффуз билан гапирди. "Бу киши устозим - Василий" дея таништирди ва у ҳақида миннатдорлик билан гапирди:

- "Отамдек меҳрибон киши, қийналган пайтларим бўлди, ҳолимдан ҳам хабар олди. Пулим йўқ пайтларида болаларим оч қолмаслиги учун озиқ-овқат маҳсулотлари олиб берди. Худога шукр, яхши инсонларга учрадим. Хунарли бўлдим, шунинг кетидан ёлғиз ўзим болаларимни боқаяпман".

"Қўлим қоралигидан уялмайман"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

"Автоустахонага келган мижозлар менга аввалига ишонишмайди, машинасини тузатиб берганимдан кейин совғалар кўтариб келишади", - дейди Ирода. - Аёл бўлганим учун менга эътибор кўпроқ бўлганига гоҳида устозим "шунча йил ишлаб нега менга ҳеч ким совға олиб келмайди", деб ҳазиллашади. Сиз сабаб шунчалик бўлдим, менга олиб келинган совға сизники ҳам, дейман".

Ирода одамлар унга баъзан насиҳатлар ҳам қилиб туришларини айтади.

- Қўлингга қара, ўзингга қара, аёлсан, дейишади. "Нима бўлибди аёл бўлсам", дейман. Қўлимнинг қора мойлиги, кийимимнинг чангидан ҳеч қачон уялмайман. Ҳалол меҳнат қилиб пул топаяпман.

У устахонада 11-12 соатлаб, машина бўёқ қилиш кунлари эрталабгача ҳам қолиб ишлар экан.

- Бўягандан кейин машинани эшиги очилмаслиги керак, акс ҳолда чанг кириб ёпишади. Шунинг учун ҳеч ким йўқлигида бўёқ ишларини қиламан.

- Қайси машиналар энг кам таъмирталаб?

- "Россиянинг ўзининг машиналари, - дейди уста аёл. - Бу ернинг нам ва захига хориж машиналарининг 2-3 йилда таги чирий бошлайди. Ўзбекистон машиналари эса ўта сифатсиз, юпқа металл ишлатиладики, улар бу ерда жуда тез ишдан чиқади".

Ирода шогирдлар тайёрлай бошлаганини ҳам гапирди. Аммо ҳозирча йигитлар.

- Қизлар бир-икки келишдию, бу ерни чангидан, ҳидидан қочиб кетишди. Ўзларида иштиёқ бўлмаса, ўргатиб бўлмайди.

"Совқотсак, печкамиз бор"

Автосервис усти ёпиқ, атрофи ўралган каттагина майдонда жойлашган. Келганимизга ярим соат бўлмай, вужудимиздан совуқ ўтди. Иродадан кун бўйи шундай шароитда қандай ишлашини сўраймиз ва суҳбатимизни устахона бурчагига ўрнатилган темир печка ёнига бориб исинганча давом эттирдик.

- Совқотсак, мана, печкамиз бор. Келиб исиниб, яна ишни давом эттираверамиз. Лекин организм чиниқиб кетаркан, - дейди у. - Бошида совуққа чидай олмасдим. Секин-секин ўрганиб ҳам кетдим...

Биз ҳам исиндик, суҳбат қизий бошлади. Гапни яна аёллар мавзусига бурдик.

- Аёлларнинг кийинишига тоқатим йўқ, бўянишига-ку умуман, - кулади Ирода. - Ўзим бир жойга борадиган бўлсам, бир гугурт ёққунча тайёр бўламан. Кийимларим ҳам кўпмас, қишга битта, ёзга битта, кузга битта кийим қиламан, шу билан юравераман. Уй, кўчалик кийимларим ҳам бору кўп эмас. Борини кийиб юравераман.

Ирода мактаб даврларини эслади. Мактабда яхши ўқигани, бироқ рус тили дарсидан футбол ўйнашга қочгани, тенгқур болалар билан "ланка" ўйнаган даврларини гапириб берди.

- Қаердан билибман, рус тили ҳаётимда керак бўлишини! Билсам, дарсдан қочмай тил ўрганардим-ку, - дея кулади у.

Шу билан бирга Москвада ишлаётган синфдошлари, қўшнилари уни йўқлаб туришларидан қувониб гапирди.

"Ўзбеклар алдаб, кўчада қолдиришган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

36 ёшли ёлғиз она билан ижара уйига ҳам бордик. Бизнинг боришимизни эшитиб, ҳамхона дугонаси ош бошлаган экан. Оддийгина, таъмирсиз уйда икки қизчаси ҳам бор(бири 3, кичиги 1 ярим ёшда)

Оиласи ҳақидаги саволларимизга у қадар гапиришни истамади, аммо гап орасида унинг кенжа қизчасини Москвада боласини ташлаб кетган ўзбек онадан асраб олганини билдик.

Ирода ишда пайтлари болаларига қараб туриш учун энага ёллаган экан.

- Ўртада озгина ишим юришмади. Анча вақтимни сарфлаб тузатган машинанинг эгалари пулини бермай кетди. Ўша пайт моддий қийинчиликда қолиб, қизчаларимни энагасига хизмат ҳақи бера олмай қолдим. Энага менга ишонмади, кетиб қолди, - дея сиқилиб гапиради у.

Муҳожира аёл дастурхон устида мусофирчиликдаги қийинчиликларини гапириб берди.

- Ўзимизни ўзбеклар квартира излаб юрганимизда бизни алдаб пулга туширишди. Бизга бир хонадонни ижарага бериб, 20 минг рубль пулимизни олишди. Биз кўчиб борган куни эртаси куниёқ, устимиздан йўлак эшигини пайвандлаб кетишибди. У йигитларни топиб бўлмади, телефонларини ўчиришган. "Снос" бўлган уй экан, билмабмиз. Бир амаллаб деразадан тушиб ташқарига чиққанмиз. Ўша куни болаларим билан кўчада қолдик: совуқда одеялларга ўралиб тонг оттирганмиз, - ҳикоя қилади Ирода.

"Автосервис очмоқчиман"

Қаршида ота-онаси у билан фахрланишини гапирганида аёлнинг кўзлари чақнади:

- Уйга телефон қилганларимда дадам доим "икки ўғлим қилмаган ишни мана, қизим қилди, сенга рахмат, деб хурсанд бўладилар. Онам, акаларим ҳам автоустачилик қилаётганимни билишади, мақташади, "баракалла" дейишади"

Ишининг қийинлиги, асосан эркаклар касби аёл киши оғирлик қилишини айтамиз. "Ўрганиб кетганман", - дейди.

- Худога шукр, соғломман: ҳеч қаерим оғримайди. Кучим бор, бу ишлар менга ҳеч ҳам қийин эмас. Бу иш ҳеч нарсамас, қурилишда монолитда ишлаганман-ку - дейди у.

"Автоустачилик қурилишдан кўра, даромадлироқ бўлгани учун бу соҳага ўтгандирсиз?", - дея сўраймиз.

- "Йўқ, машиналарга жуда қизиқаман. Асосий сабаб шу. Ҳозир ўзимда машина бор, лекин кўпроқ катта, кўримли машиналар ёқади. Савлати учунмас, чидамлилиги ва сифати учун яхши кўраман"

26 ёшида муҳожирликка чиққан аёл 10 йил давомида қийинчиликларда тоблангани, ҳунар ўрганиб, ишлаб топган пулларига ўз ватанида уй-жойли бўлгани ҳақида гапириб берди.

- Энди шу ердан битта яхши машина миниб кетмоқчиман. Уйга бориб у ерда автоустахона очаман. Ота-онамни хизматини қилиб, кўнгилларини олиб яшайман, - ниятларини билдиради Ирода Мустафоқулова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ