Қирғизистон: Бишкекда нега 'яланғоч аёлларʼ кўргазмаси ташкил этилди?

Мусулмон кўпчилик яшайдиган жамиятда яланғоч аёллар ва аёллар танасининг очиқ тасвирлари иштирок этган санъат кўргазмаси ташкил этишнинг имкони борми?

Бишкекда ана шундай кўргазма иш бошлади.

Феминале, яъни феминизм ғояси асосланган услубда ташкил этилган ушбу кўргазмада яланғоч моделлар ва аёл танасининг очиқ тасвирларини кўриш мумкин.

Бу Қирғизистон пойтахтида ташкил этилган феминизм руҳидаги илк замонавий санъат кўргазмасидир.

Кўргазмадан 20 дан ортиқ давлатдан келган аёл ижодкорларнинг асарлари ўрин олган.

17 кун давом этувчи кўргазма бундан уч йил аввал Москвадаги босмахонада чиққан ёнғинда ҳалок бўлган 17 аёлга бағишланган. Ёнғин қурбонларининг 14 нафари қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари эди.

Феминаленинг бош мавзуси - аёлларнинг иқтисодий эркинлиги.

Ташкилотчилар кўплаб аёллар ҳозирда оиланинг асосий нон топувчисига айлангани, шунга қарамай, жамиятда тенгсизлик ва зўравонликка юз тутаётганини таъкидлайдилар.

Шунингдек, кўргазмада оиладаги зўравонлик, руҳий саломатлик, сиёсий иштирок каби мавзулар турли усулларда очиб беришга ҳаракат қилинган.

'Яланғоч аёллар ҳаракатиʼ

Кўргазма ташкилотчилари ўз мақсадлари оилани боқиш ташвиши гарданига тушган аёллар ва аёлларнинг иқтисодий эркинлигига жамият эътиборини қаратиш эканини айтадилар.

Омма эътиборини тортиш йўлида улар кийимсиз ёки ярим яланғоч аёллар ҳамда очиқ тасвирлардан фойдаланганлар.

Бироқ аёлларнинг эркинликка бундай интилиши ҳаммага ҳам ёқмаган.

Ҳукуматдан миллий қадриятларни ҳимоя қилишни талаб этган бир гуруҳ қирғизистонликлар феминистларнинг бу ташаббусига қарши кескин норозилик билдирганлар.

Айрим таниқли қирғиз сиёсатчилари ва фаоллари ҳам феминистларнинг бундай «ҳаддидан ошиши»ни қаттиқ қоралаб чиққан.

Улар ташкилотчиларни қирғиз менталитети ва миллий қадриятларни ҳурмат қилмасликда айблаганлар.

Мамлакат маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқулов кўргазмани «феминизм байроғи остидаги яланғоч аёллар ҳаракати» дея тасвирлаган.

Қирғизистон маҳаллий матбуотининг хабар беришича, «Феминизм байроғи остида парламент, черковда яланғоч аёллар акциялари ўтказилди. Бизда ҳам шундай провокация содир бўлди», деган вазир 2 декабрь куни.

Вазир Жаманқулов кўргазма ташкил этилган музей директорини зудлик билан ишдан олиб ташлагани тўғрисида хабар пайдо бўлган, аммо вазирлик бу янгиликни рад этиб, директор ўз ихтиёри билан ишдан бўшаганини иддао қилган.

Аммо 3 декабрь куни журналистлар билан учрашувда маданият вазири Жаманқулов кўргазмани қоралашда бироз ҳиссиётга берилганини тан олиб, одамларнинг ғазабига сабаб бўлган экспонатлар олиб ташлангани, лекин кўргазма норозилар талаб этгандек ёпилмаслиги, унинг фаолияти режа бўйича давом этишини билдирган.

'Парламент қаерга қараяпти?ʼ

Кўргазмани ёқлаб чиққан сиёсатчилар ва фаоллар ҳам бўлган.

Қирғизистон собиқ президенти Роза Отунбоева санъат доим ҳам бир хил бўлмаслиги, баъзида, ҳатто, жанжалли тус олиши мумкинлигини таъкидлаб, мазкур кўргазманинг мақсади жамиятни адолатли бўлишга чақириш эканини билдирди.

Маҳаллий 24.kg сайтининг ёзишича, Отунбоева депутатларни феминистларга қарши бош кўтарган норозиларга нисбатан бирор муносабат билдирмаётганликда айблаб чиққан.

"Бир гуруҳ одамлар ёш маданият вазирини қўрқитиб қўйди ва у босим остида музей директорини ишдан олиб ташлади. Қаёққа қараяпсиз, парламент?" дея Отунбоевадан иқтибос келтирмоқда 24.kg сайти.

Феминале 15 декабрга қадар ўз ишини давом эттиради.

Қирғиз қиз сийнабандда қўшиқ айтди. Энди у ўлим таҳдидлари олмоқда

Ўзбеклар ва дунё: Ўшда тўй анчага тушади, чекловлар ҳам бор, аммо...

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ