Қуръонлар ёқилмоқда, масжидлар ёпилмоқда - мусулмон дунёси нега жим?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитой Германия терма жамоаси ва Лондоннинг "Арсенал" клуби ярим ҳимоячиси Месут Ўзилни "ноҳақлигини ўз кўзи билан кўриши учун" Шинжонга таклиф қилган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, "Ўзил фэйк янгиликларга алданган".

Расмий Пекин машҳур футболчининг Хитойдаги мусулмон уйғурларнинг аянчли аҳволи ҳақидаги баёнотига шу йўсин муносабат билдирган.

Аввалроқ Хитой телеканали Англия Премьер Лигасининг "Арсенал" ва "Манчестер-Сити" жамоалари ўртасидаги ўйин трансляциясини бекор қилган эди.

Можаро "Арсенал" ярим ҳимоячиси ва келиб чиқиши турк бўлган германиялик футбол юлдузи Шинжондаги уйғурларни ҳимоя қилиб чиқиши ортидан юз берган.

Месут Ўзил мусулмон давлатларни Хитойда уйғурларга бўлаётган зулмга кўз юмишда айблади

Хитой ва уйғурлар: Миллионга яқин мусулмон озод этилдими?

Дунё: 22 давлат уйғурлар ҳимоясига чиқди, орасида биронта ҳам мусулмон давлати йўқ

"Қуръонлар ёқилмоқда... Масжидлар ёпилмоқда.. Мадрасалар тақиқланмоқда. Дин уламолари бирин кетин ўлдирилмоқда. Эркаклар мажбуран жамлоқларга ташланмоқда. Уларнинг ўрнига оилаларга хитойлик эркаклар жойлаштирилмоқда. Қизлар зўрлаб хитойликларга эрга берилмоқда. Буларнинг ҳаммасига қарамасдан, Муҳаммад уммати жим. Овози чиқмаяпти. Мусулмонларга эга чиқмаяпти. Зулмга рози бўлиш зулм эканлигини билмайдиларми?" деб ёзган Месут Ўзил ўзининг Твиттер саҳифасида.

Хитой уйғурлар Шарқий Туркистон деб атайдиган Шинжон минтақасида 1 миллион уйғур ва бошқа мусулмон озчлик вакилларини қамоқ-лагерларга жойлаштирган.

Матбуотга сизган маълумотлар Хитой ҳукумати қаттиқ қўриқланадиган қамоқхона-лагерларда юз минглаб мусулмонларнинг миясини мунтазам равишда қандай юваётганини ошкор қилган.

Би-би-си танишиб чиққан ҳужжатлардан англашилишича, маҳбуслар қамаб қўйилади, уларнинг онгига бошқа таълимотлар сингдирилади ва жазоланади.

Би-би-си шунингдек, Хитой мусулмон болаларни ўз оиласи, эътиқоди ва тилидан атайин маҳрум қилаётганини аниқлаган.

Хитойнинг коммунист ҳукумати буларнинг ҳаммасини рад этиб келади ва уйғурларни қайта тарбиялаш ва маданий оқартув йўли билан экстремизмдан ҳимоя қилаётганини даъво қилиб келади.

Шу йил августида БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидаги 20 дан ортиқ давлат Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласи танқид қилинган мурожаатномани имзолаганди.

Уларнинг орасида биронта ҳам мусулмон давлати йўқ.

АҚШ Марказий Осиё давлатларини уйғурлар масаласида Хитойнинг босимларидан қўрқмасликка чақирган.

Хўш, Ўзбекистон дохил мусулмон дунёси Хитойнинг уйғурларга ўтказаётган зулми қаршисида нега сукут сақламоқда?

Би-би-си Ўзбек хизмати ушбу саволни шу йил августида Тошкентдаги халқаро анжуманга ташриф буюрган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти вакили профессор Холит Эренга берган.

Ўзбекистон 1996 йилдан буён ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ