Сармоядордан қора рўйхатга киритилган Хитой ширкатига инвестицияси ҳақида ҳисоб сўралди

Hikvision cameras Фото муаллифлик ҳуқуқи STR
Image caption Hikvision Хитойнинг кузатув камералари ва уларга зарур асбоб-ускуналарига ихтисослашган ширкат

Хитойдаги мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишга кўмаклашаётганликда айбланаётган Hikvision кузатув камералари ҳақида Fidelity International ширкати раҳбаридан сўралди.

Чунки Fidelity International Хитойнинг кузатув камералари ва уларга зарур асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Hikvision ширкати акцияларининг йирик пакети соҳиби ҳисобланади.

Fidelityда Хитой компаниясининг ўнлаб миллионлаб долларлик акцияси бор деб кўрилади.

Hikvisionнинг технологиялари эса Хитойнинг Шинжон Уйғуристонида мусулмон Уйғурларни кузатишда фойдаланилаётгани даъво қилинади.

2019 йил октябрида Америка Қўшма Штатлари аксари мусулмон озчилик вакиллари бўлган инсонларни "репрессия [ва] ўз ихтиёрига қарши оммавий ушлаб туриш кампанияси"ни эҳтимолий қўллаб-қувватлови учун бошқа фирмалар билан бирга Hikvision компаниясини ҳам қора рўйхатга киритган эди.

Hikvision Шинжондаги бир миллион атрофидаги мусулмон ушлаб турилган "қайта ўқитиш лагерлари"ни кузатув камералари билан таъминлаганини айтади.

Хитой ҳукумати мусулмонлар ушлаб турилган лагерларни ихтиёрий ва экстремизм олдини олиш мақсадида ташкил этилган деб келади.

Аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари лагерлардаги тутқунларнинг онгини ўзгартириш учун ушлаб турилганини, улар жазолангани, баъзи ҳолларда зўравонликлар қўлланганини хабар қилганлар.

Инсон ҳақлари гуруҳларининг бу хабарларини Хитой ҳукумати рад этиб келади.

Fidelity International Европа, Канада, Яқин Шарқ, Африка ва Осиёда яшайдиган инвесторларнинг сармояларини турли соҳаларга ётқизади ва мижозларига даромад келтириш билан шуғулланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty
Image caption Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, бир миллионча Уйғур ва бошқа мусулмонлар Шинжондаги лагерларда ушлаб турилган

Fidelity International раҳбари Энн Ричардс Би-би-сининг "Бугун" дастурига берган интервьюсида ўзлари Hikvision ширкатини ахлоқий мезонлар асосида ишлашга даъват этганларини айтган.

Энн Ричардс хоним айтишича, "технология бизни шундай жойларга элтадики, у жойларда технологиянинг ўзи яхши ёки ёмон бўлмайди, балки технологиядан фойдаланиш яхши ё ёмон бўлиши мумкин".

"Шунинг учун ҳам биз боғлиқ бўлган компанияларни уларнинг технологиясидан фойдаланиш қонуний ва ахлоқий бўлишини таъминлашга ишонч ҳосил қилишга ҳаракат қилаяпмиз", деган Ричардс хоним.

Hikvision жаҳондаги энг йирик видео кузатув жиҳозлари ишлаб чиқарадиган фирма ва қисман соҳиби Хитой ҳукумати ҳисобланади.

Британияда сиёсатчилар, Hikvision ширкатининг камералари Хитой фойдасига жосуслик қилишда фойдаланилиши мумкин, деган хавотирларни билдиришган, буни ширкат рад этиб чиққан.

Hikvision компаниясига сармоя ётқизган Aberdeen Standard Investments ва Schroders ширкатларининг уйғур мусулмонлари репрессиясига алоқадорлиги масаласи ҳам матбуотда кўтарилган.

Шу йил июль ойида Aberdeen Standard Investments ширкатининг Times газетасига айтишича, Уйғурлар масаласи Hikvision билан муҳокама қилинган ва муҳокамалардан ўзларининг кўнгли тўлган.

Hikvision ширкати Уйғур жамлоқлари борасидаги хавотирларни "жуда жиддий қабул қилиши" ҳақида баёнот чиқарган, ўзларининг сиёсатини қайта кўриб чиқаётганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ