Қозоғистон мотамда: Самолёт ҳалокатида 12 қурбон, аммо ўнлаб одам омон қолди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Самолёт бортида болалар дохил 100 киши бўлган.

Қозоғистонда йўловчи самолёт ҳалокатга учраб, камида 12 инсон нобуд бўлган. Аммо ўнлаб одамлар тирик қолгани айтилмоқда.

Олма-Отадан Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга йўл олган Bek Air учоғи ҳавога тўлиқ кўтарила олмай, бетон деворни бузиб ўтган ва икки қаватли бинога бориб урилган.

Fokker-100 самолёти бортида йўловчилар ва экипаж аъзолари дохил 100 киши бўлган.

Тирик қолганлар тонг қоронғусида учоқ бўлаклари ичидан қор оралаб, ташқарига чиқишганини тасвирлашади.

Ҳозир 60 нафарга яқин одам касалхонага олиб кетилган.

Алоқадор мавзулар:

Ҳалокат сабаблари аниқ эмас.

Парвоз пайти атрофни қуюқ туман қоплагани айтилади.

Қурбонлар сони ҳақида ҳамон зиддиятли хабарлар келмоқда.

Ички ишлар вазирлигига кўра, 15 киши ҳалок бўлган.

Аммо кейинги рўйхат 12 киши ўлганини таъкидлайди.

Улар орасида кема сардори ҳам бор.

Ўзбекистон ТИВ илк маълумотларга кўра, қулаган самолётда ўзбекистонликлар йўқлигини билдирди.

Ҳалокат ҳақида нима маълум?

Самолётда 95 йўловчи бўлиб, улардан 8 нафари ёш болалар бўлган. Шунингдек, 5 нафар экипаж аъзолари ҳам бор.

Самолёт тонг саҳар 07.21да ҳавога кўтарилган. Худди шу дақиқада ундан охирги сигнал олинган.

Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас соат 07.22да ҳавога кўтарила олмаган ва бетон деворга урилиб, кейин икки қаватли иншоот устига қулаган.

Тирик қолган йўловчи Марал Эрманга кўра, кўтарилгунча самолёт жуда кўп силкинган.

"Кейин ерга қўнгандек бўлди, аммо аслида нимагадир урилган эканмиз" - йўловчидан иқтибос келтиради Tengri News хабар агентлиги.

"Самолётда ундай ваҳима бўлмади" - давом этади Марал Эрман - "Ҳеч ким бақирмади. Экипаж аъзолари йўловчилар ташқарига чиқиши учун эшикларни очишди".

У ташқарига чиққач, самолёт иккига ажралиб ётганини кўрган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Самолёт икки қаватли бинога бориб урилган.
Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қозоғистон президенти ҳалокат учун жавобгар бўлганлар қаттиқ жазоланишини айтди.

Расмларда учувчилар кабинаси бинога тиқилиб қолганини кўриш мумкин.

Bek Air ширкати барча парвозларини бекор қилган.

Олма-Ота аэропорти ишини одатдагидек давом эттирмоқда.

Ҳалокат сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия тузилди.

Президент Тоқаев жума куни мамлакат бўйлаб мотам эълон қилди.

Қурбонларнинг яқинларига таъзия билдирган президент, ҳалокат учун масъуллар қаттиқ жазоланишини айтди.

Bek Air қанақа ширкат?

Bek Air ҳаво ширкати 1999 йили ташкил этилган.

Ҳозир ўзини Қозоғистондаги илк лоу-коуст ҳаво ширкати санайди.

Тасарруфида еттита Fokker-100 самолёти бор.

Fokker-100 хавфсизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Bek Air самолётига чиқаётган йўловчилар. Остона, 2018 йил.
  • Ўртача сиғимли қўш-турбинали самолёт қисқа масофаларга учади.
  • Бу русумдаги илк самолёт 1986 йил биринчи марта ҳавога кўтарилган.
  • Жами 283та самолёт ишлаб чиқилган.
  • 1997 йили Fokker голланд ширкати банкрот бўлган ва бу самолётни ишлаб чиқариш тўхтатилган.
  • Fokker самолётларини таъмирлаш бошқа ҳаво ширкатларига ўтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002